Жаҳон | 09:59 / 01.12.2025
3395
3 дақиқада ўқилади

Рубио ва Умеров: Флоридадаги Украина бўйича музокаралар “жуда самарали” ўтди

АҚШ давлат котиби Марко Рубио Флоридада Украина делегацияси билан ўтказилган музокараларни «жуда самарали» деб баҳолади, аммо тинчликка эришиш учун яна қўшимча иш талаб этилишини таъкидлади.

Фото: Chandan Khanna/AFP

Украинадаги урушни тугатиш шартлари бўйича Америка ва Украина делегациялари ўртасидаги музокаралар якшанба, 30 ноябр куни кечқурун Флоридада якунланди.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио уларни «жуда самарали» деб атади, бироқ Россиянинг Украинага қарши урушига барҳам бериш учун яна кўпроқ иш олиб бориш кераклигини қайд этди. «Биз Женевадаги (музокаралар – таҳр.) натижаларига асосланган, шу ҳафтадаги воқеаларни инобатга олган ҳолда яна бир жуда самарали сессия (музокара – таҳр.) ўтказдик, — деди Давлат департаменти раҳбари. — Бироқ ҳали яна кўпроқ иш қилишимиз керак». У, шунингдек, баҳсли масалаларни ҳал этишда Россия «тенгламадан ўрин олиши» лозимлигини қўшимча қилди. Рубио шунингдек, 1 декабр куни АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф Москвага жўнашини тасдиқлади.

Давлат котиби журналистларга айтишича, Америка ва Украина делегациялари учрашувида фақат урушни тўхтатиш шартлари эмас, балки узоқ муддатли хавфсизлик масалалари ҳам муҳокама қилинган.

«Биз Украинага хавфсизликни абадий таъминлашга ёрдам беришни истаймиз. Ва яна бир муҳим жиҳат шундаки, биз у ерда ҳақиқий фаровонликнинг янги даври бошланишини истаймиз», — деди у.

Ўз навбатида Украина делегацияси раҳбари, Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши (СНБО) котиби Рустем Умеров музокараларни «самарали ва муваффақиятли» деб атади.

«Бизнинг мақсадимиз — фаровон, кучли Украина, — деди у журналистлар билан суҳбатда. — Биз Украина учун муҳим бўлган барча масалаларни муҳокама қилдик. Ва АҚШ жуда кучли қўллаб-қувватлаш кўрсатди». Умеров Рубио каби, Флоридадаги учрашув асосида Украина ва АҚШ ўртасида Женевада ўтган музокаралар турганини эслатиб ўтди.

Умеров айтишича, у АҚШ билан позициялар яқинлашгани ҳақида Украина президенти Володимир Зеленскийга ҳисобот берган. «Тинчликка эришиш йўлида ва позицияларимизни америкалик шерикларникига яқинлаштиришда сезиларли силжишлар бор», — деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида. СНБО котиби Киевнинг хавфсизлик, суверенитет ва ишончли тинчлик каби асосий мақсадлари ўзгармаслигини, уларни АҚШ томони ҳам қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Флоридада Америка ва Украина делегациялари ўртасидаги музокаралар «қаттиқ, аммо жуда конструктив» бўлган, деб хабар берди CNN телеканали манбага таяниб. Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, томонлар Россия–Украина низосини тартибга солиш бўйича «энг жиддий масалалар»ни муҳокама қилган. The Wall Street Journal газетаси ёзишича, музокараларнинг асосий мавзулари орасида ҳудудий масалалар ва Украинада сайловлар ўтказиш ҳам бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид