Жаҳон | 18:12 / 17.11.2025
2553
3 дақиқада ўқилади

Том Круз кинога қўшган ҳиссаси учун фахрий «Оскар» мукофотини олди

63 ёшли актёр узоқ йиллик фаолиятига қарамай, ҳеч қачон асосий «Оскар» мукофотини қўлга киритмаган.

Фото: Reuters

Америкалик актёр Том Круз АҚШ киноакадемиясининг фахрий «Оскар» мукофотига сазовор бўлди. Бу санъаткор фаолиятидаги бундай даражадаги биринчи мукофотдир.

Фахрий «Оскар» (Governors Awards) асосий тақдирлаш маросимидан ташқарида тақдим этилади ва мавжуд номинациялар доирасидан ташқарида бўлган кинематография соҳасидаги ажойиб хизматларни эътироф этади.

Мукофотни қабул қилишда 63 ёшли Круз нутқ сўзлаб, кинога бўлган муносабати ва унинг бирлаштирувчи кучи ҳақида гапирди. Актёр сўзларига кўра, кинематография одамларга турли маданиятларни ўрганиш, хилма-хилликни қадрлаш ва шу билан бирга инсоният тажрибасининг умумийлигини англаш имконини беради.

«Кинога бўлган муҳаббатим жуда эрта бошланган. Мен қоронғи кинозалда бола эдим ва ёруғлик нури хонани кесиб ўтиб, экранда порлаганини эслайман. Тўсатдан дунё анча кенгайди, бутун бошли маданиятлар, ҳаётлар, манзаралар намоён бўлди ва бу менда саргузаштларга, билимга, инсониятни тушунишга чанқоқликни, қаҳрамонлар яратиш ва ҳикоялар айтиш истагини уйғотди. Бу нур менинг кўзим ва тасаввуримни очди, ҳаёт менинг олдинги чегараларимдан анча кенгроқ бўлиши мумкинлигини кўрсатди ва мен шундан бери бу истакка амал қиламан. Мен фильмлар билан шуғулланмайман, мен улар билан яшайман», деди Том Круз тақдимотда.

Шуниси эътиборга лойиқки, Том Круз узоқ йиллик фаолиятига қарамай, ҳеч қачон асосий «Оскар» мукофотини қўлга киритмаган. У тўрт марта ҳайкалчага даъвогарлик қилган: «4 июлда туғилган» ва «Жерри Магуайр» фильмларида энг яхши актёр, «Магнолия» фильмида иккинчи пландаги энг яхши актёр, шунингдек, «Топ Ган: Маверик» фильмида продюсер сифатида энг яхши фильм.

Биз телевизор орқали кўрадиган ҳар йили ўтказиладиган «Оскар» мукофоти кино, актёр, режиссёр ва бошқа мутахассисларнинг маълум бир йилдаги ютуқлари учун тақдирланадиган тадбирдир. Governors Awards эса Академиянинг алоҳида тадбири бўлиб, унда кино саноатига қўшган улкан ҳиссаси, кўпинча бутун карьераси ёки гуманитар фаолияти учун махсус фахрий мукофотлар берилади.

Фахрий «Оскар»нинг ўтмишдаги лауреатлари орасида Чарли Чаплин, Уолт Дисней, Ширли Темпл, Жуди Гарленд ва кинога ҳисса қўшган бошқа кўплаб таниқли шахслар бор.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид