Жаҳон | 07:17 / 28.11.2025
13329
2 дақиқада ўқилади

Нодир ер элементлари: жаҳон захираларининг деярли ярми Хитой қўлида

Нодир ер элементлари (НЕЭ) – замонавий технологиянинг асоси: электродвигателлар ва шамол генераторларидан тортиб смартфонлар ва юқори аниқликдаги навигация тизимларигача ҳаммаси уларга таянади.

Фото: AP

Visual Capitalist портали мутахассислари АҚШ Геология хизмати (USGS) маълумотлари асосида яратган янги инфографикада жаҳонда маълум бўлган НЕЭ захиралари қаерда жойлашгани кўрсатилган бўлиб, уларнинг жуда кам сонли мамлакатларда жамлангани алоҳида таъкидланади.

Тақсимот жуда номутаносиб. Фақатгина Хитой Халқ Республикасининг ўзи жаҳон захираларининг деярли ярмига эга, ундан кейин Бразилиядаги йирик конлар келади. Таққослаш учун айтиш мумкинки, кўплаб ривожланган иқтисодиётга эга давлатларнинг бу ресурслари жуда кам.

Хитой 44 миллион тонна билан пешқадам – бу жами 91,9 миллион тоннали жаҳон захираларининг тахминан 48 фоизини ташкил этади. Бразилия 21 миллион тонна (23 фоиз) билан мустаҳкам иккинчи ўринда, у ердаги йирик захираларнинг кўп қисми ҳали ўзлаштиришнинг дастлабки босқичларида.

Ҳиндистон (6,9 миллион тонна), Австралия (5,7 миллион тонна), Россия (3,8 миллион тонна) ва Ветнам (3,5 миллион тонна) захиралар ҳажми бўйича АҚШдан олдинда туради. Жами олти етакчи мамлакат барча маълум захираларнинг қарийб бешдан тўрт қисмини ўз қўлида ушлаб турибди.

Қўшма Штатлар эса фақат 1,9 миллион тонна НЕЭ (2 фоиз) захирасига эга, бу эса уларнинг импорт ва қайта ишлаш занжирларига боғлиқлигини яна бир бор кўрсатади. Сўнгги ойларда Трамп маъмурияти АҚШнинг Хитой етказиб берувчиларига боғлиқлигини камайтиришга ҳаракат қилмоқда: миллий кончилик лойиҳаларини молиялаштириш, рухсатномалар бериш жараёнини тезлаштириш ва таъминот занжирларини диверсификация қилиш учун иттифоқчи давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш орқали.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид