Жаҳон | 19:05 / 21.11.2025
1763
2 дақиқада ўқилади

Россияда мигрантлар учун тиббий ёрдам олиш шартлари кучайтирилади

Энди бепул тиббий хизматдан фойдаланиш учун чет эл фуқаролари Россия ҳудудида камида беш йил қонуний равишда ишлаган бўлиши керак.

Фото: РИА Новости

Россия Давлат Думаси юқори малакали ходимлардан ташқари, меҳнат мигрантлари учун мажбурий тиббий суғурта полисини олиш қоидаларини кучайтирувчи қонунни маъқуллади.

Янгиликларга кўра, энди бепул тиббий хизматдан фойдаланиш учун чет эл фуқаролари Россия ҳудудида камида беш йил қонуний равишда ишлаган бўлиши керак. Фавқулодда ҳолатлар бундан мустасно.

Илгари мигрантлар Россияда уч йил ишлагандан сўнг бепул тиббий ёрдамга умид қилиши мумкин эди.

«Мамлакатимизга ишлаш учун келган ва юқори стандартдаги ижтимоий кафолатлардан фойдаланмоқчи бўлганлар ҳалол ва қонуний меҳнат билан бунга ҳақли эканлигини исботлаши керак», деб тушунтирди Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин.

Қонун лойиҳаси ҳукумат томонидан жорий йил сентябрь ойида киритилган ва келгуси уч йилга мўлжалланган федерал бюджет лойиҳасига илова қилинадиган ҳужжатлар тўпламининг бир қисмидир. Тузатишлар «Россия Федерациясида мажбурий тиббий суғурта тўғрисида»ги қонунга киритилмоқда.

Аввалроқ, мигрантлар учун Жамоатчилик палатаси Россияга киришда пуллик тиббий суғурта жорий этишни таклиф қилган эди. Ташаббус муаллифларининг фикрича, бу давлат тиббиёт муассасаларига ортиқча юкламани камайтириш имконини беради.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид