Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Брюссель – Украинага: Агар ЕИга кирмоқчи бўлсангиз, коррупционерларни суд қилинг
Киев коррупцияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларининг самарадорлигини исботлаши керак, деди ЕИ адлия масалалари бўйича комиссари Макграт. Унинг изоҳи Володимир Зеленскийнинг яқин атрофига оид коррупция айбловлари фонида янгради.
Фото: AP
Агар Украина Европа Иттифоқига аъзо бўлиш йўлида олдинга ҳаракатланишни истаса, у сиёсат ва бизнесдаги коррупция ишлари бўйича ҳақиқий суд ҳукмларига эришиши шарт. Бу ҳақда жума куни, 28 ноябрда, адлия масалалари бўйича еврокомиссар Майкл Макграт маълум қилиб, Украина президенти Володимир Зеленскийга яқин ҳамкорларига қарши коррупция айбловлари ортидан тушаётган босим ҳақида фикр билдирди.
Politico нашрига берган интервюсида Макграт таъкидлашича, Европа ҳукуматлари агар Киев олий ҳокимият поғоналаридаги жиноятларга қарши курашишнинг самарали тизими мавжудлигини исботлай олмаса, Украина ЕИга қўшилишини қўллаб-қувватламайди. Унинг сўзларига кўра, суд тизими ва коррупцияга қарши идораларни ислоҳ қилиш Европа Иттифоқига аъзо бўлишга даъвогар барча давлатлар учун асосий шарт ҳисобланади.
Украинадаги ислоҳотлар жараёни “узоқ йўл” эканини тан олган еврокомиссар, шу билан бирга Киев коррупцияга қарши курашда "энг юқори даражада саъй-ҳаракатлар қилаётгани"га ишора қилди. Майкл Макграт, шунингдек, вазият ривожи борасида Украина расмийлари билан мунтазам мулоқотда эканини қайд этди.
«Ҳар бир номзод мамлакатда юқори даражадаги эҳтимолий коррупция ишларини кўриб чиқиш учун ишончли тизим мавжуд бўлиши керак. Ишончли тергов тизими, ва натижада – таъқиб қилиш ва суд ҳукмини чиқариш тизими керак. Бу соҳада самарали иш кўрсатиш – барча аъзо давлатлардан ва албатта, Европа Иттифоқига қўшилишга интилувчилардан талаб қиладиган шартдир», – деди Макграт.
Унинг баёнотидан сўнг, коррупцияга қарши идоралар давом этаётган тергов доирасида Зеленскийнинг энг нуфузли маслаҳатчиларидан бири Андрей Ермак билан боғлиқ биноларда тинтув ўтказди, деб ёзади Politico.
Нашр таъкидлашича, бу тергов Украина учун жуда таранг бир даврга тўғри келди. АҚШ президенти Доналд Трамп Зеленскийга босим ўтказиб, Россияга Украина ҳудудининг бир қисмини беришни назарда тутувчи тинчлик режасини қабул қилишни талаб этмоқда.
Шу билан бирга, Украина ЕИга аъзо бўлиш учун ариза бериш жараёнини давом эттирмоқда, бироқ бу йўлда Венгрия тўсиқ бўлмоқда. Макграт «бир хил стандарт барча номзод-давлатларга татбиқ этилишини» эслатди ва қонун устуворлиги ҳамда суд ислоҳотлари «қўшилиш жараёнининг марказида» эканини таъкидлади.
«Биз Украина ҳокимиятлари билан бу талаблар қандай экани ҳақида жуда очиқ ва ростгўй муносабатдамиз», – деди еврокомиссар. Қонун устуворлиги стандартлари Европа Иттифоқига аъзо бўлишга интилаётган барча мамлакатлар томонидан бажарилиши лозим. «Агар улар бажарилмаса, Европа Иттифоқи аъзо-давлатларидан қўшилиш йўлида олдинга силжиш учун қўллаб-қувватлов ололмайсиз», – дея қайд этди у.
Мавзуга оид
13:45
Кипр: Украина ЕИ Кенгашига раислик даврида устувор йўналиш бўлади
09:21
ОАВ: Лондон Украинага РФнинг 9 млрд евролик активларини топширишга тайёр
23:21 / 04.12.2025
Украина аҳолиси 42 миллиондан 36 миллионгача камайди – ОАВ
23:00 / 04.12.2025