Жаҳон | 16:05 / 25.11.2025
2264
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг нефт-газ даромадлари ноябрда 35 фоизга қисқаради — Reuters

Reuters агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, ноябр ойида Россия бюджети нефт ва газ сотишдан 520 млрд рубл миқдорида даромад олади. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35 фоизга кам.

Фото: picture alliance

Reuters агентлиги 24 ноябр, душанба куни ўз ҳисоб-китобларига таяниб хабар беришича, нефт нархининг арзонлашиши ва миллий валюта мустаҳкамланиши фонида, ноябр якунларига кўра, Россиянинг нефт ва газ сотишдан тушадиган даромадлари йиллик ҳисобда тахминан 35 фоизга камайиб, 520 млрд рублни ташкил қилиши мумкин.

Октябр ойи билан таққослаганда, ноябр ойидаги даромад, фойда солиғи тўловларини ҳисобга олмаган ҳолда, 7,4 фоизга пасайиши кутилмоқда. Январдан ноябргача бўлган давр мобайнида Россия бюджети нефт-газ даромадларидан 8 трлн рубл олиши прогноз қилинмоқда — бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22 фоизга кам.

Нефт-газ даромадларининг пасайишининг асосий сабаблари сифатида агентлик нефт нархининг тушиши ва рублнинг мустаҳкамланишини қайд этади. Reuters ҳисоблашича, январдан ноябргача солиқлар ҳисоб-китоби учун олинадиган Россия нефтининг нархи бир баррел учун 57,3 долларгача тушган, 2024 йилда эса бу кўрсаткич 68,3 долларни ташкил этган. Шу давр мобайнида рубл курси бир доллар учун 91,7 рублдан 81,1 рублгача мустаҳкамланган.

Россия нефтига бўлган талаб ва унинг нархи АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти томонидан «Роснефть» ва «Лукойл» каби нефт компанияларига нисбатан жорий йил октябр ойи охирида қўшимча санкциялар жорий этилганидан сўнг сезиларли даражада пасая бошлади.

Нефт-газ даромадлари Кремл учун молия манбаларида энг муҳим йўналишлардан бири бўлиб, федерал бюджет тушумларининг чорак қисмини таъминлайди, дея таъкидлайди Reuters. Уларнинг қисқариши бир неча ойдан бери қайд этилмоқда.

Октябр ойи якунларига кўра, даромадлар 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 26,6 фоизга камайган, сентябр якунларига кўра эса — 32 фоизга. 2025 йил учун Молия вазирлиги нефт ва газ сотишдан 10,94 трлн рубл даромад олишни режалаштирган эди, бироқ нефт нархларининг пасайиши фонида октябр ойида бу прогноз 8,65 трлн рублгача қайта кўриб чиқилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид