Жаҳон | 15:19 / 01.12.2025
1195
3 дақиқада ўқилади

Швейцарияликлар умумий фуқаролик хизматига қарши овоз берди

Швейцариянинг аксарият кантонларида референдумларда фуқаролар умумий фуқаролик хизмати жорий этилишига ҳам, 50 миллион франкдан ортиқ мерос олувчилар учун 50 фоизлик солиққа ҳам қарши чиқди. Шунинг учун бу ташаббуслар қабул қилинмади.

Фото: Fabrice Coffrini/AFP/Getty Images

Швейцарияда умумий фуқаролик хизмати ҳақидаги референдум, яъни эркаклар учун мажбурий ҳарбий ёки муқобил фуқаролик хизматини барча фуқаролар учун мажбурий фуқаролик хизмати билан алмаштириш тўғрисидаги ташаббус, шунингдек бойлар учун мерос солиғини жорий этиш ҳақидаги референдум муваффақиятсиз якунланди. Якшанба, 30 ноябр куни, овозларни санаб чиқиш тугамасидан аввалроқ расмийлар ушбу ташаббуслар Швейцария кантонларининг кўпчилигида қўллаб-қувватланмаганини маълум қилди.

Швейцарияда ташаббусларни қабул қилиш шарти сифатида, мамлакат бўйлаб “ҳа” деган овозларнинг кўпчилигидан ташқари, таклифлар кантонларнинг кўпчилигида ҳам қўллаб-қувватланиши талаб этиларди.

Дастлабки натижаларга кўра, SRF жамоат-ҳуқуқий телерадиокорпорация хабарида айтилганидек, швейцарияликларнинг 84 фоизи мажбурий фуқаролик хизматига қарши овоз берган. Референдум иштирокчиларининг 79 фоизи бойлар учун мерос солиғини жорий этиш тўғрисидаги таклифни ҳам рад этган.

Швейцарияда умумий фуқаролик хизмати ҳақидаги ташаббус барча фуқаролар учун хизмат ўташ мажбуриятини жорий этишни назарда тутади — ҳарбий қисмларда ёки табиий офатлардан ҳимоя хизматларида, соғлиқни сақлаш соҳасида ёки ижтимоий соҳада. Ҳозирги кунда Швейцарияда хизмат ўташ мажбурияти фақат эркакларга тааллуқли, улар ҳарбий хизмат ва муқобил фуқаролик хизмати ўртасида танлаш ҳуқуқига эга. Аёллар эса ҳарбий хизматни хоҳишига кўра ўташи мумкин.

Швейцария ҳукумати ва парламентдаги партияларнинг кўпчилиги умумий фуқаролик хизмати жорий этиш ғоясини рад этди. Танқидчиларнинг таъкидлашича, бундай ҳолда меҳнат бозори жуда кўп ишчи кучидан маҳрум бўлади. Шунингдек, бу ташаббусни молиялаштириш ҳам жуда қимматга тушиши қайд этилди. Умумий фуқаролик хизмати жорий этилишини фақат либерал “Яшил” ёшлар партияси (GLP) ва Евангелик халқ партияси (EVP) қўллаб-қувватлади.

Швейцарияда бойлар учун мерос солиғини жорий этиш ташаббуси Социал-демократик партиянинг ёшлар ташкилоти (Jungsozialisten, JUSO) томонидан илгари сурилган. Унга кўра, 50 миллион франкдан (қайта ҳисоб-китобда тахминан 54 миллион евро) зиёд мол-мулк мерос тариқасида ўтганда, бу сумманинг 50 фоизидан “иқлим инқирозига қарши ижтимоий адолатли кураш ҳамда шу мақсадда иқтисодиётни тубдан ўзгартириш” учун воз кечиш лозим эди.

Бундай солиқ жорий этилишига бир қатор сиёсий партиялар ва иқтисодий уюшмалардан иборат кенг фронт қарши чиқди. Улар, жумладан, қўшимча солиқ юки сабабли бой швейцарияликлар хорижга кўчиб ўтиши, бу эса умумий солиқ тушумларининг камайишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, Швейцариянинг аксарият кантонларида мерос олувчи турмуш ўртоғи ва марҳумнинг тўғридан тўғри авлодлари (фарзандлари, набиралари) мерос солиғидан озод этилган. Бошқа меросхўрлар учун эса кантонга қараб турлича қоидалар қўлланади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид