Исроил кучлари 27 ноябрь куни босиб олинган Ғарбий Соҳилда фаластинлик икки эркакни отиб ўлдирди. Улар қўшинларга таслим бўлаётгандек кўринган. Бу ҳодиса фаластинликлар томонидан «совуқ қон билан қатл» дея баҳоланмоқда.

Қотиллик жараёни – икки араб телеканалида намойиш этилган видеоларда акс этган бўлиб, Исроил Ғарбий Соҳилда ҳужумларини кучайтираётган бир пайтда содир бўлди. Фаластинликлар ва ҳуқуқ фаоллари Исроил Ғарбий соҳилдаги рейдлари давомида ҳаддан зиёд куч ишлатиб, ўнлаб қуролсиз тинч аҳоли вакилларини ўлдирганини таъкидлашади.

Associated Press’нинг ёзишича, овозсиз тарзда тарқалган видеода – икки эркак гараждан қўл кўтариб чиқаётгани, портловчи моддалар йўқлигини кўрсатиш учун кўйлакларини кўтарганлари акс этган. Уларга ётишга буйруқ берилади ва полициячилардан бири уларни тепади. Сўнг улар яна гаражга қайтишга мажбур қилинади.

Фото: AP

Эркаклар ерда ётган пайтда атрофда аскарлар турган ва ўқ овозлари эшитилади. Эркаклар қимирлашдан тўхтайди. Камида бир аскар қуролидан ўқ узаётгани кўринади.

The Guardian нашри эса видеода беш нафар чегара полициячиси қуролларини кўтарганини ёзган.

Исроил ҳарбийлари ва миллий полиция пайшанба куни икки эркакнинг ўлими бўйича тергов бошлаганини маълум қилди. Эркаклар Исроил ҳарбийлари билан бирга тез-тез фаолият юритадиган чегаравий махсус полиция бўлинмаси томонидан отиб ўлдирилган.

Фото: New York Times

Исроил армияси баёнотида икки эркак Женин шаҳридаги қидирувдаги шахслар бўлгани ва улар қўшинларга қарата портловчи моддалар улоқтиргани айтилади. IDF’га кўра, эркаклар таслим бўлиб бино ичидан чиққанидан сўнг «гумонланувчиларга қарата ўқ йўналтирилган».

Фаластинликлар ва ҳуқуқ фаоллари бундай терговлар камдан-кам натижа беришини, Исроил аскарлари деярли ҳеч қачон жавобгарликка тортилмаслигини айтишади.

Исроилнинг ўта ўнг миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир – полиция тизими учун масъул кучларни олқишлаб, улар «худди ўзларидан кутилгандек иш тутганини» таъкидлади. Исроил ОАВ хабарларига кўра, отишмада қатнашган чегара полицияси бўлинмаси «Ямас» деб номланувчи махсус кучлар гуруҳи бўлган. У яширин ва махфий операциялари билан танилган, аъзолари одатда расмий сир тутилади.