Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент ҳавосидаги чангни камайтириш: ҳокимлик йўлларга сув сепиш бўйича махсус режим жорий этди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтда ҳаво ифлосланиши ва чангланиш даражаси ошган шароитда йўл қопламасига сув сепиш, яшил ҳудудларни суғориш ҳамда фавворалар ва микроиқлим қурилмаларини ишга тушириш бўйича махсус режим жорий этганини маълум қилди. Чоралар ҳаводаги майда чанг заррачалари миқдорини қисқа муддатда камайтиришга қаратилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборотига кўра, шаҳар муҳитининг юқори чангланиши шароитида энг тезкор ва самарали чоралардан бири сифатида йўл қопламаси ва унга туташ ҳудудларни намлаш амалиёти кучайтирилди. Бу усул илмий асосга эга бўлиб, дунёнинг қатор йирик шаҳарларида ҳам атмосфера ҳавоси ифлосланиши авж олган даврларда қўлланади.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ободонлаштириш бошқармаси томонидан:
- йўл қопламасига махсус техника ёрдамида сув сепиш;
- шаҳар бўйлаб яшил ҳудудларни суғориш;
- фавворалар мавсуми якунланганига қарамай, барча фавворалар ва микроиқлим қурилмаларини ишга тушириш каби чоралар амалга оширилмоқда.
Ҳокимлик маълумотига кўра, бу усулнинг самарадорлиги қуйидагилар билан изоҳланади:
- чанг зарраларини камайтириш – ҳаво ифлосланишининг асосий омилларидан бири – PM10 ва PM2.5 ўлчамдаги майда чанг заррачалари. Йўл намланганда ушбу заррачалар сув билан аралашиб, ерга чўкади ва атмосферaга қайта кўтарилишининг олди олинади;
- иккиламчи чангланишни пасайтириш – автомобиллар ҳаракатини давом эттирган ҳолда қуруқ йўл юзасидаги чанг мунтазам равишда ҳавога кўтарилиб туради. Намланган йўл эса шу “иккинчи даражали чангланиш”ни сезиларли даражада камайтиради. Халқаро тадқиқотларга кўра, бундай чангланиш шаҳар PM чиқиндиларининг 25–40 фоизини ташкил қилиши мумкин;
- микроиқлимни совитиш – йўлларга сув сепиш ва яшил ҳудудларни суғориш орқали ҳарорат бироз пасайиши натижасида чанг ҳавода узоқ туриб қолмайди, ифлослантирувчи моддаларни тезлаштирувчи кимёвий реакциялар секинлашади, заррачалар тезроқ чўкиб боришга мойил бўлади;
- яшилликни қўллаб-қувватлаш – дарахт ва буталар ҳаводаги чангни ўз барглари орқали ушлаб туради. Ифлосланиш юқори даврларида ўсимликларни суғориш – уларни парваришлаш билан бирга, шаҳарнинг табиий “филтр”лари самарадорлигини ҳам оширади.
Ҳокимлик таъкидлашича, йўлларга сув сепиш ҳаво ифлосланиши муаммосини тўлиқ ҳал қилмайди, аммо бир неча соат ичида чанг миқдорини сезиларли даражада камайтириш имконини берадиган тезкор чора ҳисобланади.
Шу билан бирга, ҳаво ифлосланишини камайтириш бўйича комплекс ёндашув доирасида:
- иссиқхона хўжаликларида рейдлар ўтказиш;
- қозонхоналарга филтрлар ўрнатиш;
- экологик назоратни кучайтириш каби тизимли ишлар ҳам амалга оширилмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги аҳолидан расмий маълумотларни кузатиб боришни, ҳаво ифлосланиши юқори бўлган кунларда очиқ ҳаводаги фаолиятни қисқартиришни ва зарурат туғилганда ниқоб тақиб юришни тавсия этмоқда.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳам тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда Тошкент кўчалари ва яшил ҳудудларда чанг ифлосланишини камайтириш мақсадида сув сепувчи машиналар ишга туширилгани ҳақида хабар берган.
«Махсус машиналар йўл қопламасини ва дарахтларни суғориб, табиий чангни чўктиришга ёрдам беради ва шаҳар ҳаво сифатини яхшилайди.
Шунингдек, пойтахтдаги барча фавворалар ҳам ишга туширилган бўлиб, улар 24/7 режимга ўтказилди. Уларнинг фаолияти микроиқлимни сақлашга ва жамоат жойларидаги чанг юкламасини камайтиришга ёрдам беради.
Таъкидлаш жоизки, қўмита томонидан ҳаво ифлосланишини камайтириш мақсадида тезкор штаб тузилган бўлиб, пойтахтдаги экологик вазиятни барқарорлаштириш учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда», дейилади қўмита матбуот хизмати хабарида.
Мавзуга оид
17:31 / 04.12.2025
Паст Дарғомда чўчқахона эгалари ҳавони ифлослаб келгани аниқланди
18:36 / 03.12.2025
“Экологик” рейдлар: Андижонда сомса ёпиладиган тандирлар бузиб ташланди
21:34 / 30.11.2025
Фарғонада ҳаво ифлосланиши рекорд даражани ташкил этди
09:00 / 30.11.2025