Ўзбекистон | 11:30 / 29.11.2025
5690
2 дақиқада ўқилади

Қўриқлаш хизмати Миллий гвардиядан ИИВга ўтказилди

Президент қарори билан, Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси ИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти этиб қайта ташкил этилди. Янги тузилма объектларни замонавий усулларда қўриқлаш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда 2026 йилдан бошлаб банклар ва йирик объектларга юзни таниш тизимларини ўрнатиш орқали хавфсизликни кучайтиришни кўзда тутади.

“Ички ишлар органларининг қўриқлаш соҳасидаги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти этиб қайта ташкил этилди.

Қарорга кўра, Қўриқлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари зиммасига қуйидаги асосий вазифалар юклатилади:

шартнома асосида давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектлар, таълим муассасалари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулки, савдо, хизмат кўрсатиш, кўнгилочар ва қурилиш объектларини замонавий усуллар орқали қўриқлаш;
қўриқланаётган объектларда ички тартиб ва назорат ўтказиш режимларини таъминлаш;
қўриқлаш фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация воситалари ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш.

Қарорда қайд этилишича, 2026 йил 1 январдан бошлаб қўриқловга олинган банклар, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа қатор объектларда фуқаролар кириш ва чиқиш жойларига шахснинг юзини таниб олиш имкониятига эга техник воситалар босқичма-босқич ўрнатилади.

Ушбу чора-тадбирлар қўриқлаш хизматлари самарадорлиги ва объектлар хавфсизлигини ошириш, жамоат тартибини мустаҳкамлаш ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида назоратни кучайтиришга қаратилгани таъкидланмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид