Жаҳон | 15:27 / 18.11.2025
1817
3 дақиқада ўқилади

Германия канцлери Мерц: ЕИ "бюрократик монстр"га айланди

ГФР канцлери Фридрих Мерц Евроиттифоқдаги ҳаддан ташқари тартибга солиш ва қоидабозликни танқид қилди ҳамда чуқур ислоҳотлар талаб этди. Унинг таъкидлашича, Европанинг рақобатбардошлиги бюрократик кишанларни ечиш ва ҳамкорлар билан биргаликда ҳаракат қилишга боғлиқ.

Фото: dts-Agentur/picture alliance

ГФР канцлери Фридрих Мерц Евроиттифоқда чуқур ислоҳотлар зарурлигини айтди ва ЕИ "эркинликларни кенгайтириш ўрнига уларни тобора кўпроқ чеклаётган бюрократик "монстр"га айланди", дея таъкидлади. У бу ҳақда 17 ноябр куни Берлинда бўлиб ўтган SZ-Wirtschaftsgipfel иқтисодий саммитида гапирди.

Мерцнинг сўзларига кўра, "охирги чегарасигача бюрократик бўлиб кетган Европа ички бозорини бу кишанлардан озод этиш керак". У ҳозирги тартибга солиш босими даражаси ривожланишга тўсиқ бўлаётганини ва Евроиттифоқ мамлакатлари иқтисодиётларининг мослашувчанлигини пасайтираётганини айтди.

Мерц, шунингдек, ўз ташаббуси билан 12 феврал куни бўлиб ўтадиган ЕИ рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган махсус саммитни эслатиб ўтди. У Евроиттифоқни "ўзига хос муваффақият тарихи" деб атади, бироқ бу тарих ҳозир "ҳаддан ташқари бюрократизация" таҳдиди остида қолганини қўшиб қўйди. Шу боис, дея таъкидлади Мерц, ЕИ келажаги учун европалик ҳамкорлар билан курашиш унинг учун марказий вазифа ҳисобланади.

Канцлернинг айтишича, Германия иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш учун модернизация миллий даражада ҳам зарур. У бу борада компаниялар учун солиқларни камайтириш каби аллақачон кўрилган чораларни тилга олди, шунингдек, ижтимоий таъминот тизимига оид ислоҳотлар зарурлигини қайд этди.

"Мен Германия саноат давлати бўлиб қолишини истайман", – деди Мерц. Унинг сўзларига кўра, хизматлар соҳаси муҳим рол ўйнайди, айниқса сунъий интеллектнинг аҳамияти ортиб бораётган шароитда, аммо фақат хизматлар соҳаси билангина фаровонликни сақлаб қолиб бўлмайди. "Биз саноат давлати бўлиб қолишни истаймиз", – деди у.

Мерцнинг таъкидлашича, ушбу мақсадларга эришиш учун Германия иқтисодиётининг "нарх жиҳатидан рақобатбардошлигини тиклаш" зарур. У коалиция ичида кутилган ислоҳотлар кўлами тўлиқ англаб етилганини таъкидлади. "Биз зарур ўзгариш ва янгиланишлар улкан ҳажми билан юзма-юз турибмиз", – деди у.

Канцлер, шунингдек, экологик жиҳатдан барқарор иқтисодиётга ўтиш аҳамиятини таъкидлади. У сўнгги йилларда Германия модернизация масалаларида "жуда сустқадам, жуда секин ва жуда бюрократик" бўлиб қолганини қайд этди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид