Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Судяларни навбатдаги ўн йиллик муддатга тайинлаш тартиби бекор қилинади
Судяликка номзодларни дастлаб беш йил муддатга, кейинчалик муддатсиз даврга тайинлаш тартиби йўлга қўйилади. Судянинг касбий фаолиятини баҳолашда “ҳалоллик”, “касбий лаёқатлилик” ва “одоб қоидаларига риоя этиш” талабларининг аниқ мезонлари қонун даражасида белгиланади. Судялар фаолияти самарадорлигини баҳолашда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланилади.
Президентнинг “Судялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ҳужжат билан судяларни тайинлаш (сайлаш)га оид амалдаги тартибга бироз ўзгатиришлар киритилмоқда.
Фармон билан қуйидагилар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлигини оширишнинг устувор мақсадлари этиб белгиланмоқда:
- судялар ҳамжамияти органлари фаолиятида судяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини ва суд мустақиллигига оид илғор халқаро стандартлар кенг жорий этилишини таъминлаш;
- судялар корпусини шакллантириш тартибини такомиллаштириш, ушбу жараёнда судялар ҳамжамияти органлари ролини ошириш ва уларнинг масъулият доирасини аниқ белгилаш;
- судялар ҳамжамияти органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш, судьяликка номзодларни танлашнинг шаффоф тартибини жорий этиш;
- суд тизимида аёл судялар улушини камида 30 фоизга етказиш орқали тизимда гендер тенгликни таъминлаш.
Фармонга кўра, судяларни навбатдаги ўн йиллик муддатга тайинлаш (сайлаш) тартиби бекор қилиниб, судялик лавозимларига номзодларни дастлаб беш йил муддатга, кейинчалик муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) тартибини белгиланади. Туманлараро, туман, шаҳар судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари лавозимларига номзодларни аниқ мезонларга кўра судялар орасида очиқ танлов асосида танлаш тартиби ўрнатилади. Шунингдек, судянинг касбий фаолиятини баҳолашда “ҳалоллик”, “касбий лаёқатлилик” ва “одоб қоидаларига риоя этиш” талабларининг аниқ мезонлари қонун даражасида белгиланади.
Судялар олий кенгашининг доимий асосда фаолият юритувчи судялари лавозимига номзодлар тегишли суд судялари малака ҳайъатлари томонидан тавсия этилиши белгиланмоқда. Бунда кенгашнинг доимий асосда фаолият юритувчи судялари лавозимига, қоида тариқасида, судя сифатида камида 7 йил ишлаган судьялар номзоди кўрсатилиши мумкин.
Фармонга кўра, Судялар олий кенгашининг судялик лавозимларига номзодлар бўйича хулосалар қуйидаги судялар ҳамжамияти органлари томонидан тақдим этилишини назарда тутувчи тартиб қонунчиликка киритилади:
- судялар малака ҳайъатлари – ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг судялари, ҳудудий ҳарбий судларнинг, туманлараро, туман, шаҳар судларининг раислари, раис ўринбосарлари ва судялари лавозимларига номзодлар бўйича;
- Судялар олий малака ҳайъати – Олий суд судялари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раислари ва раис ўринбосарлари лавозимларига номзодлар бўйича.
Бундан ташқари, судялар ҳамжамияти органларининг мустақиллигини ошириш мақсадида Кенгаш ва Судялар олий малака ҳайъатининг қўшма йиғилишини ўтказиш тартиби бекор қилинади.
Судялар олий кенгаши раисига судялар томонидан Судялар одоби кодекси нормалари бузилган ёки манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолатларда судялар малака ҳайъатлари томонидан интизомий иш асоссиз тугатилган ёки тайинланган интизомий жазо судя содир этган қилмишга мос эмас деб топилган тақдирда, малака ҳайъатларининг тегишли қарорларини қайта кўриб чиқиш бўйича тақдимнома киритиш, шунингдек, кенгашнинг тузилмаси ва штат жадвалини белгиланган штат бирликлари доирасида мустақил тасдиқлаш ваколатлари берилади.
2025 йил 15 декабрга қадар кенгашнинг расмий веб-сайтида суд тизимида мавжуд бўш раҳбарлик ва юқори турувчи судялик лавозимларига оид маълумотлар ҳамда уларни эгаллаш учун танловда иштирок этиш тартиби, суд тизимида судялик лавозимлари, шу жумладан, раҳбарлик ва юқори турувчи судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ҳамда тайинлаш бўйича барча босқичларга оид маълумотларни очиқ эълон қилиб бориш амалиёти жорий этилади.
Бундан ташқари, фармонда судялик лавозимларига номзодлардан ортиқча маълумотлар талаб этилишига чек қўйиш мақсадида “Рақамли ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси кенгашнинг ахборот тизими билан тўлиқ интеграция қилиниши, судялар фаолияти самарадорлигини баҳолашда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш йўлга қўйилилиши ҳам белгиланган.
Адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарганлик учун жавобгарликни белгиловчи қонунчилик нормалари суд мустақиллигига оид халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқилади. Кенгаш аъзоларининг суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш борасидаги фаолиятига аралашганлик учун жиноий жавобгарлик чоралари белгиланади.
Мавзуга оид
11:46 / 14.04.2026
Сирдарё вилояти судяси 3600 доллар пора билан ушланди
18:18 / 05.03.2026
Самарқандда судя 300 доллар олаётганда ушланди
23:16 / 03.03.2026
Умрбод қамоқ жазоси педофилия жиноятига такроран қўл урган шахсларга тааллуқли бўлади
14:56 / 15.01.2026