Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германия биринчи космик хавфсизлик стратегиясини тақдим этди
Германия мудофаа ва ташқи ишлар вазирлари мамлакатнинг илк космик хавфсизлик стратегиясини тақдим этди. У, аввало, сунъий йўлдошлар ва улар билан боғлиқ инфратузилмани ҳимоя қилиш масалаларини қамраб олади.
Борис Писториус Фото: Bundeswehr/Christoph Kassette
Германия мудофаа вазири Борис Писториус ва ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул чоршанба, 19 ноябр куни мамлакатнинг илк ҳукумат космик хавфсизлик стратегиясини тақдим этди. Бу ҳақда ГФР мудофаа вазирлиги сайтида хабар берилди.
Ҳужжатни ишлаб чиқишда бошқа тузилмалар ҳам иштирок этган — масалан, Фан-тадқиқотлар, технология ва космос вазирлиги. Писториуснинг сўзларига кўра, стратегия «биз ўзимизни космосда қандай яхшироқ ҳимоя қила олишимиз ва қандай қилиб янада барқарор бўлишимиз мумкинлиги» учун доира белгилайди. У, аввало, сунъий йўлдошлар ва улар билан боғлиқ инфратузилмани ҳимоя қилиш, шунингдек космосда ҳарбий операцияларни амалга ошириш имкониятлари билан боғлиқ масалаларни ўз ичига олади.
Бундан ташқари, «тезкор равишда» амалга ошириш режалаштирилаётган ушбу стратегия умуман «миллий космик хавфсизлик архитектурасини шакллантиришга» кўмаклашиши керак. Германия бу йўналишда Европа ва НАТОдаги ҳамкорлари билан ҳамкорлик қилиш ниятида.
ГФР ташқи ишлар вазири Вадефулнинг таъкидлашича, Украинадаги уруш космос «тинч тадқиқотлар соҳаси»дан «ҳарбий тўқнашувлар ва иқтисодий рақобат майдони»га айланганининг ёрқин мисолидир. «Алоқадан тортиб қанотли ракеталар ва дронларни бошқаришгача, стратегик муҳим хомашёни қазиб олишгача — космосда устунлик учун кураш авж палласига кирди», — деди вазир. Унга кўра, Германия манфаатларини космосда ҳимоя қилиш учун «биз хавфсизлик архитектурасини янада кенгайтиришимиз» лозим.
Писториус ҳам бу позиция билан ўхшаш фикр билдирди. «(Космик) тизимлар ишидаги узилишлар хавфсизлигимиз ва кундалик ҳаётимиз учун жиддий оқибатларга олиб келади. Масалан, Россия Болтиқ денгизи ҳудудида GPS-сигналларини доимий равишда бузиб туришини биз аллақачон кузатяпмиз», — деди мудофаа вазири.
Писториус маълум қилишича, вазирлик 2035 йилгача космос секторига тахминан 35 миллиард евро сармоя киритиш ниятида. У аниқ харажат бандлари «омма олдида муҳокама қилинмаслиги керак», дея таъкидлаб, мисол сифатида паст орбитада жойлашадиган кичик сунъий йўлдошлар тармоғини ишга тушириш лойиҳасини тилга олди.
WDR ва NDR телекомпаниялари ҳамда Süddeutsche Zeitung газетаси Россия сунъий йўлдошлари космосда Бундесвер йўлдошларига яқинлашгани ҳақидаги қўшма суриштирув натижаларини эълон қилди.
Писториус бу ҳақда 25 сентябр куни гапирган эди. Унда Россия ва Хитой космосда уруш олиб бориш имкониятларини кенгайтираётгани, бу эса Германия ва умуман Европа учун фундаментал таҳдид эканини таъкидлаган. Вазирнинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси сунъий йўлдошлари, жумладан Бундесвер ҳам фойдаланадиган IntelSat йўлдошларини кузатиб боради. Хитой космик аппаратлари эса шундай «мураккаб манёврлар»ни амалга оширмоқдаки, агар гап самолётлар ҳақида кетганида, бу ҳаракатлар «ҳарбий машқлар» деб аталган бўлар эди, дея қайд этган Писториус.
Мавзуга оид
11:47
Сўров: немислар ҳукумат ва пенсия тизимидан норози
08:40
Мерц АҚШга Россиянинг музлатилган активларини беришга қарши чиқди
16:30 / 04.12.2025
Берлин Украинага қурол-яроғ ёрдамини 200 млн долларга оширади
16:43 / 03.12.2025