Иқтисодиёт | 11:50 / 24.11.2025
1165
2 дақиқада ўқилади

Biotropics Malaysia Ўзбекистонга сармоя киритишни режалаштирмоқда

Малайзиянинг табиий соғломлаштириш маҳсулотлари бозорида етакчи ҳисобланадиган Biotropics Malaysia Berhad компанияси Ўзбекистон билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва мамлакатга сармоя киритишга қизиқиш билдирди. Жиззахдаги Zomin Pharm эркин иқтисодий зонаси ҳудудида маҳсулотларни қадоқлаш ва кейинчалик қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.

Фото: "Дунё" АА

"Дунё" АА мухбири хабар беришича, Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев бошчилигида Малайзиянинг Biotropics Malaysia Berhad компанияси бошқарув директори Хализа Рамли ҳамда Zomin Pharm МЧЖ директори ўринбосари А.Мирзаев ўртасида учрашув ташкил этилди.

Мамлакат фармацевтика ва озиқ-овқат саноатига хорижий сармояларни жалб қилиш мақсадида ўтказилган учрашувда малайзиялик мутахассислар билан Ўзбекистонда табиий соғломлаштириш маҳсулотлари ҳамда функционал озиқ-овқатлар учун ингредиентларни ишлаб чиқариш масалалари муҳокама қилинди.

Маълумот учун, 2007 йилда ташкил этилган Biotropics Malaysia Berhad компанияси Малайзияда турли гиёҳлар ва доривор ўсимликлардан замонавий илмий тадқиқотлар асосида юқори сифатли табиий соғломлаштириш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, бугунги кунда маҳсулотлари дунёнинг 35 дан ортиқ давлатига экспорт қилинмоқда.

Ўзбекистон томони учрашувда ҳамкорликнинг дастлабки босқичида Жиззах вилояти Zomin Pharm эркин иқтисодий зонаси ҳудудида компания томонидан ишлаб чиқарилаётган махсус стандартлаштирилган экстрактлар, тўлиқ табиий озуқавий қўшимчалар, нутрицевтик ва функционал озиқ-овқат маҳсулотлари учун мўлжалланган таркибий қисмларни қадоқлашни йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди. Кейинчалик эса ушбу маҳсулотларни Ўзбекистон ҳудудида қўшма тарзда ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилиши таъкидланди.

Хализа Рамли яқин келажакда Ўзбекистонга ташриф буюриш нияти борлигини билдириб, мамлакатда яратилган инвестиция муҳити, Zomin Pharm фаолияти билан танишиш, минтақавий бозорга мос табиий соғломлаштириш маҳсулотлари ва биологик фаол қўшимчаларни қадоқлаш ҳамда кейинчалик ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганишини маълум қилди.

Учрашув якунида Zomin Pharm МЧЖ ва Biotropics Malaysia Berhad компанияси ўртасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Biotropics маҳсулотларини етказиб бериш, қадоқлаш, ишлаб чиқариш ва сотишни ўз ичига олган озиқ-овқат ва фармацевтика саноатидаги қўшма ташаббус ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид