Жаҳон | 15:40 / 26.11.2025
1394
3 дақиқада ўқилади

АЭХА Запорижжя АЭСга алоҳида мақом беришни талаб қилмоқда

Украина бўйича тинчлик келишувида Запорижжя АЭСга «алоҳида мақом» берилиши лозим, деб таъкидлади АЭХА бош директори Рафаэл Гросси. Унинг сўзларига кўра, агентлик Европадаги энг йирик атом станцияси келажакдаги фаолияти учун «алмаштириб бўлмас» аҳамиятга эга.

Фото: Alexander Ermochenko/REUTERS

Украинадаги урушни тўхтатиш режасида Европадаги энг йирик атом электр станцияси бўлган Запорижжя АЭС (ЗАЭС) учун алоҳида мақом белгилаб қўйиш лозим, деди Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) бош директори Рафаэл Гросси сешанба, 25 ноябр куни Reuters агентлигига берган интервюсида.

«У охир-оқибат қайси томон назоратида қолишидан қатъи назар, барибир ҳамкорлик ҳақида битим тузиш ёки ҳамкорлик муҳитини яратиш керак бўлади», — дея таъкидлади Гросси. «Ниҳоятда муҳим нарса шундаки: агар дарёнинг нариги қирғоғида буни истамайдиган ва бунинг олдини олиш чораларини кўриши мумкин бўлган бошқа давлат турар экан, бирор оператор атом станциясидан фойдалана олмайди», — деб қўшимча қилди у.

Аввалроқ ОАВда эълон қилинган, Украина бўйича АҚШ томонидан таклиф этилган 28 бандли режада ЗАЭС ҳақида алоҳида параграф бор эди. Унда станция АЭХА назорати остида қайта ишга туширилиши, у ишлаб чиқарадиган электр энергияси эса Россия ва Украина ўртасида тенг бўлиб тақсимланиши айтилган.

Расман бу режа эълон қилинмаган. Сўнгги кунларда Украина, АҚШ ва ғарб давлатлари расмийлари ҳамда ОАВ режа қайта кўриб чиқилгани, ундаги бандлар сони камайтирилгани ҳақида бир неча бор хабар берди. Ҳозирги музокараларда ЗАЭСнинг келажаги муҳокама этилаётган-этилмаётгани номаълум.

«(ЗАЭСдан энергияни) тақсимлаш керакми-йўқми — батафсил тўхталишни истамайман, чунки бу сиёсат. Бу ҳақда Украина ва Россия қандайдир бир пайтда қарор қабул қилади. Лекин битта нарса аниқ: бу ҳолатда АЭХА алмаштириб бўлмас аҳамиятга эга», — деди бу борада Рафаэл Гросси.

Умумий қуввати 6000 МВт бўлган олтита энергия блокидан иборат Запорижжя АЭС 2022 йил март ойида Россия қўшинлари томонидан босиб олинган. Ҳозирда барча реакторлар тўхтатилган, аммо улар доимий совитишга муҳтож. Совитиш тизимига ташқи тармоқдан электр энергияси берилади. Агар электр таъминоти узилиб қолса, дизел генераторлар орқали электр таъминотини сақлаб туришга тўғри келади.

Запорижжя АЭС сув сатҳи тушиб кетган Каховка сув омборининг жанубий соҳилида жойлашган. Бу қирғоқни Россия армияси назорат қилади. Шимолий қирғоқ эса Украина қўшинлари қўлида. Томонлар мунтазам равишда бир-бирини станцияни ўққа тутиш ва электр таъминотини тўсиб қўйишда айбламоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид