Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Кўмирнинг ўзи билан баҳорга чиқиб бўлмайди” — Қуваликлар қишга тайёрланмоқда
Газлашмаган ҳудудларда совуқ кунларга тайёргарлик авжида. Ўтинфурушлар қуриб қолган ёки “қариган” боғларни ёз фаслидаёқ сотиб олиб, дарахтидан ўтин ҳозирлаб қўйган. Аҳоли эса ўтин ва кўмир ғамлаш тараддудида. Kun.uz мухбири Қува туманида бўлиб, ўтин ва кўмир бозоридан репортаж тайёрлади.
Бозорда ўтин нархи дарахт турига қараб хар хил: ўрик қимматроқ, калифорния тераги қолдиқ ўтини эса энг арзони.
Қува туманида бир Labo машинасидаги ўтин ҳолатига, турига қараб 700 минг сўмгача сотилаётган экан. 1 кг кўмир эса 2 минг сўмгача сотилмоқда.
Сотувчиларни суҳбатга тортдик. Уларнинг айтишича, савдо ойнинг биринчи 10 кунлигида яхшироқ бўлади – аҳоли ойлиги ва пенсиясига ўтин олади.


Ёзда ЗИЛ миниб, қишда ўтин сотаман...
“Кунлар совиб кетганда уйни кўмирнинг ўзи исита олмайди. Ўша пайтда печкага ўтин солиб қўйсангиз, кўмирга аралашиб уйни тез иситади. Ана шунинг учун ҳам одамлар ўтин сотиб олишади. Ёши улуғ одамлар бор, кўпчиликнинг аллергияси бор кўмирга. Касали бор одамлар ўтин ёқади. Ўтин уйни тез иситади. Мисол учун, уч бўлак ўтин солиб қўйсангиз, уч-тўрт соат иситиб туради битта уйни.

Ўрик ўтинлар печкада кўпроқ туради. Масалан, ўзим уйда ўтин ёқаман. Кечқурун соат ўнларда 4 бўлак ўрик ўтин солиб қўяман. Эрталаб соат олтигача чўғи туради. Бизда ўтин сероб бўлгани учун, кўмир ёқмаймиз. Ўтин баракали, ёниши яхши, уйни тез иситади.
Қуриб қолган, қариб кетган, мева бермай қўйган боғлар бор. Шуларни деҳқонлардан сотиб оламиз. Дарахтини кесиб келиб, қишга тайёрлаб қўямиз. Гилос дарахти ҳам 20-30 йилда қуришни бошлайди. Бошлангандан кейин деҳқонлар кесишга тушади. Деҳқоннинг ўзининг вақти йўқ уни бориб кесгани. Биз ўтинчилар иккита-учта аррачи олиб бориб кестириб, тайёрлаб, уйга олиб келиб, ёриб, тайёр маҳсулот қилиб бозорга олиб чиқамиз. Сотиб олган одам қийналмайди.

Қишда кўпчилик бекорчи бўлади. Катта ЗИЛ машинам бор, ёзда ЗИЛ минаман. Ноябр ойидан ишлар тўхтайди. Шу маҳалда катта машинада ўтинни олиб келиб боғдан, қишда майдалаб сотамиз. Ҳарна тирикчилик-да. Кейин яна март ойида ўзимизнинг ишимизни бошлаймиз. Ўтин бозори октябрдан то март ойларигача бўлади”, дейди ўтин сотувчиси.
40 миллион сўмга “қариган” боғ сотиб олдим
“Бир ой аввал 40 миллион сўмга бир гектар “қариган” ўрик боғ сотиб олдим. Шундан энди фойда кўрамиз деб, ҳаракат қилиб ётибман. Боғга одам олиб бориб ишлатиб, дарахтларни кестириб, уйга олиб келиб қўйдим. Ўтин бозорида уларни сотишни бошладик. Сотиб олган боғимдан 10 миллион сўм фойда кўришни режа қилиб турибман. Ҳозирда бир “муравей” ўтинни 1 миллион сўмдан сотяпман. Ризққа яраша савдо бўлиб турибди. Ўтинлар бир-икки рейс сотиляпти. Сарф қилган пулимни чиқариш учун ҳаракат қиляпман”, дейди Ботиржон Усмонов.
Ўтин сотиб бойиб кетган одам йўқ...
“Labo'даги ўрик ўтинларимиз 650-700 минг сўмдан сотиляпти. Гилос ўтин эса 500-550 минг сўмдан. Терак ўтинларимиз бор, улар 300-320 сотиляпти. Терак дарахтининг ўтинини печкани ёқиб олиш учун сотиб олишади.
Ўрик ўтинларни кўпроқ Қувасой томонлардан олиб келамиз. Одамлар уйни иситиш учун асосан кўмир сотиб олади. Қария, ёш боласи бор хонадонлар ўзимизнинг табиий ўтинлардан олишади. Шу қиш ойларида қарияси, ёш боласи борлар 6 Labo ўтин сотиб олишади. Одамлар пенсия ёки ойлик олганда бозоримиз юриб қолади.
Ўтин сотиб бойиб кетиш қийин, лекин тирикчиликка чиқиб туради-да. Ўтин сотиб, ҳафтада 2 кг ё 1,5 кг гўшт сотиб оламан. Бозорлик қиламан, гуруч оламан. Ишқилиб, рўзғорга етиб туради”, дейди яна бир ўтин сотувчиси.


Кўмир бозорида ҳам иш қизғин. Биз борган жойда асосан қозоқ ва қирғиз кўмири сотилар экан.
5 кг кўмир сотиб оладиганлар ҳам бор...
“Асосан Қозоғистон ва Қирғизистон кўмирини сотамиз. Бу кўмирга йилдан йилга эҳтиёж ортяпти. Чунки чўғи яхши. Қозоғистон билан Қирғизистоннинг кўмири Ангренникига нисбатан “калорияси” баландроқ экан.
1 700 сўмдан бошлаб 2 000 сўмгача уч-тўрт хил кўмирлар сотяпмиз. Кўмир нархи 5-6 ой ичида ошиб кетди. Ёзда 1500 сўмдан 1700 сўм орасида эди нархлари.
Одамлар ўз эҳтиёжига қараб кўмир сотиб оляпти. Печкаси бор одам чўғи узоқ турадиган кўмир бўлиши керак дейди. Котёли бор одам иссиқни яхши берадиган кўмир бўлиши керак, алангаси кучли кўмир бўлиши керак дейди. Котёли бор одам котёлга қараб, печкаси бор одам печкасига қараб кўмир сотиб олади.
Ойнинг бошида савдо яхши бўлади. Ойликка, пенсияга қараганлар кўп. Ундан кейин савдо сустлашади. Кунлик даромад қиладиган одамлар бор. Улар ўзига яраша кўмир сотиб олади. Кимдир 10 кг олади. 5 кг кўмир сотиб оладиганлар ҳам бор”, дейди кўмир сотувчиси.
Сарвар Зиёев,
Сардор Мамиров,
Kun.uz
Мавзуга оид
08:22
Фарғона ва Наманганда ер учун пора олган ҳоким ёрдамчилари ушланди
19:51 / 04.12.2025
Энергетика вазирлиги яратгани иддао қилинган мобил илова хусусий тадбиркорга тегишли бўлиб чиқди
14:10 / 02.12.2025
“Сув сепиш билан иш битмайди” – Фарғона ҳавоси ҳамон ўта зарарли бўлиб қолмоқда
19:19 / 01.12.2025