Жаҳон | 09:42 / 29.11.2025
3268
2 дақиқада ўқилади

Руминия мудофаа вазири резюмесидаги ёлғон маълумотлар сабаб ишдан кетди

Йонуц Моштяну таълим олгани ҳақидаги ёлғон маълумотларни тан олди. Руминия ҳукумати Россия билан боғлиқ таранглик шароитида мудофаа вазирлигини вақтинча ким бошқаришини ҳал қилмоқда.

Фото: AP

Руминия мудофаа вазири Йонуц Моштяну резюмесидаги мувофиқсизликлар сабабли истеъфо берди. Жума, 28 ноябр куни Facebook ижтимоий тармоғида эълон қилинган баёнотида Моштяну ўз олий маълумоти тўғрисидаги маълумотларда «хатога йўл қўйганини» маълум қилди ва мудофаа вазири лавозимини тарк этиш қарорини эълон қилди.

«Руминия ва Европа Россия босими остида турибди. Миллий хавфсизлигимиз қандай бўлмасин ҳимоя қилиниши шарт. Тайёргарлигим ва кўп йиллар олдин йўл қўйган хатоларим муҳокамаси мамлакатни ҳозир бошқараётганларни уларнинг мураккаб вазифасидан чалғитишини истамайман», — дея изоҳлади мансабдор шахс ўз қарорини.

Сўнгги ойларда Руминияда ҳаво ҳудуди эҳтимолий рус дронлари томонидан бузилгани ҳақида бир неча бор хабар берилган. Бундан ташқари, Москва ўтган йили Руминияда бўлиб ўтган президентлик сайловига аралашганликда айбланган.

Руминия бош вазири Илие Боложан Йонуц Моштянунинг бош вазир ўринбосари ва мудофаа вазири лавозимларидан истеъфосини қабул қилганини, мудофаа вазирлигини эса вақтинча амалдаги иқтисодиёт ва туризм вазири Раду Мируцэ бошқариб туришини маълум қилди.

Моштяну атрофидаги можаро Libertatea нашри шу ҳақда хабар берганидан кейин юзага келди. Нашр маълумотларига кўра, у расмий резюмесида 1990-йиллар охирида Бухарестдаги Athenaeum университетида «менежмент» ихтисослиги бўйича ўқиганини даъво қилган. Аммо университетнинг ўзида журналистларга бундай талаба умуман бўлмагани, бундай ихтисослик эса ўқув дастурида фақат 2020 йилдан бошлаб пайдо бўлгани айтилган.

Йонуц Моштяну Libertatea нашридаги маълумотлар тўғрилигини тан олди ва 27 ноябр куни бўлиб ўтган воқеа учун узр сўраб, ўшанда бу тафсилотларга катта эътибор қаратмаганини айтди. У яширадиган ҳеч нарсаси йўқлигини таъкидлаб, ижтимоий тармоқларда Bioterra университети бакалавр дипломини эълон қилди. Кейинги куни эса Моштяну истеъфога чиққанини маълум қилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид