Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Арсенал» дербида 4 та гол урди, «Реал» яна очко йўқотди
Шимолий Лондон дербисидаги ғалабадан кейин «Арсенал» «Сити»дан 7, «Ливерпул»дан 11 очкога ўзиб кетган. «Реал» эса «Барса»ни ўзига максимал даражада яқинлаштириб олди. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
Фото: Getty Images
Англия: «Тоттенҳэм» яксон этилди
«Арсенал» – «Тоттенҳэм» 4:1
Голлар: Троссар, 36 (1:0). Эзе, 41 (2:0). Эзе, 46 (3:0). Ришарлисон, 55 (3:1). Эзе, 76 (4:1)
«Арсенал»: Райя, Салиба, Инкапие (Москера, 88), Калафиори (Люис-Скелли, 90+2), Тимбер, Субименди, Райс, Эзе, Троссар (Мадуэке, 78), Сака, Мерино (Нванери, 88)
«Тоттенҳэм»: Викарио, Ромеро, ван де Вен, Дансо (Симонс, 46), Палиня, Бентанкур (Сарр, 66), Удожи, Спенс (Порро, 78), Қуддус (Жонсон, 78), Одобер (Коло Муани, 66), Ришарлисон
Огоҳлантиришлар: Райс, 87 – Бентанкур, 32. Ромеро, 70. Порро, 87
«Сити»нинг шанба кунги мағлубиятидан кейин «Арсенал» иккинчи ўрин билан орадаги фарқни олти очкога ошириб олиш имкониятига эга бўлди. Ва Артета шогирдлари бу вазифани ишончли тарзда уддалашди. Ҳатто қатор етакчи футболчилар жароҳат туфайли ёрдам бера олмаган бўлса-да. Габриэл Магаляйнс терма жамоа йиғинидан жароҳат билан қайтди ва яқин ҳафталарда жамоага ёрдам беролмайди. Унинг ўрнига марказий ҳимояда ёзда «Байер»дан ижарага олинган Пиеро Инкапие тушди, бу эквадорлик футболчи учун АПЛда илк бор бошланғич таркибдан ўрин олиши бўлди.
«Тоттенҳэм» бош мураббийи Томас Франко беш ҳимоячидан иборат таркиб танлади (Кристиан Ромеро, Микки ван де Вен ва Кевин Дансо марказий ҳимояда). Европа Суперкубоги учун «ПСЖ»га қарши ўйинда бу ғоя иш берганди, бу сафар эса ўйланган ишлар ўхшамади. Ўйиннинг учинчи дақиқасидаёқ Деклан Райс қулай нуқтадан зарба йўллаб, ҳисобни очиши мумкин эди, аммо тўп дарвозабон турган жойга борди. Ва бутун бўлим давомида ўйин фақат бир дарвоза томон кечди. Меҳмонлар қўполликлар эвазига «Арсенал» ҳужумлари темпини туширишга ҳаракат қилди, аммо бу фойда бермади. Ван де Вен Леандро Троссарнинг оёғини босиб олди, аммо ҳакам бу ҳаракат учун ҳатто сариқ карточка ҳам кўрсатмади. Кейин Жоау Палиня рақибни қулатди, кўп ўтмай Муҳаммад Қуддус бутсаларининг остки қисми билан Инкапиенинг қонига тепди, ҳакам уларни кечирди. Натижада «Арсенал» футболчилари ҳам жавоб қайтаришни бошлади, Риккардо Калафиори ва Букайо Сака ҳам яққол фоллар ишлатишди.
Барча «Арсенал» ўз голини уришини ҳис қилиб турарди ва бу 36-дақиқада рўй берди. Йокереш сафга қайтмагани туфайли яна бир бор марказий ҳужумчи позициясида тушган Микел Мерино ҳимоячилар ортига шедевр пас узатди, Троссар тўпни ўзига бўйсундирди ва ўгирилиб, бурчакни аниқ нишонга олди. Беш дақиқа ўтиб мезбонлар иккинчи голни ҳам уришди. Бу сафар Эберечи Эзе жарима майдони чизиғи олдида Райсдан тўпни қабул қилиб олиб, финти билан ҳимоячиларни йўлдан олди ва тўпни ерлатиб бурчакка аниқ йўналтирди. Биринчи бўлимда Артета шогирдлари зарбалар бўйича яққол устунликка эришди – 8:0. Тўп амалда «Тоттенҳэм» ҳужум чизиғи вакилларигача етиб бормади. Ришарлисон эса биринчи бўлим давомида бирор марта аниқ узатма беролмади.
Франкдан камчиликлар устида ишлаши ва «Тоттенҳэм» майдонга бошқача ҳолатда чиқиб келиши кутилганди. Аммо иккинчи бўлим бошланганидан бир дақиқа ҳам ўтмасдан «Арсенал» ҳисобни йириклаштирди. Яна Эзе яна ўша нуқтадан гол урди, бу сафар чап оёғида.
Ўйин тақдири амалда ҳал бўлганди, аммо «Тоттенҳэм» барибир Давид Райя дарвозасини ишғол этишди. Майдон марказида Субименди рақиб футболчилари босимида тўпни йўқотди, бу вақтда олдинроққа чиқиб кетган дарвозабон эса Ришарлисоннинг кутилмаганда тахминан 40 метр масофадан йўллаган зарбасига реакция кўрсатишга улгурмади.

Шу тариқа, «Тоттенҳэм» ўйин бошидан буён йўллаган илк зарбасидан ҳисобни қисқартирди. Энди «Арсенал» бу мавсумда ўтказиб юборган голлар сони олтитага етди (АПЛ рекорди 2004/2005 йиллар мавсумида 15 гол ўтказган «Челси»га тегишли).
Аммо ўйиндаги охирги голни ҳам барибир мезбонлар уришди. Ва Эзе яна бир бор ўз номини таблога ёздириб қўйди. Эътиборли жиҳати, ёзда у «Тоттенҳэм» футболчисига айланиши мумкин эди, аммо унинг ўзи ёшликдаги жамоасига мурожаат қилиб, ўзини сотиб олишни сўрагач, барчаси ўзгариб кетганди. У ўйин охирида покер муаллифига айланиши ҳам мумкин эди, аммо Гулелмо Викарио навбатдаги сейвини амалга оширди (ўйин давомида жами 7 та сейв).
«Арсенал» АПЛда пешқадамликни мустаҳкамлади ва ЕЧЛда «Бавария»га қарши ўйинга тайёрлана бошлади. «Тоттенҳэм» тўққизинчи ўринга тушди ва уларни ҳам ЕЧЛда «ПСЖ»га қарши қийин ўйин кутмоқда.
«Лидс» – «Астон Вилла»
Голлар: Нмеча, 8 (1:0). Роджерс, 48 (1:1). Роджерс, 75 (1:2)
«Лидс»: Перри, Стрейк, Родон, Гудмундссон, Богл, Ампаду, Штах (Танака, 23, Жеймс, 71), Лонгстафф, Окафор (Пиру, 80), Ааронсон (Нионто, 80), Нмеча (Калверт-Люин, 71)
«Астон Вилла»: Мартинес, Конса, Пау Торрес, Дин (Матсен, 46), Кэш, Тилеманс (Богард, 84), Камара, Буэндия (Мален, 46), Макгинн (Баркли, 69), Уоткинс (Санчо, 69), Роджерс
Огоҳлантиришлар: Богл, 41. Танака, 45. Ампаду, 63. Стрейк, 74. Нионто, 89 – Макгинн, 53
Еврокубоклар зонасига чиқиб олган «Астон Вилла» Лидсдаги ўйинда стандарт вазиятдан кейин тезкор гол урди, меҳмонларнинг эътирозлари инобатга олинмади. Вазиятни узоқ ўрганган VAR офсайд ҳолатини ҳам, Эмилиано Мартинесга фол ишлатилганини ҳам қайд этмади, дарвозабон рақиб билан тўқнашувдан кейин газонга қулаб, тўпга ета олмади. Бирмингҳэмликлар ушбу рақибга қарши олдинги уч учрашувда гол ўтказиб юбормаганди, аммо Даниэл Фарке жамоаси бу мавсумда уй учрашувларида майдонни голсиз тарк этмаяпти.
Биринчи бўлим охиригача «Вилла»нинг ҳужумдаги ишлари ҳам юришмади, аммо Унаи Эмерининг танаффусда амалга оширган алмаштиришлари дарҳол иш берди ва Роджерс захирадан тушган Маленнинг узатмасидан кейин тўпни бир тегинишда дарвоза тўрига йўллади. Меҳмонлар иккинчи бўлимни аъло даражада ўтказишди, Роджерс эса жарима зарбасидан ҳам гол ура олишини намойиш этди. У тўпни «жонли девор» устидан шундай ўтказдики, дарвозабон тўп йўналишини томоша қилиб туришдан бошқа чора топа олмади. «Лидс» дарҳол ҳужумга ўтиб, дарвозани ишғол қилди, аммо Жеймснинг зарбаси бўш дарвоза қаршисидаги Калверт-Люиннинг қўлига тегиб ўтгани учун бу гол бекор қилинди. «Вилла» ғалабали ҳисобни сақлаб қолди ва «Кристал Пэлас»ни қувиб ўтиб, тўртинчи ўринга кўтарилди. Иккинчи ўриндаги «Челси» билан орадаги фарқ атиги икки очко.

Испания: «Матрасчилар» тўртинчи ўринни мустаҳкамлади
«Хетафе» – «Атлетико»
Голлар: Дуарте, 82 автогол (0:1)
«Хетафе»: Сория, Даконам, Абкар (Кико Фемения, 77), Дуарте, Рико, Иглесиас (Хуанми, 87), Миля (Мунйос, 90), Арамбарри, Мартин (Санкрис, 86), Лисо (да Коста, 77), Майорал
«Атлетико»: Муссо, Хименес, Лангле, Руджери (Ганцко, 69), Лиоренте (Гризманн, 14), Коке (Сёрлот, 59), Барриос, Гонсалес (Галлаҳер, 69), Молина, Баэна, Алварес (Распадори, 59)
Огоҳлантиришлар: Абкар, 40. Мартин, 79 – Алварес, 49. Хименес, 57. Муссо, 90
«Атлетико» Хосе Бордаласнинг ҳимоя деворини анча вақтгача ёриб ўтолмади ва «Хетафе»нинг навбатдаги қурбонига айланишига мумкин эди. Аммо ўйин охирида «матрасчилар» барибир омадни ўзига кулиб боқишга мажбур эта олишди. Диагонал узатмадан кейин Распадори бир тегинишда тўпни дарвозабон ҳудудига йўналтирди, у ерда Гризманн зарба беришга тўсқинлик қилишга уринган Дуарте эса ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди.
Диего Симеоне ғалабадан мамнун бўлиши мумкин, аммо 14-дақиқадаёқ жароҳат туфайли Лиорентени алмаштиришга мажбур бўлганидан қаттиқ ранжигани ҳам тайин. ЕЧЛда «Интер»га қарши кечадиган ўйинда ушбу футболчининг ўрнини босиш қийин бўлади «Интером», Ла лигада эса мадридликлар тўртинчи ўринни мустаҳкамлади. Бир томондан, учинчи ўриндаги «Вилярреал» билан орадаги фарқ атиги бир очко. Бошқа томондан бу турда «Жирона» билан ўйинда очко йўқотган (1:1) «Бетис» етти очколик фарқ билан ортда қолдирилмоқда.
«Элче» – «Реал» 2:2
Голлар: Фебас, 53 (1:0). Ҳаусен, 78 (1:1). Родригес, 84 (2:1). Беллингҳэм, 87 (2:2)
«Элче»: Пеня, Нунес, Аффенгрюбер, Чуст, Валера (Бигас, 83), Форт (Педроса, 66), Агуадо (Петро, 83), Фебас, Диангана (Нето, 66), Андре Силва (Родригес, 79), Мир
«Реал»: Куртуа, Ҳаусен, Каррерас (Диас, 88), Раул Асенсио, Арда Гулер (Г. Гарсия, 64), Себалйос (Камавинга, 57), Ф. Гарсия (Валверде, 57), Александр-Арнолд, Беллингҳэм, Мбаппе, Родригу (Винисиус Жуниор, 57)
Огоҳлантиришлар: Аффенгрюбер, 57. Чуст, 68. Фебас, 88
Четлатиш: Чуст, 90 (иккинчи сариқ)
Александер-Арнолд 30 августдан буён илк бор «Реал» бошланғич таркибида пайдо бўлди, Хаби Алонсо эса уч марказий ҳимоячидан иборат схемани танлади, улардан бири одатда қанотда ҳаракатланувчи Каррерас бўлди. Ва айнан у жарима майдони яқинида қўпол хатога йўл қўйди ва шундан кейин Куртуа Рафа Мир билан яккама-якка вазиятда ўзини кўрсатишига тўғри келди.
«Элче» яна бир бор дадил ва тажовузкор жамоа эканини кўрсатди. Яқинда «Барселона» ҳам ушбу жамоага қарши жуда қийналганди. Мадридликларга ҳам рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятлар яратишни бошлаши учун маълум вақт талаб этилди. Аммо Мбаппе икки бор яккама-якка вазиятда дарвозабон Иняки Пеняни алдай олмади. Бўлим охирида эса Куртуа Силванинг яқин масофадан бурчак томон йўллаган зарбасини оёқлари билан қайтарди ва дарвозабонлар сейвлари бўйича ҳисоб тенглашди (2:2).
Иккинчи бўлим бошида Родригонинг зарбасидан кейин Пеня яна бир сейв ижро этди. Бразилиялик вингер қаймоқранглилар сафида 29 ўйиндирки гол уролмаяпти. Кўп ўтмай Валеранинг товонда берган пасидан кейин мадридликлар тарбияланувчиси Фебас ҳисобни очди. Унинг собиқ жамоадошлари эса бурчак зарбаси орқали ҳисобни тенглаштиришди, Беллингҳэм ҳаводаги курашда ютиб чиқди ва Ҳаусен яқин масофадан зарба берди.
Аммо мадридликлар яна бир бор гол ўтказиб юборишди. Родригес Раул Асенсиони осонлик билан алдаб ўтиб, Куртуани ҳам иложсиз аҳволда қолдирди. Мадридликлар фақат Мбаппенинг саъй-ҳаракатлари билан мағлубиятдан қутулиб қолди. У майдонни тарк этаётган тўпни тўхтатиб қолди ва Жудни голли пас билан таъминлади. Қўшимча дақиқаларда Гонсало Гарсия ғалаба голини уриб кетиши ҳам мумкин эди, аммо у Камавинганинг узатмасига етиб боролмади. «Реал» қаторасига иккинчи турда ғалаба қозона олмади ва энди «Барса»ни ўзига атиги бир очколик масофада яқинлаштирди.

Италия: «Рома» биринчи ўринда
«Кремонезе» – «Рома» 1:3
Голлар: Соуле, 17 (0:1). Фергюсон, 64 (0:2). Уэсли Винисиус, 69 (0:3). Фолино, 90+3 (1:3)
«Кремонезе»: Аудеро, Баскиротто, Бянкетти (Фолино, 80), Терраччано, Вандепутте (Грасси, 70), Пайеро (Пеццелла, 57), Бондо, Флориани (Васкес, 57), Барбери, Варди, Бонаццоли (Санабрия, 80)
«Рома»: Свилар, Н`Дика, Циолковски (Ал-Айнавий, 46), Манчини, Кристанте, Коне, Уэсли Винисиус (Цимикас, 80), Зеки Челик, Пеллегрини (Фергюсон, 60), Балданци (Ал-Шаъровий, 60), Соуле (Пизилли, 85)
Огоҳлантиришлар: Пайеро, 32. Бондо, 82 – Циолковски, 45. Ал-Айнавий, 84
Пешқадамлик пойгасида қатнашаётган «Рома» бу турда ўта ноқулай рақибга қарши тўқнашди. «Кремонезе» ўйин фаворитига қараганда кескинроқ ҳаракат қилди ва ўйиннинг кўп қисмида ташаббусга эгалик қилди. Соуле айланма зарбаси билан ҳисобни очганидан кейин ҳам Свилар мезбонларнинг бир ҳужумида икки сейв амалга оширишига тўғри келди. «Бўрилар» кипери биринчи зарбани дарвоза тўсинига чиқариб юборишга эришди, кейин эса бир ярим метр масофадан йўлланган такрорий зарбани қайтарди. Бўлим охири эса бурилиш нуқтасига айланиши мумкин эди. Биринчидан, мезбонлар дарвозабони ўз сейви билан Пеллегринини голдан маҳрум қилди (аввалроқ ушбу футболчининг голи VAR аралашуви билан бекор қилинганди). Иккинчидан, арбитр тўп қўлга теккани учун римликлар дарвозасига пеналти қўйди, аммо видеоҳакамлар яна вазиятга аралашиб, бош ҳакамни монитор қаршисига чорлашди ва қарор ўзгартирилди.
Иккинчи бўлимда эса «Рома» тўлиқ устунлик қилди ва керакли устунликка эришди. Ёзда харид қилинган Фергюсон ниҳоят илк голини урди. Кўп ўтмай захирадан ўйинга қўшилган Ал-Шаъровий Уэслини голли пас билан таъминлади ва амалда ўйин тақдири ҳал бўлди.
«Интер» – «Милан» 0:1
Гол: Пулишич, 54 (0:1)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Ҳоқон Чалхонўғли, 74’
«Интер»: Зоммер, Ачерби (Диуф, 85), Бастони, Аканжи, Сучич, Ҳоқон Чалхонўғли (Зелински, 78), Барелла (Эспозито, 85), Димарко, Карлос Аугусту, Тюрам, Мартинес (Бонни, 66)
«Милан»: Менян, Габбиа, Павлович, Томори, Рабио, Модрич, Фофана (Риччи, 78), Бартесаги, Салемакерс, Леау (Лофтус-Чик, 86), Пулишич (Нкунку, 78)
Огоҳлантиришлар: Ҳоқон Чалхонўғли, 61 – Леау, 45. Павлович, 72
Якшанба оқшомидаги яна бир дербининг биринчи бўлими тўлиқ «Интер» назоратида ўтди, аммо Менян таблода ноллар сақланиб қолишига сабабчи бўлди. Меҳмонлар дарвозабони ўйин стартидаёқ Тюрамнинг бошда йўллаган зарбасидан кейин бурчакка қараб кетаётган тўпни қайтарди. Танаффус арафасида эса Лаутаро Мартинесга қулай вазиятдан гол уришга имкон бермади. Лекин бу «Милан» асосан ҳимояда ўтирганини англатмайди. Масалан, бўлим охирида Пулишич ҳисобни очиши мумкин эди.
Иккинчи бўлимда Массимилиано Аллегрининг прагматик режаси барибир иш берди. Россонерилар нерадзурриларнинг навбатдаги ҳужумлари тўлқинидан омон чиқишди ва рақиб майдон марказида тўп йўқотишидан фойдаланишди. Тезкор қарши ҳужумни Салемакерс хавфли зарба билан якунлади, Зоммер қайтарган тўпга биринчи бўлиб Пулишич етиб келди. Кўп ўтмай Павлович Тюрамнинг оёғини босиб олганидан кейин белгиланган пеналти «Интер»га мағлубиятдан қутулиб қолиш имконини тақдим этди. Одатда «Интер» рақиблари дарвозасига 11 метрлик жарима зарбаси белгиланиши ва уни Чалхонўғли ижро этишини ҳукм деб ҳисобласа бўлади. Аммо бу сафар Менян майдонга ўзининг энг яхши ўйинларидан бирини ўтказиш учун чиққанди. Айнан унинг сейвлари «Милан»га дербида ғолиб чиқиш ва иккинчи ўринга чиқиб олиш имконини берди, «Интер» эса очколар сони бўйича «Рома»га ета олмади ва тўртинчи ўринга тушиб кетди.

Германия: Германияда янги истеъдод
«РБ Лейпциг» – «Вердер» 2:0
Голлар: Уэдраого, 63 (1:0). Шлагер, 80 (2:0)
«РБ Лейпциг»: Гулачи, Орбан, Люкеба, Раум, Баку, Зайвалд, Баумгартнер (Банзузи, 90+1), Уэдраого (Гомис, 90+1), Нуса (Шлагер, 68), Диоманде (Финкгрефе, 90+4), Ҳардер (Бакайоко, 68)
«Вердер»: Бакҳаус, Пипер, Кулибали, Фридл, Сугавара, Стаге, Линен (Чович, 89), Шмид, Грюлл (Мбангула, 73), Пуэртас (Нджинма, 73), Топп (Бонифасе, 73)
Огоҳлантиришлар: Ҳардер, 41 – Фридл, 19. Пипер, 69
«Лейпциг» бу мавсумда ёрқин ва сермаҳсул ўйин кўрсатмоқда. Аммо жамоа бу сафар «Вердер» ҳимоясини бузиб ўтишга қийналди. Бунинг учун иккинчи бўлимда 19 ёшли Уэдраого ўзини кўрсатиши талаб этилди, халқаро танаффус вақтида Германия миллий жамоасидан илк бор чақирув олган ва бу даражадаги илк голини урган футболчи бу сафар «тўққизлик»ни аниқ нишонга олиб, стадионни ларзага келтирди. Ўйин охирларида эса Раум ижросидаги бурчак зарбасидан кейин интригага узил-кесил барҳам берилди. Баумгартнер «иккинчи қават»да тўп учун курашда устун келди ва Шлагер эса юзага келган имкониятдан фойдаланди. Оле Вернер жамоаси «Байер»ни қувиб ўтиб, иккинчи ўринга чиқди, «Штутгарт» эса Лейпцигдаги ўйин натижаси туфайли кучли тўртликни тарк этди. Бу жамоа қўшимча кўрсаткичлар эвазига Дортмунднинг «Боруссия» клубидан ортда, олтинчи ўринда «Айнтрахт» икки очколик фарқ билан таъқиб қилмоқда.

Мавзуга оид
12:09 / 04.12.2025
«Реал» таъқибни давом эттирди, «Ливерпул» яна очко йўқотди. Кун ўйинлари
12:19 / 03.12.2025
«Сити» 4 та гол ўтказди, «Барса»да камбэк
13:00 / 01.12.2025
«Реал» пешқадамликни бой берди, «Арсенал» ҳам очко йўқотди. Кун ўйинлари
11:54 / 30.11.2025