Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нега Ўзбекистон поездларига чипта нархи қиммат?
Kun.uz билан суҳбатлашган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раиси ўринбосари Ҳикматулла Раҳметовга кўра, компания ҳали-ҳануз чипталарни зарарига сотади. Яъни, қилинган харажатдан кам миқдорда нарх белгиланмоқда. Масалан, «Афросиёб» поездларининг чиптаси ҳозирги қилган харажатимиз ҳолатида мавжуд нархдан икки баравар қиммат чиқади, дейди у. Лекин нарх ошганига яраша сервис сифати ҳам яхшиланиб бориши керак.
Фото: Транспорт вазирлиги
Ўзбекистонда аҳоли ҳали-ҳануз битта темирйўллар компаниясининг хизматларидан фойдаланиб келади. Юридик нуқтайи назаридан, компания ўз ичида турли корхоналарга бўлинган ва оғизда “монополияни аллақачон синдирган”.
Kun.uz билан гаплашган истеъмолчилар доимий равишда йўналишлар бўйлаб белгиланган ва йилдан йилга қимматлаётган нархлардан норозилигини айтади. Бироқ таҳририятнинг саволларига жавоб берган мутахассислар олинган кредит ва ишлатилаётган харажатлар сабаб чипта нархи қимматлигини айтганди.
Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Ҳикматулла Раҳметов эса чипталар ҳалиям зарарига сотилаётгани, аслида эса нархлар бундан икки баравар қиммат чиқишини айтди.
“Нарх нимадан келиб чиқади? Нарх харажатдан келиб чиқади, авваламбор. Лекин бугунги кунда Ўзбекистон темирйўллари харажатидан арзон билетларни сотяпти. Яъни биз 1 сўм харажат қилаётган бўлсак, бугунги кунда 50 тийинга шу билетни сотяпмиз. Афросиёб ҳам, бошқа поездлар ҳам”, дейди у.
Сўзининг давомида раис ўринбосари Ўзбекистондаги билетлар Хитойникидан арзонлигини қўшимча қилди.
“Агар сиз Хитойда бугун ВИП олсангиз, 400 долларга борасиз ва ичида овқат ҳам бермайди. Германияда, майли, мен Германияни гапирмай, уларнинг ички ялпи маҳсулотлари жуда ҳам баланд. Лекин Хитойни, мисол учун, агар одам бошига ҳисоблайдиган бўлсангиз ички ялпи маҳсулотни, бизникига иқтисоди, ойликлари яқинроқ Ўзбекистонга. Хитой Халқ Республикасининг ойликлари бизга яқинроқ-да, озгина. Россияники ҳам биздан баланд, Хитойники ҳам биздан баланд. Мен биздан арзон давлатни менга айтиб беринглар”, дейди Раҳметов.
Маълум бўлишича, Тошкент-Самарқанд йўналишида юқори тезликда юрувчи поезд йўли қурилади, сўнгра у Бухорогача узайтирилади.
“Биз ҳозир Тошкентдан Самарқандга алоҳида, юқори тезликда юрадиган поезднинг йўлини қуришнинг техник-иқтисодий асосини бошладик. Техник-иқтисодий, нима дейди, асосини бошладик, Тошкентдан Самарқандгача. Тезлик — 300 км. Якунлаяпмиз, бошламадик, якунлаяпмиз. Ана ўша якунлангандан кейин албатта биз Тошкент-Самарқанд алоҳида тезюрар, юқори тезликда юрадиган йўлини қурамиз. Давлатимиз учун осон эмас бу. Албатта қурамиз. У битгандан кейин Самарқанддан Бухорога қурамиз”, дея таъкидлайди раис ўринбосари.
Мавзуга оид
15:05 / 01.12.2025
Темирйўллари тизимида монополия тугатиладими?
10:59 / 10.11.2025
Словакияда поездлар тўқнашди: ўнлаб одам жароҳатланди
14:45 / 03.11.2025
Британияда поездда пичоқ билан қилинган ҳужум: 32 ёшли эркак ушланди
07:29 / 23.10.2025