Иқтисодиёт | 12:03 / 18.11.2025
2265
2 дақиқада ўқилади

Россия нефти нархи сўнгги 2,5 йилдаги энг паст даражага тушди

АҚШнинг "Роснефть" ва "Лукойл"га қарши санкциялари кучга кириши арафасида тобора кўпроқ чет эл нефтни қайта ишлаш заводлари улар билан савдо қилишдан бош тортмоқда. Натижада Россия нефти нархи кескин пасайди.

Фото: Егор Алеев / ТАСС

АҚШ Россиянинг "Роснефть" ва "Лукойл" нефт компанияларига санкциялар жорий этгандан сўнг, Россия нефтига бўлган талаб ва нархлар сезиларли даражада пасайишга юз тута бошлади, деб ёзади Bloomberg агентлиги 17 ноябр куни. Жумладан, ўтган ҳафта, 13 ноябрда, Новороссийскда Urals маркали нефт нархи баррел учун 36,61 долларга тушиб, 2023 йил мартидан бери энг паст кўрсаткични қайд этди.

Мустақил баҳолаш агентлиги Argus Media маълумотларига кўра, худди шу тенденция Болтиқ денгизи портларида ҳам кузатилган, дея қўшимча қилади Bloomberg. Кейинчалик нархлар пасайишнинг бир қисмини қисман қоплади.

Америка санкциялари кучга киришига (21 ноябр) бир неча кун қолди, шу сана арафасида Хитой, Ҳиндистон ва Туркиядаги кўплаб нефтни қайта ишлаш заводлари харидларни тўхтатиб, муқобил манбаларни изламоқда. Бу эса Urals нефти сезиларли чегирмалар билан сотилишига олиб келди.

Argus Media маълумотларига кўра, ўтган ҳафта охирида Қора денгиз ва Болтиқ денгизи орқали амалга ошириладиган Россия етказиб беришлари бўйича Urals нархининг Brent нефтига нисбатан чегирмаси бир баррел учун 23,52 долларгача кенгайди, бу 2023 йил июнидан бери энг юқори даража ҳисобланади.

Бу ҳолат харидорларнинг иккинчи даражали санкциялар қўлланишидан қўрқиб, хатарга боришни истамаслигидан далолат беради, деб ёзади Bloomberg.

Қўшма Штатлар ва Буюк Британия октябр ойида Россиянинг "Лукойл" ва "Роснефть" нефт қазиб олувчи компаниялари, шунингдек, уларнинг 34 та шуъба тузилмасига нисбатан, Россиянинг Украинага қарши давом этаётган уруши фонида санкциялар жорий этишини эълон қилган эди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид