Спорт | 22:08 / 20.11.2025
16398
8 дақиқада ўқилади

Сўнгги йўлланмалар учун кураш: Италия ва Туркия рақибларини билиб олди

ЖЧ-2026 саралаши доирасида Европа ўтиш ўйинлари ҳамда қитъалараро плей-офф босқичига қуръа ташланди.

Фото: Reuters

ЖЧ-2026 саралаши доирасида Европадаги ўтиш баҳслари учун қуръа ташланди. Қуръа яримфинал жуфтликлари ва финаллардаги эҳтимолий рақибларни аниқлаб берди. Ўйинлар 2026 йил мартида бўлиб ўтади.

Ўтиш ўйинларига қайси жамоалар чиққан?

Европадаги 16 жамоа жаҳон чемпионати йўлланмаси учун курашни давом эттиради: булар гуруҳларда иккинчи ўринни эгаллаган 12 жамоа ҳамда УЕФА Миллатлар лигаси гуруҳларида ғолиб бўлган тўрт жамоа.

Жамоалар плей-оффдаги тўрт сеткага тақсимланди, ҳар бирида – тўрттадан жамоа. Жуфтликлар 20 ноябр куни ўтказилган қуръа орқали маълум бўлди. Қуръани Италия миллий жамоаси собиқ ҳимоячиси Марко Матерацци ва швециялик собиқ ҳужумчи Мартин Далин томонидан ўтказилди.

Яримфинал баҳслари 2026 йил 26 мартида, финаллар – 31 март куни бўлиб ўтади.

Биринчи сетка

Италия – Шимолий Ирландия

Шимолий Ирландия A гуруҳида учинчи ўринни эгаллади, аммо Миллатлар лигаси орқали ўтиш ўйинларида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди ва энди бу сафарги саралашда ҳам беқарор ўйин кўрсатган Италияга қарши ўйнайди.

Саралашнинг гуруҳ босқичида «Скуадра адзурра» Норвегия билан икки ўйинни ҳам бой берди (0:3, 1:4). Саралаш циклини футболчилар Лучано Спаллетти бошқарувида Ослодаги йирик мағлубият билан бошлаганди, муваффақиятсизлик Миланда – Женнаро Гаттузо бошчилигида давом этди.

Охирги тур ўйинидан кейин мураббий шундай сўзлар айтди: «Биз узр сўраймиз. «Сан Сиро»да 1:4 ҳисобида ютқазиш – ёқимсиз ҳолат. Бу ўйинда ҳали ҳам камчиликлар борлиги кўринди: футболчилар гол ўтказиб юборишимиз билан ваҳимага тушиб қолишди».

Уэлс – Босния (жуфтлик ғолиби ўйинини уйда ўтказади)

ФИФА рейтингида 32-ўринда жойлашган Уэлс саралаш босқичини яхши ўтказиб, 16 очко жамғарди, аммо Белгиядан (18) ортда қолди. 2025 йил ёрқин ғалаба билан якунланди – охирги турда иккинчи ўрин учун рақобатчи бўлган Шимолий Македония 7:1 ҳисобида тор-мор этилди.

Аммо боснияликлар ҳам муносиб иштирок этишди: Руминия гуруҳда қолдириб кетилди, сўнгги турда гуруҳ пешқадами Австрия билан дуранг ҳисоб қайд этилди (1:1).

Австрияликлар устози Ралф Рангник ўйиндан кейин шундай деганди: «Ўйин оғир бўлди. Жуда оғир. Агар боснияликлар шундай ўйнашда давом этишса, улар ҳам жаҳон чемпионатига чиқади».

Биринчи ўйинларда ғалаба қозонган жамоалар финалда ўзаро беллашади (масалан, Италия ва Уэлс).

Иккинчи сетка

Украина – Швеция (жуфтлик ғолиби ўйинини уйда ўтказади)

Украина Франция, Исландия ва Озарбойжондан иборат D гуруҳида иккинчи бўлди. Сариқ-кўклар асосий рақобатчиси Исландияга қарши ўйинда ҳам ғолиб бўлди : биринчи ўйинда 5:3, иккинчисида – 2:0 ҳисоби қайд этилди ва ушбу рақиб курашдан чиқарилди.

Швеция эса, аксинча, саралашни ўта муваффақиятсиз ўтказди. Таркибда Александр Исак ва Виктор Йокереш каби ҳужумчилар борлигига қарамай, жамоа олти ўйинда атиги икки очко жамғарди ва фақат Миллатлар лигасидаги рейтинги эвазига иккинчи имкониятга эга бўлди.

Полша – Албания

Полша доғули нидерландларга рақобат таклиф қилди ва ҳатто ўзаро ўйинлардан бирида ғалабага яқин эди, аммо сўнгги дақиқаларда Мемфис Депай ҳисобни тенглаштирди. Ян Урбан шогирдлари 17 очко жамғаришди ва G гуруҳида иккинчи ўринни эгаллашди.

Албания иштирок этган K гуруҳида бошқа жамоалар Англияга қарши ҳеч қандай чора топа олмади, инглизлар саккиз ўйинда ҳам бирорта гол ўтказмасдан ғалабага эришиб, ноёб натижа қайд этишди. Гуруҳда асосий кураш иккинчи ўрин учун кечди ва Албания Сербияни бир очкога ортда қолдиришга муваффақ бўлди. «Бургутлар»нинг сербларни сафарда мағлуб этиши (1:0) барчасини ҳал қилди.

Учинчи сетка

Словакия – Косово (жуфтлик ғолиби финал ўйинини уйда ўтказади)

Словакия ҳал қилувчи ўйинда Германияга йирик ҳисобда (0:6) ютқазиб, A гуруҳида иккинчи бўлди (12 очко).

Словакияликлар устози Франческо Калцона шундай деди: «Немисларнинг ҳозирги формасидан келиб чиқса, дунёнинг исталган жамоаси уларга қарши ўйнашга қийналади. Мен саралаш босқичидаги ўйинлар учун йигитлардан миннатдорман – биз вазифани уддаладик».

Косоволиклар саралаш циклини барқарорлик билан ўтказишди: фақат бир марта, гуруҳ фаворити Швейцарияга қарши сафарда кечган биринчи тур ўйинида ютқазишди (0:4), охирги турда эса гуруҳ пешқадамлигини ҳал қилиб улгурган ушбу жамоа билан 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекилди. Косово Швецияга қарши икки ўйинда ишончли ғалабага эришди ҳамда Словения билан ўйинларда тўрт очко қўлга киритди.

Туркия – Руминия

Руминия миллий жамоаси H гуруҳида учинчи ўринни эгаллади ва Миллатлар лигаси орқали ўтиш ўйинларида қатнашиш имкониятига эга бўлди. Туркия – жиддий рақиб. Винченцо Монтелла жамоаси Е гуруҳида 13 очко жамғарди ва сафарда испанларга қарши кечган сўнгги тур ўйинида дурангга эришди – 2:2. Натижада турклар саралашда тўрт ғалаба, фақат биттадан дуранг ва мағлубият қайд этди (иккиси ҳам гуруҳ фаворитларига қарши ўйинларда).

Тўртинчи сетка

Дания – Шимолий Македония

C гуруҳида анча вақт пешқадамлик қилган Дания сўнгги тур олдидан гуруҳдан чиқиш имкониятини йўқотиб бўлган Беларус билан ўйинда очко йўқотиб (2:2), ўзига ўзи муаммо яратди. Ҳолбуки ўша турда жамоанинг тўғридан тўғри рақобатчиси шотландлар ҳам Грецияга сафарда ютқазганди.

Натижада сўнгги турда драма юзага келди: Шотландия – Дания ўйинида меҳмонларни дуранг ҳисоб ҳам қониқтирарди, мезбонларга эса фақат ғалаба керак эди. Шиддатли кечган баҳснинг иккинчи бўлимида озчилик бўлиб қолганига қарамай, скандинавлар 82-дақиқада ҳисобни тенглаштиришди, аммо қўшимча дақиқаларда икки гол ўтказиб юборишди ва Шотландияни мундиалга кузатиб қўйишди.

Шимолий Македония эса J гуруҳида 13 очко жамғариб, учинчи ўринни олди, аммо Миллатлар лигаси орқали ўтиш ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Жамоа гуруҳдаги аутсайдерлар – Лихтенштейн ва Қозоғистонга қарши ўйинларда тўрт ғалабага эришди, аммо Белгия ва Уэлсга қарши ўйинлар қийинроқ кечди. Жамоанинг ўтиш ўйинлари олдидан формаси у қадар яхши эмас: жамоа сўнгги тўрт ўйинда уч дуранг қайд этган (Латвия билан ўртоқлик ўйини ҳам шунинг ичида) ва Уэлсдан йирик ҳисобда (1:7) мағлуб бўлган.

Чехия – Ирландия (жуфтлик ғолиби финал ўйинини уйда ўтказади)

Чехия энг осон гуруҳда иштирок этиб, 16 очко тўплади ва иккинчи бўлди. Хорватияга қарши икки ўйин ҳам бой берилди ва Фарер оролларига қарши ўйинлардан бирида сенсацион мағлубият қайд этилди – 1:2.

Ирландия эса саралаш циклини ақл бовар қилмас даражада ўтказди: британлар жуда ёмон бошлашганди (уч турдан кейин бир очко), кейин эса қаторасига уч ўйинда ғалабага эришилди (жумладан, Роналду бошчилигидаги Португалия ҳам) ва сўнгги турда Венгрияга қарши ўйиннинг 90+6-дақиқасида ўтиш ўйинлари йўлланмаси юлқиб олинди. Трой Пэрротнинг ўша ўйиндаги ҳет-трики уни миллий қаҳрамонга айлантирди – ушбу жамоа ЖЧга чиқиш иштиёқида ёнмоқда.

Қитъалараро ўтиш ўйинлари

ЖЧ-2026 учун яна икки йўлланма тўртта қитъанинг иккинчи имкониятга эга бўлган олти вакили ўртасида ўйналади.

1-йўл

Яримфинал: Янги Каледония (ОФК) – Ямайка (КОНКАКАФ)

Финал: Конго ДР (Африка) – Янги Каледония/Ямайка жуфтлиги ғолиби

2-йўл

Яримфинал: Боливия (Жанубий Америка) – Суринам (КОНКАКАФ)

Финал: Ироқ (Осиё) – Боливия/Суринам ўйини ғолиби

Ўйинлар 2026 йил 23 ва 31 март кунлари Мексиканинг Гвадалаҳара ва Монтеррей шаҳарларида бўлиб ўтади.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид