Жаҳон | 14:02 / 02.12.2025
2784
2 дақиқада ўқилади

РФ ва Саудия Арабистони визани бекор қилиш тўғрисида шартнома имзолади

Россия ва Саудия Арабистони ўзаро визасиз режими 2026 йил бошида кучга кириши мумкин, деди РФ бош вазири ўринбосари Александр Новак. Ар-Риёдда бўлиб ўтган икки томонлама бизнес форуми доирасида тегишли келишув имзоланди.

Фото: РИА Новости / Рамиль Ситдиков

Россия ва Саудия Арабистони ўзаро визасиз режим жорий этмоқда. Душанба куни, 1 декабрда, РФ бош вазири ўринбосари Александр Новак ва Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Файсал Ал Фарҳан Ар-Риёдда ўтказилган Россия–Саудия бизнес форуми доирасида ҳар икки давлатнинг ҳар қандай паспорти эгалари учун виза талабларини бекор қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битимни имзолади, деб хабар беради Россиянинг РИА «Новости» агентлиги.

Новакнинг айтишича, визасиз режим 2026 йил бошида амал қилишни бошлаши мумкин.

«Эндиликда имзолангандан сўнг ноталар алмашиш ва ушбу ҳужжатнинг кучга киришига оид юридик тартиб-таомиллар ўтказилади. Менинг фикримча, келаси йил бошидаёқ фуқароларимизга мамлакатларимизга визасиз режимда ташриф буюриш имконияти берилади», — деди у «Россия 24» телеканали эфирида.

Ҳозирги пайтда РФ фуқаролари Саудия Арабистони визасини ё онлайн тартибда, ёки қўниш аэропортида расмийлаштириши керак. Бу виза Яқин Шарқдаги подшоҳлик ҳудудида йил давомида 90 кунгача бўлиш ҳуқуқини беради.

Худди шу куни РФ президенти Владимир Путин Хитой билан визасиз режим тўғрисидаги фармонни ҳам имзолади. Хитой Халқ Республикаси россияликлар учун визасиз режимни сентябр ойида жорий этган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид