Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мадридда Педро Санчесга қарши ўн минглаб киши норозиликка чиқди
Испания собиқ транспорт вазирига нисбатан коррупция айбловлари фонида мухолифат бош вазир Педро Санчесга қарши намойиш ташкил қилди ва муддатдан олдин сайловлар ўтказишга чақирди. Мадрид кўчаларига ўн минглаб одамлар йиғилди.
Якшанба куни, 30 ноябрда, Мадридда ўн минглаб одамлар Испания бош вазири Педро Санчес истеъфосини талаб қилиб ва муддатдан олдин парламент сайловларига чақириқ билан кўчаларга чиқди. Норозиликка коррупция бўйича айбловлар сабаб бўлди.
Пойтахт марказида ўтган намойишларга «Мафия ёки демократия?» шиори остида мухолифат етакчиси Алберто Нунес Фейхоо бошчилигидаги консерватив Халқ партияси чақирди. Бундан уч кун олдин собиқ транспорт вазири Хосе Луис Абалос ва унинг собиқ маслаҳатчиси Колдо Гарсияга COVID-19 пандемияси бошида ҳимоя ниқоблари хариди билан боғлиқ ишда коррупция айблови қўйилди. Ҳар икки сиёсатчи ҳозир қамоқда. Прокуратура Абалос учун 20 йилдан ортиқ озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўраган.
2020 йил баҳорида Испания давлат идоралари соғлиқни сақлаш соҳасида тажрибаси бўлмаган компаниядан очиқ тендерсиз бир неча миллион дона ниқоб сотиб олган. Der Spiegel журнали эслатишича, бу компания асосчиси судда Абалос, Гарсия ва бошқа амалдорларга «бир неча юз минг евро» пора берганини билдирган. Нунес Фейхоо фикрига кўра, бу коррупция можароси учун сиёсий жавобгарлик амалдаги бош вазир Педро Санчес зиммасида, деб ёзади El Pais.
Испания Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, намойишларда тахминан 40 минг киши иштирок этган. Халқ партияси эса иштирокчилар сонини икки баравар кўпроқ, яъни 80 минг деб баҳолаган.
Норозиликка чиққанларнинг кўпчилиги миллий байроқлар ва «Дарҳол истеъфо!», «Санчес, кет!» каби шиорлар ёзилган плакатларни кўтариб олди. Испанияда навбатдаги парламент сайловлари 2027 йил иккинчи ярмида бўлиб ўтиши керак, бироқ мухолифат фаол равишда муддатдан олдин овоз беришни талаб қилмоқда.
Dpa агентлиги эслатишича, Педро Санчесга қарши бундай кўламдаги сўнгги норозилик намойиши Мадридда июн ойида бўлиб ўтган эди.
Мавзуга оид
15:15 / 16.06.2026
Африкача мастер-класс: Кабо-Вердедан нималарни ўрганиш керак?
09:01 / 25.05.2026
Испанияда уй-жой инқирози: ижарачилар кўчаларга чиқди
00:04 / 20.05.2026
Испанияда Mango дўконлари асосчисининг ўғли отасини ўлдиришда гумон қилиниб ушланди
08:04 / 13.05.2026