Жаҳон | 15:10 / 21.11.2025
1977
2 дақиқада ўқилади

Дума «чет эл агентлари» учун даромад солиғини 30 фоизгача оширди

РФ Давлат думаси қабул қилган тузатишлар «чет эл агентлари» учун жисмоний шахслар даромад солиғининг ягона ставкаси 30 фоиз миқдорида жорий этилишини, шунингдек, уларни имтиёзлардан маҳрум этишни назарда тутади.

Фото: Sergei Fadeichev/dpa/TASS/picture alliance

Россия Федерацияси Давлат думаси «чет эл агентлари» учун солиқ шартларини кескинлаштирадиган Солиқ кодексига тузатишларни учинчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда қуйи палата – Давлат думаси сайтида пайшанба, 20 ноябр куни хабар берилди. Хусусан, улар учун жисмоний шахслар даромад солиғи (ЖШДС, рус. НДФЛ)нинг ягона ставкаси 30 фоиз миқдорида жорий этилади.

Оширилган ЖШДС ставкасига қўшимча равишда, «чет эл агенти» мақомига эга жисмоний шахслар бир қатор ҳолатларда солиқдан озод қилинишга оид имтиёзлардан маҳрум этилади.

«Чет эл агенти» деб топилган юридик шахсларга, шунингдек, уставида «чет эл агентлари» иштирок улуши 10 фоиздан ортиқ бўлган ташкилотларга фойда солиғи бўйича пасайтирилган ставкалар қўллаш ҳамда текин олинган мол-мулк ёки мулкий ҳуқуқлар кўринишидаги даромадлардан солиқ тўлашдан озод этилиш ҳуқуқидан фойдаланиш тақиқланади.

«Юртимизни сотганлар солиқ имтиёзларини олмаслиги керак. Улар давлат бюджетига бошқаларга қараганда кўпроқ миқдорда солиқ тўлайди», – деди Дума спикери Вячеслав Володин.

Сўнгги йилларда Россия ҳокимияти «чет эл агентларига» нисбатан қонунчиликни кескин қатъийлаштирди. 2025 йил июн ойида РФ президенти Владимир Путин Адлия вазирлиги талабларини бажармаслик учун «чет эл агентлари»нинг маъмурий жавобгарлигини кучайтирувчи ва уларни сиртдан суд қилишга рухсат этувчи қонунни имзолаган эди. Шунингдек, сентябр ойида Давлат думаси «чет эл агентлари»ни илк жаримадан сўнг жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид