Ўзбекистон | 12:41 / 28.11.2025
918
1 дақиқада ўқилади

Бурундининг Ўзбекистондаги биринчи элчиси ишонч ёрлиқларини топширди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Бурунди давлатининг мамлакатдаги биринчи элчиси Жозеф Нкурунзиза ишонч ёрлиқларини қабул қилди. Томонлар икки томонлама алоқалар салоҳияти ва халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Фото: Бахтиёр Саидов / Telegram

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Бурунди давлатининг Ўзбекистондаги биринчи элчиси Жозеф Нкурунзизани қабул қилди. Учрашув чоғида элчи жаноблари ўзининг ишонч ёрлиқларини вазирга топширди.

Ташқи ишлар вазири ўз Telegram-каналидаги хабарида Бурундининг Ўзбекистондаги биринчи элчиси ишонч ёрлиқларини қабул қилганини қайд этар экан, мулоқот самарали ва келажакка йўналтирилган руҳда ўтганини таъкидлади.

Музокаралар давомида:

  • икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг ривожланаётган салоҳияти бўйича фикр алмашилди;
  • савдо-иқтисодий, сиёсий ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари муҳокама этилди;
  • халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ҳамкорликни кучайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида Бахтиёр Саидов элчи Жозеф Нкурунзизага Ўзбекистондаги масъулиятли дипломатик фаолиятида муваффақиятлар тилаб, ўзаро манфаатли ва натижага йўналтирилган ҳамкорликни биргаликда ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид