Жаҳон | 10:44 / 26.11.2025
1870
4 дақиқада ўқилади

Трамп: Украина учун хавфсизлик кафолатларида Европа кенг иштирок этади

АҚШ Украина учун хавфсизлик кафолатларини таъминлаш масаласида Европа билан келишувлар олиб бормоқда, Европа бу кафолатларда катта даражада иштирок этади, деб билдирди Трамп Air Force One бортида.

Фото: Manuel Balce Ceneta/AP

Европа Украинадаги уруш якунланганидан сўнг Киевга хавфсизлик кафолатларини тақдим этишда катта даражада иштирок этади, деб ваъда берди АҚШ президенти Доналд Трамп. У бу ҳақда сешанба, 25 ноябр куни президент самолёти Air Force One бортидаги журналистлардан бирининг саволига жавоб берар экан айтиб ўтди.

«Хавфсизлик кафолатлари ва Украинанинг НАТОга қўшилиши масаласи нима бўлади?» дея сўради журналист. «Биз бу масала бўйича Европа билан келишувга келяпмиз. Европа бу ишда жуда катта даражада иштирок этади. Европа, аслида, бу (Россиянинг Украинага қарши уруши – таҳр.) имкони борича тезроқ якунланишини чиндан истайди», — деди Трамп.

Яна бир журналистнинг 28 банддан иборат дастлабки тинчлик режаси кўплаб республикачилар томонидан «Россия учун ҳаддан ташқари қулай» деб баҳолангани ва у буни ўзгартирган-ўзгартирмагани ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Трамп режанинг дастлабки вариантини фақат «қоралама», умумий концепция деб айтди.

АҚШ президентининг журналистлар билан мулоқотини ўз ичига олган аудиоёзувни Оқ уй матбуот хизмати YouTube’га жойлаштирди.

Украина томони Россияга эҳтимолий ҳудудий имтиёзлар бериши масаласига тўхталар экан, Трамп қуйидагича таъкидлади: «Агар сиз ҳозир барча нарсанинг қандай ривожланаётганига қарасангиз, ҳаммаси бир йўналишда кетяпти. Демак, бу ерлар бир неча ойдан кейин барибир Россия қўлига ўтиши мумкин. У ҳолда нима, сиз яна 50–60 минг одамни йўқотиш учун курашмоқчимисиз? Ёки бирор нарсани ҳозир қилишни истайсизми? Айрим ҳолларда ҳолат аксинча йўналишда ҳам кетиши мумкин. Улар музокара олиб боришяпти, буни тугатишни исташяпти. Сиз чегарага эга бўлишни хоҳлайсиз. Лекин чегара магистрал йўлнинг ўртасидан ёки шаҳарнинг ўртасидан ўтиши мумкин эмас. Бу ишламайди. Демак, бу узоқ ва мураккаб жараён, ва бу жуда ғамгин ҳолат, чунки шунчаки кўп одамлар ҳалок бўлиши мумкин».

Россия қандай ён босиши кераклиги ҳақидаги саволга жавобан эса Трамп Москва «ҳақиқатда имтиёзларга бораётганини» таъкидлади: «Улар энди жанг қилмайди ва бошқа ҳудудларни эгалламайди».

АҚШ президентининг сўзларига кўра, у Украина томони унинг «тинчлик режаси»ни маъқуллаши учун аввал белгиланган 27 ноябр санасига қатъий муддат сифатида туриб олмаяпти. Шу билан бирга, Трамп «бу сана яқин келажакда бўлиши мумкин», деб ҳисоблайди. «Биласизми, мен учун дедлайн — бу иш қачон якунланса, ўшанда», — деб қўшимча қилди Оқ уй раҳбари.

Bloomberg агентлиги хабарига кўра, унинг махсус вакили Стив Уиткофф Россия президенти Владимир Путиннинг маслаҳатчиси Юрий Ушаков билан Украина бўйича Трампнинг «тинчлик режаси»ни муҳокама қилган ва Путин бу масалада Трамп билан қандай гаплашиши кераклиги ҳақида маслаҳатлар берган. Бу ҳақда сўралганда, АҚШ президенти қуйидагиларни айтди:

«Биласизми, бу одатий нарса. Ахир, у бу тинчлик режасини Украинага ҳам, Россияга ҳам “сотиши” керак. Битимлар айнан шундай тузилади (…) Бу музокараларни олиб боришнинг жуда одатий шакли. Мен (Уиткофф ва Ушаков ўртасида бўлган, деб тахмин қилинаётган суҳбатнинг аудиоёзувини – таҳр.) эшитмаганман, лекин бу стандарт музокаралар ва мен тахмин қила оламанки, улар худди шундай нарсаларни украиналикларга ҳам айтган бўлиши мумкин. Чунки ҳар бир томон бир нарсани олиши ва бир нарсадан воз кечишига тўғри келади».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид