Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
SIPRI ҳисоботи: Украинадаги уруш фонида қурол савдоси тарихий максимумга чиқди
Дунёдаги энг йирик қурол ишлаб чиқарувчи компаниялар даромади ўсишда давом этмоқда ва 679 млрд долларлик рекорд даражага етди. Асосий омиллар — Украинадаги уруш ва бутун дунё бўйлаб арсеналларни кўпайтиришга бўлган умумий тенденция, дейилади SIPRI ҳисоботида.
2024 йил якунларига кўра, дунёдаги энг йирик 100 та мудофаа компаниясининг қурол-яроғ ва ҳарбий хизматлар сотишдан олган даромади 5,9 фоизга ошиб, рекорд даражадаги 679 млрд долларга етди. Бу ҳақда Стокҳолм тинчлик муаммоларини ўрганиш халқаро институти (SIPRI)’нинг душанба, 1 декабрда эълон қилинган янги ҳисоботида айтилади.
Умуман олганда, 2015 йилдан буён SIPRI рейтингидаги компаниялар ҳарбий даромади 26 фоизга ўсган. Тадқиқот муаллифлари бу ўсишни Россиянинг Украинага қарши уруши ва Исроилнинг Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва АҚШда террористик ташкилот деб эътироф этилган ҲАМАС ҳаракатига қарши уруши билан изоҳламоқда.
Глобал ўсишга асосий ҳиссани Европа ва АҚШ компаниялари қўшган бўлса-да, тенденция барча минтақаларда қайд этилган. Санкцияларга қарамасдан, рейтингдан ўрин олган Россия компаниялари даромади эса умуман олиб қараганда икки ҳиссали ўсиш суръатларини кўрсатган. «Ўтган йили қурол савдосидан дунё бўйлаб тушган даромад SIPRI статистикаси тарихи учун энг юқори даражага етди: ишлаб чиқарувчилар юқори талабдан фойдаланди», — дея қайд этади ҳарбий харажатлар ва қурол ишлаб чиқариш дастури илмий ходими Лоренцо Скараццато.
Россия қурол ишлаб чиқарувчилари орасидан сўнгги уч йилда маълумотлар етишмаслиги туфайли SIPRI рейтингига фақат икки компания кирди: давлат корпорацияси «Ростех» еттинчи ўринни, Бирлашган кема-қурилиш корпорацияси эса 41-ўринни эгаллаган. Бунда SIPRI таҳлилчилари «Ростех» таркибига аввал алоҳида ҳисобланган еттита корхонани ҳам киритмоқда: «Высокоточные комплексы», «Концерн Радиоэлектронные технологии», «Росэл», «Вертолеты России», «Объединенная авиастроительная корпорация», «Объединенная двигателестроительная корпорация» ва «Уралвагонзавод».
SIPRI ёзишича, 2024 йилда «Ростех» ва Бирлашган кема-қурилиш корпорацияси экспортдаги йўқотишларни тўлиқ ички талаб ҳисобига қоплай олган. Уларнинг жами ҳарбий даромади 23 фоизга ошиб, 31,2 млрд долларга етган: «Ростех»ники 26 фоизга ўсиб 27,1 млрд долларни, Бирлашган кема-қурилиш корпорациясиники эса 6,5 фоизга ўсиб 4,1 млрд долларни ташкил этган.
2022 йилда Украинага ҳужум бошланганидан бери Россияда қурол ишлаб чиқариш юқори даражада сақланиб қолмоқда, айниқса ўқ-дорилар, зирҳли техника, артиллерия тизимлари, ракеталар ва учувчисиз учиш аппаратлари сегментларида, дея таъкидлайди таҳлилчилар. Масалан, 152 мм артиллерия снарядлари ишлаб чиқариш ҳажми 2022 йилдаги 250 минг донадан 2024 йилда 1,3 млн донагача тўрт баробардан кўпроқ ошган. «Искандер» ракеталарини ишлаб чиқариш эса 2023 йилдаги 250 дан 2024 йилда 700 донагача кўпайган.
Шу ўсишга қарамай, SIPRI таҳлилчилари таъкидлашича, айрим секторларда, масалан, авиасаноатда, санкциялар туфайли Россия ҳали ҳам етказиб беришдаги етишмовчиликка дуч келмоқда, чунки ишлаб чиқариш ҳали ҳам хорижий компонентларга кучли даражада боғлиқ. Ҳисобот муаллифлари тилга олган яна бир муаммо — кадрлар танқислиги, у кенг кўламдаги кадрлар жалб этиш кампанияларига қарамай сақланиб қолмоқда. «Россия ҳарбий саноати Россиянинг ҳарбий мақсадларига эришиш учун зарур, башорат қилинаётган ишлаб чиқариш суръатларини сақлаб туришга етарли малакали ишчи кучига эга эмас», — дейилади ҳисоботда.
DW билан суҳбатда ҳисобот муаллифларидан бири Нан Тян таъкидлашича, уруш ва санкциялар сабаб Россия иқтисоди «чидай олмайди» деган кутилмалар тўлиқ оқланмаган. «Россия ҳозир, албатта, ҳужум бўлмагандаги ҳолатга нисбатан анча ёмон аҳволда, лекин кўпчилик ўйлаганидан ҳам бардошлироқ бўлиб чиқди», — дея тушунтирди у.
Унинг сўзларига кўра, Москва ўз устувор йўналишларини бутунлай ўзгартирган ва охирги уч йил ичида Россия иқтисоди ҳарбий иқтисодга айланган. Милитаризация кўлами шунчалик каттаки, ҳатто узоқ муддатли тинчлик тўғрисидаги келишувга эришилган тақдирда ҳам Кремл учун иқтисодни яна тинч давр режимга қайтариш ниҳоятда қийин бўлади, дея тахмин қилди таҳлилчи.
Топ-100даги ягона украин компанияси — «Украинская оборонная промышленность» давлат корхонаси (52-ўрин) бўлиб, у қурол сотишдан тушган даромадини 41 фоизга ошириб, 3 млрд долларга етказган.
Германия қурол ишлаб чиқарувчилари 2024 йилда даромад ўсиши бўйича энг катта кўрсаткичларни қайд этганлардан бири бўлди — 36 фоиз. Бу кўрсаткич Япониядан (40 фоиз) кейин иккинчи ўринда. Тўртта немис компанияси дунё топ-100 рўйхатига кирди, етакчи эса Rheinmetall концерни бўлди: ҳарбий сотувлардан тушган 8,2 млрд евро (йиллик 47 фоизлик ўсиш) билан у умумий рўйхатда 20-ўринни эгаллади. Концерн дунёдаги энг тез ўсувчи қурол ишлаб чиқарувчилардан бирига айланди, немис компаниялари ўсиш бўйича фақат Чехиянинг Czechoslovak Group (193 фоиз) ва АҚШнинг SpaceX (103 фоиз) компанияларидан ортда қолди.
Шу билан бирга, Германия қурол ишлаб чиқарувчилари орасида ўсиш суръатлари бўйича мутлақ етакчи Diehl Group концерни бўлди: унинг ҳарбий даромади 53 фоизга ошиб, 2,1 млрд долларга етди (умумжаҳон рўйхатида 67-ўрин). Украинадаги уруш концерн техникасига бўлган талабни ўсишда давом эттирди, жумладан, ҳаво ҳимояси тизимлари учун бутловчи қисмлар етказиб бериш ҳисобига. Бундан ташқари, Diehl ўз тарихида энг катта 155 мм артиллерия снарядлари бўйича буюртма олди.
Топ-100дан яна икки Германия компанияси — Thyssenkrupp (ҳарбий даромад 12 фоизга ўсиб 2,3 млрд долларга етди) ва Hensoldt (18 фоизга ўсиб 2,2 млрд доллар) жой олди. Немис ишлаб чиқарувчилари даромадининг ўсиши «деярли тўлиқ Россиянинг Украинага ҳужуми билан боғлиқ», дея тушунтирди DW'га ҳисобот муаллифларидан бири Нан Тян. Унинг сўзларига кўра, Германия ўзининг захираларини ошириш ва Украинага юборилган техника ва ўқ-дориларни тўлдириш учун Бундесвер томонидан танклар, зирҳли техникалар ва ўқ-дориларга бўлган талабни кескин оширган, шунингдек, учинчи мамлакатлар томонидан ҳам буюртмалар кўпайган.
SIPRI рейтингида қурол ишлаб чиқариш бўйича етакчиликни ҳали ҳам АҚШ компаниялари сақлаб турибди. Биринчи юзталикка 39 та Америка ишлаб чиқарувчиси киради. Уларнинг ҳарбий буюртмаларга боғлиқ даромади 3,8 фоизга ўсиб, 334 млрд долларга етган — бу рейтингдаги барча компаниялар жами даромадининг деярли ярмини ташкил қилади. Энг йирик Америка ва дунё компаниялари қаторида Lockheed Martin Corp, RTX ва Northrop Grumman Corp бор.
Тадқиқотчилар таъкидлашича, АҚШ учун асосий муаммолардан бири Пентагоннинг муҳим дастурларини секинлаштираётгани, бюджет ортиқча сарфлари ва катта кечикишлардир: янги F-35 қирувчисини, «Колумбия» типидаги сувости кемаларини ва Sentinel қитъалараро баллистик ракетасини ишлаб чиқиш каби дастурлар шулар жумласидан. «Кечикишлар ва харажатларнинг ўсиши АҚШ ҳарбий режалаштириши ва ҳарбий харажатларига муқаррар равишда таъсир кўрсатади», — дея тахмин қилди ҳисобот муаллифларидан бири Сяо Лян.
Рейтингга кирган 26 та Европа компанияси SIPRI ҳисоблаган жами дунё ҳарбий даромадининг 22 фоизини ташкил этди. Бир йил ичида бу кўрсаткич 13 фоизга ўсиб, 151 млрд долларга етди ва Европа ишлаб чиқарувчиларига АҚШдан кейинги иккинчи ўринни таъминлади. Бу ўсиш катта даражада Буюк Британиянинг еттита ишлаб чиқарувчиси ҳисобига бўлди, уларнинг даромади 6,6 фоизга ўсиб 52,2 млрд долларга етган. Британиянинг BAE Systems, шу билан бирга, дунёдаги тўртинчи энг йирик қурол ишлаб чиқарувчига айланди — 2017 йилдан бери илк бор рейтингнинг биринчи бешталигига АҚШдан ташқаридаги компания ҳам кирди.
Глобал ўсиш тенденциясига қарамасдан, Осиё ва Океанияда ҳарбий ишлаб чиқаришдан олинадиган жами даромад 1,2 фоизга камайиб, 130 млрд долларни ташкил этди. SIPRI тушунтиришича, бу пасайиш деярли тўлиқ Хитойнинг саккизта компаниясида қурол савдоси даромадлари 10 фоиз рекорд даражада камайгани ҳисобига юз берган.
«Бу зиддиятлар камайганидан дарак бермайди. Сўнгги вақтларда Хитойда мудофаа саноатида бир қатор йирик коррупция можаролари кузатилди, бу эса йирик буюртмаларнинг бекор қилиниши ва кечиктирилишига олиб келди», — дея тушунтиради SIPRI таҳлилчиси Нан Тян DW'га.
Рейтингдаги дунёдаги энг йирик қурол ишлаб чиқарувчи компаниялар юзталигига илк бор бирйўла тўққизта Яқин Шарқ ишлаб чиқарувчиси кирди. Минтақада қурол савдосидан олинадиган даромад 14 фоизга ошган. Ўсишга Исроил ишлаб чиқарувчилари (16 фоизга ўсиб 16,2 млрд долларга етди), Туркия (11 фоизга ўсиб 10,1 млрд долларга етди) ва рўйхатга янги кирган БААдан EDGE Group (4,7 млрд доллар) ҳисса қўшган.