Жаҳон | 18:14 / 30.11.2025
7570
4 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу Исроил президентидан коррупция иши бўйича афв сўради

Бинямин Нетаняҳу ўзига қўйилган пора олиш, коррупция, фирибгарлик каби айбловлар юзасидан Исроил президентига афв сўраб расмий ариза топширди.

Фото: Getty Images

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу мамлакат президенти Исхак Герцогга афв этиш тўғрисида расмий илтимоснома юборди. Бу ҳақда 30 ноябр куни президент девони хабар берди.

Нетаняҳунинг ўзи ҳам ижтимоий тармоқларда эълон қилган видеомурожаатида унга қарши жараён «деярли олти йилдан бери давом этаётгани», аммо тергов бошланганидан бери «деярли ҳеч нарса содир бўлмагани»ни, бу иш мамлакатни бўлиб юборганини, афв этиш эса миллий бирликни тиклашга ёрдам беришини айтади. У ҳафтада уч марта судга келиш талаби уни давлат бошқарувидан чалғитаётганини қўшимча қилган.

«Мамлакатдаги кўпчилик қатори ишончим комилки, жараённи зудлик билан тўхтатиш кескинликни юмшатиш ва кенг кўламли ярашувга ҳисса қўшишга ёрдам беради – мамлакатимиз бунга жуда муҳтож», – дейди Нетаняҳу.

Ноябр ойи бошида АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил президентига мактуб йўллаб, уни Нетаняҳуни «тўлиқ афв этиш»га чақирганди. Трамп Нетаняҳу «кучли рақиблар қаршисида Исроилни дадил ҳимоя қилгани» ва уни мамлакатни бошқаришдан чалғитиш ўзини оқламаслиги ҳақида ёзган.

Исроилда президент асосан рамзий функцияларни бажаради, аммо конституциявий қонунлардан бири унга «жиноятчиларни афв этиш ва уларга нисбатан жазони юмшатиш ва алмаштириш» ваколатини беради.

Шунингдек, ўтмишда Исроил Олий суди президент, агар жамият манфаатлари ёки «фавқулодда шахсий ҳолатлар» талаб қилса, судланмаган шахсларга нисбатан ҳам афв этиш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги тўғрисида қарор чиқарганди.

«Президент девони бу жиддий оқибатларга олиб келадиган фавқулодда сўров эканини англамоқда. Барча тегишли хулосалар олингандан сўнг, президент бу сўровни масъулият ва виждонан кўриб чиқади», – дея маълум қилди президент девони. Баёнотда президент у ёки бу қарорни қанчалик тез қабул қила олишига аниқлик киритилмаган.

Президент маъмурияти сўровнинг тўлиқ матнини эълон қилди, унда бош вазир томонидан имзоланган хат ва унинг адвокатининг 111 саҳифадан иборат ҳужжати мавжуд.

Нетаняҳу – Исроил тарихида судга чақирилган ягона амалдаги бош вазир ҳисобланади. У пора олишда, шунингдек, коррупция иши бўйича фирибгарлик ва ишончни суиистеъмол қилишда айбланмоқда. Бош вазирга қўйилган айбловлар орасида Ҳолливуд продюсер-миллиардеридан шахсий ва бизнес манфаатлари учун ёрдам эвазига сигара ва шампан виноси олиш ҳам бор. Бундан ташқари, Нетаняҳу ўз фаолиятини яхшироқ ёритиш эвазига баъзи оммавий ахборот воситаларига ёрдам беришда айбланмоқда.

Унга қарши коррупция ишлари орасида тадбиркорлардан қарийб 700 минг шекел (200 минг доллардан ортиқ) миқдорида совғалар олиш бўйича айблов ҳам бор.

Бу бўйича судлар 2020 йилдан бери давом этмоқда, аммо жараён ҳали тугалланмаган. У айбловнинг ҳеч бир банди бўйича иқрор бўлмаган.

Нетаняҳунинг ўнг қанотдаги «Ликуд» партияси ва унинг тарафдорлари доимо ўз етакчиси афв этилишини қўллаб-қувватлаган. Аммо Исроилда кўпчилик, айниқса сўл кучлар тарафдорлари, эҳтимолий афвни мамлакатни мустақил суд тизимига эга бўлган мустаҳкам демократиядан узоқлаштирувчи яна бир қадам сифатида қабул қилишади.

Сўнгги йилларда ҳукуматнинг суд тизимини ислоҳ қилиш режалари туфайли бир неча бор юз минглаб кишилар намойишларга чиққан.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид