Жаҳон | 11:15 / 26.11.2025
1642
3 дақиқада ўқилади

Францияда Россия фойдасига жосусликда гумон қилинган уч киши қўлга олинди

Францияда Россия манфаатлари йўлида жосуслик ва мамлакатни беқарорлаштиришга қаратилган ҳаракатларда гумонланаётган SOS Donbass бирлашмасига нисбатан тергов олиб борилмоқда.

Фото: AFP / Philippe Lopez

Икки эркак ва бир аёл Францияда Россия фойдасига жосусликда ҳамда жамоатчилик фикрига Москва манфаати йўлида таъсир ўтказишга уринишда гумон қилинган ҳолда қўлга олинди. Бу ҳақда AFP агентлиги чоршанбага ўтар кечаси, 26 ноябрда хабар берди.

Франция ҳокимиятининг маълум қилишича, ушлаб туриш чоралари француз-рус SOS Donbass бирлашмасига қарши олиб борилаётган тергов доирасида амалга оширилган. Қўлга олинганлардан бири — 40 ёшли Россия фуқароси Вячеслав П. — Париж прокуратураси томонидан сентябр ойида Триумфал аркага Россия позициясидаги шиорлар ёзилган плакатларни ёпиштирганликда айбланмоқда. Уни кузатув камералари ёзувлари орқали аниқлашган.

Тергов маълумотларига кўра, плакатларни ёпиштирганидан сўнг П. икки бошқа гумонланувчига, жумладан SOS Donbass бирлашмаси раҳбари, 40 ёшли Анна Н.га қўнғироқ қилган. Анна Н. Россия ва Франция фуқаролигига эга. У Франция иқтисодиёти вакилларидан маълумот олишга уринишда айбланмоқда.

Франция давлат хавфсизлиги хизмати DGSI йил бошидан буён Н. устидан кузатув олиб бормоқда ва уни «мамлакатнинг асосий манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган ҳаракатлар»да гумон қилмоқда. Март ойида унинг устидан «хорижий давлат фойдасига жосуслик»да гумон қилинган ҳолда расмий тергов бошланган. Унга 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси хавф солмоқда.

Учинчи қўлга олинган шахс ҳақида маълум бўлгани — унинг исми Винсент П., 63 ёшда ва Париж атрофида яшайди. Тўртинчи гумонланувчи — 58 ёшли Бернар Ф. қамоққа олишдан қутулиб қолган. Лекин у суд назорати остига ўтказилган ва ҳафтада бир марта полицияга бориб, шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим қилиб белгиланишга мажбур.

SOS Donbass бирлашмаси ўзини урушдан жабр кўрган Украина шарқий ҳудудларига ёрдам етказувчи гуманитар ташкилот сифатида кўрсатади. Бироқ DGSI Франция махсус хизмати гумон қилишича, аслида бу ташкилот жосуслик билан шуғулланади ва Францияни беқарорлаштиришга қаратилган ҳаракатлар олиб боради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид