Жаҳон | 14:44 / 17.11.2025
1934
3 дақиқада ўқилади

Россия ҳудудларида симли интернетда йирик носозлик кузатилмоқда

Мутасаддилар интернетдаги йирик носозликка "мағистрал каналнинг шикастланиши" деган расмий изоҳдан шубҳаланишмоқда. Узилиш характери бу оддийгина кабел узилиши эмаслигини кўрсатмоқда, деб ёзади Digital Report.

Фото: The Moscow Times

Россиянинг қатор ҳудудларида иккинчи кундирки, "Ростелеком" компанияси томонидан кўрсатиладиган симли интернет хизматида жиддий муаммолар кузатилмоқда. Downdetector сервиси маълумотларга кўра, 15 ноябр куни энг кўп шикоятлар Владимир, Иваново, Кострома ва Ярославл вилоятлари аҳолисидан келиб тушган. Интернет йўқлиги ҳақида Мурманск вилояти, Ямало-Ненец автоном округи ва Краснодар ўлкасидан ҳам хабар берилган.

16 ноябр куни тун ва тонг пайтида "Ростелеком" интернетига оид муаммолар ҳақида Марий Эл, Удмуртия, Амур, Белгород, Курск, Нижний Новгород, Псков, Самара ва Челябинск вилоятларидаги фойдаланувчилар ҳам шикоят қилган, деб хабар беради The Moscow Times.

Telegram’даги Sota канали ёзишича, абонентларнинг аксарият қисмида фақат "оқ рўйхат"да бўлган ресурсларгина очилган.

76.ru Ярославл нашри маълумотларига кўра, маҳаллий аҳоли провайдер қурилмаси орқали ишлайдиган телекўрсатувлар сигнали йўқолганидан ҳам норози.

"Ростелеком" эса Марказий федерал округнинг тўрт ҳудудида – Владимир, Иваново, Кострома ва Ярославл вилоятларида интернет алоқасининг йўқолишини "Коммерсант" нашри ва Владимирдаги "Зебра ТВ"га Ярославл вилояти ҳудудида "учинчи шахслар" томонидан мағистрал канал шикастланиши билан изоҳлаган. Компанияга кўра, 16 ноябр тонгига келиб барча ишлар якунланган ва алоқа тикланган.

Мурманскдаги ТВ-21 телекомпанияси сайти ҳам "Ростелеком" вакилларининг "мағистрал линиядаги авария туфайли интернет тармоғига киришнинг бироз секинлашиши" билан боғлиқ муаммолар бартараф этилгани ҳақидаги сўзларини келтирган.

Шу билан бирга, узилиш хусусияти бу фақатгина кабел узилиши эмаслигини кўрсатиб турибди, деб таъкидлайди соҳага ихтисослашган Digital Report нашри:

"Узилишнинг энг асосий ўзига хос жиҳати шунда бўлдики, кўплаб фойдаланувчиларда тармоққа кириш бутунлай йўқолмади, балки кескин чекланди. Жаҳон тармоғига чиқиш имкони қолмади, бироқ Рақамли ривожланиш вазирлиги томонидан тасдиқланган ижтимоий аҳамиятга эга ресурслар рўйхати – 'оқ рўйхат'дан бўлган сайтлар очилишда давом этди".

Нашр фикрича, бундай "танланган ҳолда" кириш тартиби "суверен Рунет" ҳақидаги қонунда назарда тутилган сценарийлардан бири ҳисобланади.

"Ҳозирча узилиш тармоқни 'изоляция қилиш' бўйича омадсиз ўқув машқларининг натижасими, тармоқни филтрлаш ҳақида марказлашган кўрсатмами ёхуд таҳдидларга қарши техник чоралар воситалари ускуналарининг кенг кўламли ишдан чиқиши оқибатими, булар аниқ эмас", — деган хулосага келади Digital Report.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид