Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Серб Республикасида сайловлар: сепаратистлар номзоди ғалаба қозонди
Босния ва Ҳерцеговина таркибига кирадиган Серб Республикасида бўлиб ўтган навбатдан ташқари сайловларда вазифасидан четлатилган президент Додикнинг ишончли вакили Синиша Каран 50 фоиздан ортиқ овоз тўплади, деб маълум қилди маҳаллий Марказий сайлов комиссияси раиси.
Синиша Каран Фото: Milivoje Pavicic/AP Photo/picture alliance
Босния ва Ҳерцеговина таркибидаги Серб Республикасида ўтказилган навбатдан ташқари президентлик сайловларида серб сепаратистлари номзоди — собиқ ички ишлар вазири Синиша Каран ғолиб бўлди. У вазифасидан четлатилган босния серблари етакчиси Милорад Додикнинг ишончли вакили ҳисобланади. Жорий йил август ойи бошида маҳаллий Марказий сайлов комиссияси Додикни деярли йигирма йил давомида эгаллаган Серб Республикаси президенти лавозимидан четлатган эди.
«Дастлабки, норасмий ва тўлиқ бўлмаган натижаларга кўра, Синиша Каран 50,89 фоиз овоз тўплади», — деди якшанба, 23 ноябр куни кечқурун Марказий сайлов комиссияси раиси Йован Калаба. Унинг асосий рақиби, энг йирик мухолифат партияси номзоди Бранко Блануш 47,8 фоиз овоз олди. Расмий сайлов натижалари ҳали эълон қилинмади, гарчи улар маҳаллий вақт билан соат 23:00 гача эълон қилиши режалаштирилган эди.
Ҳудди шу куни бундан аввал Серб Республикасининг давлатдан ажралиб чиқишига ҳаракат қилиб келган мустақил социал-демократлар партияси (SNSD) раиси Милорад Додик ўз ишончли вакили Синиша Каранни ғалаба билан табриклади.
«Бизнинг сиёсатимиз ҳар доим равшан бўлган, у Серб Республикаси ва унинг халқига бағишланган. Мен учун халқнинг кўпчилиги шундай овоз бергани — Синиша Каранни, SNSD'ни ва бизнинг коалицион ҳамкорларимизни қўллаб-қувватлагани ёқимли. Шахсан ўзим бундан менга берилган қўллаб-қувватлашни кўряпман. Энг мураккаб шароитларда улар (рақиблар — таҳр.) Додикни ағдармоқчи бўлди, аммо энди улар ҳар куни кўрадиган иккита Додикка эга бўлди», — деди босния серблари етакчиси партия штабидаги брифингда.
23 ноябр куни бўлиб ўтган сайловларда Серб Республикасида 1,2 миллионга яқин сайловчи қатнашиши мумкин эди. Сайловларда ғолиб чиққан шахс фақат тахминан бир йил давомида лавозимни эгаллайди, чунки 2026 йил октябр ойида Босния ва Ҳерцеговинада умуммиллий парламент ва президентлик сайловлари бўлиб ўтади.
Милорад Додик Босния ва Ҳерцеговина бўйича БМТнинг Олий вакили қарорларини бажаришни тақиқловчи икки қонунни кучга киритганидан сўнг Серб Республикаси президенти лавозимидан четлатилган. Гарчи Додик қайта сайланиш ҳуқуқига эга бўлмаган бўлса-да, у ҳали ҳам воқеаларга таъсир кўрсатаётган амалдаги етакчи сифатида кўрилади.
Дейтон келишувлари шартларига мувофиқ, Босния ва Ҳерцеговина Серб Республикаси (асосан босния серблари яшайдиган ҳудуд) ҳамда Босния ва Ҳерцеговина Хорват-мусулмон федерациясига бўлинган. Давлатнинг бу икки ярим автоном қисми ўзаро кучсиз марказий ҳукумат орқали боғланган. Мамлакатнинг 3,5 миллионга яқин аҳолисининг тахминан учдан бир қисми Серб Республикасида истиқомат қилади, унинг ҳудуди эса бутун давлат майдонининг деярли ярмини ташкил қилади.
Мавзуга оид
17:04 / 30.11.2025
Мухолифатчилар ҳибсга олиниши ва энергетика инқирози. Қирғизистонда навбатдан ташқари парламент сайловлари қандай шароитда ўтмоқда?
09:53 / 28.11.2025
Юридик университетда факултет деканлари сайлов асосида 2 йилга тайинланади
15:30 / 11.11.2025
Трамп сайловларга таъсир ўтказишга уринишда гумонланган 77 кишини афв этди
12:54 / 30.10.2025