Ўзбекистон | 13:31 / 25.11.2025
7309
2 дақиқада ўқилади

Гулистон шаҳрига янги ҳоким тайинланди

Гулистон шаҳрида халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида шаҳар ҳокими алмашди. Жамолиддин Ҳожиманов лавозимидан озод этилди, Фаррух Ўктамжонов эса шаҳар ҳокими этиб тасдиқланди.

Гулистон шаҳрида халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган сессия ишида Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркин Турдимов иштирок этди.

Эркин Турдимов ўз нутқида шаҳарда қатор йўналишларда қолоқликка йўл қўйилаётганини таъкидлади. Жумладан, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, экспорт кўрсаткичларини ошириш борасида шаҳар раҳбариятининг ҳаракатлари етарли эмаслиги қайд этилди.

Шаҳарни янада ривожлантириш йўналишида ишга солинмаган имкониятлар ҳақида депутатлар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Унга кўра, шу кунга қадар Гулистон шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келган Ҳожиманов Жамолиддин Ҳусниддинович эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Депутатлар томонидан шу кунга қадар Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган Ўктамжонов Фаррух Ўктамжонович номзоди Гулистон шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Маълумот учун, ўз вақтида Чилонзор тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлган Жамолиддин Ҳожиманов 2024 йил март ойи бошида Гулистон шаҳар ҳокими сифатида иш бошлаганди. Ундан аввалги ҳоким Тўлқин Дадабоев соғлигидаги муаммолар сабаб ўз аризасига биноан лавозимдан озод этилганди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид