Жаҳон | 13:17 / 29.11.2025
16199
5 дақиқада ўқилади

Исроил кучлари қуролсиз ва таслим бўлган икки фаластинликни отиб ўлдирди (видео)

Ғарбий соҳилда рейд ўтказган IDF ва Исроил чегара полицияси икки фаластинлик эркакни қўлга олинган жойида отиб ўлдирди. Пайшанба оқшомидаги қотиллик видеотасвирга тушиб қолган, яқин атрофдаги журналистлар ҳам унга гувоҳ бўлган. Исроил ҳолат бўйича тергов бошлаганини маълум қилди.

Фото: Reuters

Исроил кучлари 27 ноябрь куни босиб олинган Ғарбий Соҳилда фаластинлик икки эркакни отиб ўлдирди. Улар қўшинларга таслим бўлаётгандек кўринган. Бу ҳодиса фаластинликлар томонидан «совуқ қон билан қатл» дея баҳоланмоқда.

Қотиллик жараёни – икки араб телеканалида намойиш этилган видеоларда акс этган бўлиб, Исроил Ғарбий Соҳилда ҳужумларини кучайтираётган бир пайтда содир бўлди. Фаластинликлар ва ҳуқуқ фаоллари Исроил Ғарбий соҳилдаги рейдлари давомида ҳаддан зиёд куч ишлатиб, ўнлаб қуролсиз тинч аҳоли вакилларини ўлдирганини таъкидлашади.

Associated Press’нинг ёзишича, овозсиз тарзда тарқалган видеода – икки эркак гараждан қўл кўтариб чиқаётгани, портловчи моддалар йўқлигини кўрсатиш учун кўйлакларини кўтарганлари акс этган. Уларга ётишга буйруқ берилади ва полициячилардан бири уларни тепади. Сўнг улар яна гаражга қайтишга мажбур қилинади.

Фото: AP

Эркаклар ерда ётган пайтда атрофда аскарлар турган ва ўқ овозлари эшитилади. Эркаклар қимирлашдан тўхтайди. Камида бир аскар қуролидан ўқ узаётгани кўринади.

The Guardian нашри эса видеода беш нафар чегара полициячиси қуролларини кўтарганини ёзган.

Исроил ҳарбийлари ва миллий полиция пайшанба куни икки эркакнинг ўлими бўйича тергов бошлаганини маълум қилди. Эркаклар Исроил ҳарбийлари билан бирга тез-тез фаолият юритадиган чегаравий махсус полиция бўлинмаси томонидан отиб ўлдирилган.

Фото: New York Times

Исроил армияси баёнотида икки эркак Женин шаҳридаги қидирувдаги шахслар бўлгани ва улар қўшинларга қарата портловчи моддалар улоқтиргани айтилади. IDF’га кўра, эркаклар таслим бўлиб бино ичидан чиққанидан сўнг «гумонланувчиларга қарата ўқ йўналтирилган».

Фаластинликлар ва ҳуқуқ фаоллари бундай терговлар камдан-кам натижа беришини, Исроил аскарлари деярли ҳеч қачон жавобгарликка тортилмаслигини айтишади.

Исроилнинг ўта ўнг миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир – полиция тизими учун масъул кучларни олқишлаб, улар «худди ўзларидан кутилгандек иш тутганини» таъкидлади. Исроил ОАВ хабарларига кўра, отишмада қатнашган чегара полицияси бўлинмаси «Ямас» деб номланувчи махсус кучлар гуруҳи бўлган. У яширин ва махфий операциялари билан танилган, аъзолари одатда расмий сир тутилади.

Фаластин ва БМТ қоралади

Рамаллоҳда Фаластин бош вазири идораси эса Исроилни эркакларни «совуқ қон билан қатл этишда» айблади. Бошқарма бу отишни «халқаро гуманитар ҳуқуқнинг очиқ-ойдин бузилиши, судсиз қатл» деб атади.

Фото: The Guardian

Фаластин расмийларига кўра, икки эркак 26 ёшли Ал-Мунтасир Абдуллаҳ ва 37 ёшли Юсуф Асаса бўлган. Исроил уларнинг жасадларини олиб кетган.

«Биз кеча Женинда Исроил чегара полицияси томонидан икки фаластинлик эркакнинг очиқчасига ўлдирилганидан қаттиқ ларзадамиз. Бу яна бир яққол хулосавий қатл ҳолати», деди БМТ Инсон ҳуқуқлари бошқармаси матбуот котиби Жереми Лоуренс.

БМТ офисига кўра, 2023 йил 7 октябрдан бери босиб олинган Ғарбий Соҳилда Исроил кучлари ва кўчманчилари томонидан 1 030 нафар фаластинлик ўлдирилган. «Исроил хавфсизлик кучларининг ноқонуний куч ишлатиши устидан жазосизлик, шунингдек исроиллик кўчманчилар зўравонлигининг тобора кучайиши барҳам топиши шарт», дейилади баёнотда.

«Бугун ҳужжатлаштирилган бу қатл – фаластинликларнинг ҳаёти Исроил режими томонидан буткул назарга илинмаслигининг натижасидир. Исроилда фаластинликларнинг ўлдирилишини тўхтатадиган ёки айбдорларни жавобгарликка торта оладиган ҳеч қандай механизм йўқ», деди "B'Tselem" инсон ҳуқуқлари гуруҳи ижрочи директори Юли Новак The Guardian нашрига.

Пайшанба куни Жениндаги қотилликни бошқалардан ажратиб турадиган нарса — видео далилининг равшанлиги. Аслида уруш ҳолати ёки можаролар даврида ҳам, қуролсиз асирларни қатл қилиш — ҳарбий жиноят ҳисобланади. Лекин Исроил аскарлари ва полиция ходимлари фаластинликларни ўлдириш ҳоллари юзасидан юзлаб шикоятларга қарамай жуда кам жавобгарликка тортилади.

Фото: AP

Отишма Ғарбий Соҳилнинг шимоли-шарқий қисмида давом этаётган йирик операция фонида содир бўлди. Фаластин Маҳбуслари Кенгаши вакили Абдулла ал-Зағарийга кўра, Исроил армияси сешанбадан бери Тубас шаҳрида 100 дан ортиқ одамни қўлга олган. 

Мавзуга оид