Ўзбекистон | 18:58 / 22.11.2025
3828
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда қурилиш майдонларига ҳам сув сепилмоқда

Қурилиш инспекцияси қурилиш бўлаётган жойларда чанг кўтарилмаслиги учун кундалик назорат ўрнатди. Шаҳар бўйлаб намлантириш тадбирларига ободонлаштириш бўлимлари, сув таъминоти корхонаси, Автомобил йўллари қўмитаси ва “Махсустранс” ДУКнинг жами 55 та махсус техникаси сафарбар этилган.

Пойтахт ҳокимлиги эълон қилган видеодан кадр

Тошкентда қурилиш бўлаётган жойларда чанг ҳосил бўлишига қарши кучайтирилган тадбирлар бошланди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар берди.

Шаҳар қурилиш инспекцияси чанг кўтарилишининг олдини олиш мақсадида барча қурилиш объектларини, жумладан ҳудудлар ва кириш йўлларини мажбурий равишда суғоришни ўз ичига олган ҳолда, кундалик кузатувни йўлга қўйди, дейилади хабарда.

“Тупроқни мунтазам равишда намлаб туриш илмий жиҳатдан асосланган чоралардан биридир: нам юзалар майда заррачаларни ушлаб қолади, уларнинг шамол ва техника воситасида ҳавога кўтарилишига тўсқинлик қилади, шу билан ҳаводаги PM заррачаларининг миқдорини камайтиради ҳамда атрофдаги турар-жой массивларини ҳимоя қилади”, – дейилади ҳокимлик ахборотида.

Пойтахт ҳокимлиги эълон қилган видеодан кадр

21 ноябр куни бошланган йўллар ва дарахтларга сув сепиш ишлари 22 ноябрда ҳам давом этди.

Маълум қилинишича, бу жараёнда жами 55 та махсус техника сафарбар этилган:

  • 18 таси – Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармасидан;
  • 12 таси – туман ободонлаштириш бўлимларидан;
  • 4 таси – Тошкент сув таъминоти корхонасидан;
  • 17 таси – Автомобил йўллари қўмитасидан;
  • 4 таси – “Махсустранс” ДУКдан.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил март ойида қабул қилинган қонунга асосан, қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаганлик учун 10 БҲМ (ҳозирда 4 млн 710 минг сўм) жарима жорий этилган.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид