Жаҳон | 19:55 / 23.11.2025
8841
5 дақиқада ўқилади

Трампнинг тинчлик режасида Украина фойдасига айрим ўзгаришлар бўлиши мумкин

The Washington Post колумнисти билан суҳбатда бўлган америкалик расмийлар фикрича, Трампнинг режаси Киев учун «директива» эмас, Оқ уйдагилар «Украинанинг ҳалокатини кўришни истамайди».

Украина президенти маъмурияти / AFP / Scanpix / LETA

Украина бўйича янги тинчлик режаси пайдо бўлиши билан Володимир Зеленский президентлик давридаги «энг оғриқли танлов»га дуч келди, деб ёзади The Washington Post колумнисти Дэвид Игнатиус. Журналист Оқ уйнинг тинчлик режасидаги айрим бандлар бўйича позициясини изоҳлаган америкалик расмийлар билан суҳбатда бўлган. Игнатиус бу бандлар қандай юзага келгани ва ушбу ҳужжатни ишлаб чиқиш қачон бошланганини ҳикоя қилган.

Игнатиуснинг ёзишича, янги тинчлик таклифи бўйича музокаралар жараёни деярли бир ой олдин бошланган ва олдинги ҳафта охирида Украина Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Рустем Умеров Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф билан Флоридада учрашишга тайёрлигини билдирганида жараён тезлашиб кетган. Игнатиуснинг манбаларига кўра, Трамп маъмурияти Киевдаги коррупция можароси ҳамда Украина қуролли кучларининг Донецк областидаги муваффақиятсизликлари Украинани бурилиш нуқтасига олиб келди, Россия эса ўсиб бораётган иқтисодий босимни ҳис қилиб, бу урушни тугатишни афзал кўриши мумкин деб ҳисоблаши  муҳокамаларни бошлашга сабаб бўлган.

Америкалик расмийларга кўра, Флоридадаги учрашувда Умеров Зеленский Донбасс бўйича муроса қилиши, шунингдек, Украина ўз армияси сонини 600 минг кишигача чеклашга рози бўлиши мумкинлигини билдирган (Умеровнинг ўзи эса Флоридадаги вазифаси фақат техник бўлгани, у учрашувларни ташкил этиш ва мулоқотни тайёрлаш билан шуғулланганини айтди).

Натижада, режадаги бандлардан бирига чиндан ҳам Украина қуролли кучларидаги ҳарбийлар сони бўйича чеклов киритилган. Европа давлатлари раҳбарлари бунга қўшилмаган. Игнатиуснинг манбалари тинчлик режаси бўйича музокаралар «Киев учун директива эмаслиги», у мослашувчан бўлишини таъкидламоқда.

«Украина суверенитети ҳеч қачон хавф остида қолмаслиги керак. Бу бутун Европа бўйлаб муаммолар учун шлюзларни очади. Биз Украинанинг ҳалокатини кўришни истамаймиз», – дейди америкалик юқори мартабали мулозимлардан бири The Washington Post колумнисти билан суҳбатда.

Игнатиуснинг суҳбатдошларига кўра, Трамп маъмурияти Украина учун «хавфсизлик кафолатлари» ҳали «етарлича кучли эмаслиги»ни тан олади ва АҚШ президенти Украина қуролли кучлари таркиби миқдори бўйича юқори чегарани ошириши ёки чеклов талабини умуман олиб ташлаши мумкин. Бундан ташқари, урушдан кейин Украинага узоқ масофали «Томаҳавк» ракеталарини етказиб бериш тийиб турувчи омил бўлиши варианти кўриб чиқилмоқда (бунинг муқобили ҳисобланган Европа контингентига Россия қатъиян қарши). Игнатиуснинг манбалари Украина «Томаҳавк»ни Россияга қарши қўлламаслигига ишончи комил, чунки бундай ҳаракат Киевуни АҚШ ва Европанинг қўлловидан маҳрум қилади.

Бундан ташқари, Игнатиуснинг ёзишича, Трамп маъмурияти Украина билан разведка маълумотларини алмашишда давом этишга тайёр. Аввалроқ Reuters агар Украина Трамп маъмуриятининг тинчлик режасини қабул қилмайдиган бўлса, АҚШнинг разведка маълумотларидан маҳрум бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзганди, бироқ кейинроқ АҚШ давлат котиби Марко Рубио сенаторлар билан суҳбатда бундай таҳдидлардан хабари йўқлигини айтди.

The Washington Post колумнисти манбалари келишув имзоланганидан 100 кун ўтиб Украинада сайловлар ўтказилиши ҳақидаги банд бўйича ҳам тушунтириш берган. Уларнинг сўзларига кўра, у «Украинадаги сиёсий беқарорликни ҳисобга олган ҳолда» киритилган: сайловлар тинчлик режасини «оммавий ратификация шакли» бўлиши кўзда тутилган. Урушдан кейинги амнистия банди Украина томони илтимосига кўра, агар коррупция можароси авж оладиган бўлса, Зеленский ва унинг ҳукумати жавобгарликка тортилмаслигини кафолатлаш учун киритилган.

Игнатиуснинг қайд этишича, Трамп маъмурияти вакиллари европаликлар, украиналиклар ва америкаликларни Трампнинг тинчлик таклифи «кўринганидек Россияга хайрихоҳ эмаслигига ишонтириш» учун журналист билан гаплашган. Энг яхши ҳакам Зеленскийнинг ўзи бўлади, деб таъкидлайди журналист ўз колонкасида: агар у келишувни қўллаб-қувватласа, кейинги масъулият Москвага ўтади, агар рад этадиган бўлса – уруш кейинги йилда ҳам давом этиши мумкин.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид