Ўзбекистон | 21:10 / 20.11.2025
2151
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга Полша бизнес доираларидан иборат делегация ташриф буюради

Полша бизнес доираларидан иборат делегация ноябр ойи сўнгги ҳафтасида ўтказиладиган Биринчи Ўзбекистон–Полша ишчи гуруҳи йиғилишида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюради.

Фото: dunyo.info

Ташриф давомида Полша қишлоқ хўжалиги ва қишлоқларни ривожлантириш вазири Стефан Краевский бошчилигидаги бизнес делегацияси билан G2B ва B2B форматдаги учрашувлар ташкил этилади.

Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчихонаси ишлаб чиққан дастурга кўра, Стефан Краевский ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдурахмонов ўртасида учрашув ташкил этилиши режалаштирилган. Унда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва бу борада икки томонлама ҳамкорлик алоқалари муҳокама этилади.

Делегация аъзолари 26–28 ноябр кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган "Agro Expo Uzbekistan" халқаро кўргазмасида Полша миллий павилони очилишида ҳам иштирок этади. Ушбу халқаро кўргазмада Полшанинг 19 та етакчи компанияси қатнашиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Полша вакиллари деҳқончилик, чорвачилик, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш, қанд лавлаги ва шакар ишлаб чиқариш йўналишлари бўйича ҳам Ўзбекистондаги етакчи корхона мутахассислари билан учрашувлар ўтказади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид