Жаҳон | 12:53 / 21.11.2025
2511
3 дақиқада ўқилади

Украина Россия қўшинлари Купянскни эгаллагани ҳақидаги хабарни рад этди

Украина Бош штаби маълумотига кўра, Купянск Украина Мудофаа кучлари назорати остида. Шаҳар ва унинг атрофида душманнинг шаҳарга кирган диверсия-разведка гуруҳларини қидириш ва йўқ қилиш бўйича контрдиверсион тадбирлар ва махсус операциялар давом этмоқда, дея таъкидлади Бош штаб.

Фото: AP

Украина Қуролли Кучлари Бош штаби пайшанба, 20 ноябр кечқурун Россия Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимовнинг Россия қўшинлари Украина Харкив вилоятидаги Купянск шаҳрини назоратга олгани ҳақидаги даъволарини рад этди.

«Купянск Украина Мудофаа кучлари назорати остида. Шаҳар ва унинг атрофида душманнинг шаҳарга кирган диверсия-разведка гуруҳларини қидириш ва йўқ қилиш бўйича контрдиверсион тадбирлар ва махсус ҳаракатлар давом этмоқда», — дейилади Бош штаб Facebook ижтимоий тармоғида эълон қилган баёнотда.

«Ямпол бўйича ҳам ўхшаш вазият. Бу аҳоли пункти ҳудудида бизнинг қўшинларимиз қидирув-зарба тадбирларини давом эттирмоқда. Шунингдек, Харкив вилоятидаги Волчанск шаҳрининг гўёки 80 фоизи ва Покровск шаҳрининг 70 фоизи эгаллангани ҳақидаги баёнотлар ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди», — деб қўшимча қилди Украина Бош штаби.

Купянскнинг эгалланиши ҳақидаги хабарни Герасимов Россия президенти Владимир Путиннинг «Запад» гуруҳи қўмондонлик пунктларидан бирига ташрифи вақтида берган эди. У шунингдек, Харкив вилоятидаги Волчанск шаҳри ҳудудининг 80 фоизидан ортиғи ва Донецк вилоятидаги Покровск шаҳри ҳудудининг 70 фоизи Россия армияси назоратида эканини маълум қилди. Путин эса ўз навбатида, Купянск атрофида Украина Қуролли Кучларининг 15 та баталони блокланганини айтди. Унга кўра, Донецк вилоятидаги Константиновка шаҳрида ҳам жанглар кетмоқда.

2022 йил 24 февралда кенг кўламли уруш бошланишидан олдин Купянскда деярли 27 минг аҳоли яшар эди, яқин атрофдаги қишлоқ ва посёлкаларни ҳисобга олганда, бу рақам қарийб 56 минг кишини ташкил этарди. 2022 йил 27 феврал куни Россия армияси шаҳарни эгаллаган, аммо ўша йил сентябрида Украина томони Купянск устидан назоратни қайта тиклаган.

Купянск атрофидаги жанглар 2023 йил ёзида қайтадан авж олди. Ўшанда бир қатор аҳоли пунктларида фуқароларни мажбурий эвакуация қилиш бошланган эди. 2025 йил феврал ойида эса Купянск шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Андрей Беседин шаҳардаги вазиятнинг жиддий экани ҳақида хабар бериб, аҳоли сони 3,1 минг киши атрофида қолганини маълум қилган.

2025 йил сентябр ойида Купянскка аҳоли кириши ёпилди. Октябр ойида Украина шаҳар яқинида жойлашган, Россия армияси билан жанглар кетаётган ўнлаб қишлоқлардан оилаларни эвакуация қилишни бошлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид