Ўзбекистон | 13:17 / 17.11.2025
5570
1 дақиқада ўқилади

“Шовот–Тошҳовуз” қўшма чегараолди савдо зонаси ишга туширилди

Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов олий даражадаги музокаралардан сўнг “Шовот–Тошҳовуз” қўшма чегараолди савдо зонасини очиш маросимида иштирок этди. Янги савдо ҳудуди Хоразм ва Тошҳовуз вилоятлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов “Шовот–Тошҳовуз” қўшма чегараолди савдо зонасини ишга тушириш маросимида иштирок этди.

Мазкур ҳудудда дирекция, божхона, карантин, фитосанитария ва ветеринария хизматларининг маъмурий бинолари, савдо павильони ва омборлар жойлашган.

Зонада “ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатилади. Шунингдек, интерфаол тизимлар, банк, тиббиёт ва меҳмонхона хизматлари учун зарур инфратузилма, катта автотураргоҳ ҳам ташкил этилган.

Янги савдо зонаси умумий аҳолиси 3,5 миллиондан зиёд бўлган иккита муҳим ҳудуд – Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти ва Туркманистоннинг Тошҳовуз вилояти ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид