Жаҳон | 13:45 / 02.12.2025
1888
5 дақиқада ўқилади

Европа етакчилари Украинада адолатли тинчлик ва умумий позицияга чақирди

Германия канцлери Фридрих Мерц, бошқа ЕИ етакчилари билан бирга, Украинадаги урушни якунлаш ва Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланиш имкониятини Франция президенти Эммануэл Макрон ва Украина президенти Володимир Зеленский билан муҳокама қилди, шунингдек, Россия билан келишувларда Европанинг иштироки зарурлигини таъкидлади.

Фото: Hans Lucas/AFP/Getty Images

Германия канцлери Фридрих Мерц Россиянинг Украинага қарши урушига чек қўйиш бўйича эҳтимолий келишувга эришиш жараёнида Европанинг ягона позицияси муҳим эканини таъкидлади.

«Украина бўйича олдимизда муҳим кун ва ҳафталар турибди, биз уларга яқин ҳамкорликда кириб борамиз», — деди у душанба куни, 1 декабрда, Берлинда Полша бош вазири Доналд Туск билан учрашувда. Учрашув доирасида Франция президенти Эммануэл Макрон, Украина президенти Володимир Зеленский ва бошқа шериклар билан телефон мулоқоти ҳам бўлиб ўтди.

Мерц Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш ва Киевни қўллаб-қувватлаш масалаларидаги ихтилофлар туфайли Европа бирлигини бузишга йўл қўймасликка чақирди.

«Франция, Буюк Британия, Италия ва бошқа мамлакатлар билан биргаликда Европада ҳеч ким ва ҳеч нарса можаро юзага келтирмаслиги учун махсус масъулиятни ўз зиммaмизга оламиз», — деди у.

Мерцнинг сўзларига кўра, стратегик мақсадлардан бири — Россиянинг ҳали ҳам давом этаётган ҳарбий тажовузига қаршилик кўрсатаётган Киевни қўллаб-қувватлаш учун барча чораларни кўришдир.

«Ҳозир биз қўлимиздаги энг кучли дастакдан фойдаланиб, ниҳоят Москвани музокаралар столига ўтқазишни хоҳлаяпмиз», — деди канцлер.

Шунингдек, у Украина шериклари ЕИ даражасида Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланиш масаласида келишувга эришишни, шу билан бирга Киевга “мажбуран қабул қилдирилган тинчлик” вариантларига йўл қўймасликни кўзлаётганини билдирди.

Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен эса Европа етакчилари ва Володимир Зеленский билан бўлиб ўтган музокараларни ижобий баҳолади ҳамда европаликларнинг Украина учун адолатли тинчлик келишувига эришишдаги бирдамлигини таъкидлади.

Унинг таъкидлашича, бундай келишув доирасида Украина суверенитети тўлиқ сақланиши ва унга кафолатланган хавфсизлик таъминланиши лозим. Бу ҳақда у X ижтимоий тармоғида ёзди.

Фон дер Ляйен, шунингдек, Киевни молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари давом эттирилишини ва “Кўнгиллилар коалицияси” (Coalition of the Willing) доирасида ҳамкорликни кучайтиришни ваъда қилди.

«Биз Украинанинг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаяпмиз — бу бир вақтда ўзимизникини ҳам мустаҳкамлашдир», — деб қўшимча қилди у.

ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Россия бошлаб берган урушни тўхтатиш учун Украина мажбур бўлиб қандайдир ён босишга мажбур этилиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

«Агар биз бу уруш тугашини ва бир неча йилдан сўнг яна бошланмаслигини истасак, агар унинг янада кенгайиб кетмаслигини хоҳласак, агрессия қилган томон — Россияга максимал босим ўтказишимиз керак», — деди Каллас ЕИ мудофаа вазирлари учрашувидан сўнг.

Франция президенти Эммануэл Макрон Елисей саройида Володимир Зеленскийни қабул қилар экан, Россиянинг Украинага қарши урушига чек қўйиш режаси фақат Киев ва Европанинг қатнашуви билан якуний шаклга етиши мумкинлигини таъкидлади.

«Аниқ қилиб айтганда, ҳозир ҳеч қандай тўлиқ бирламчи ҳужжат йўқ, хусусан ҳудудий масалалар бўйича. Уни фақат Зеленский президент сифатида маъқуллаши мумкин», — деди у.

Макрон Россиянинг музлатилган активлари, Украина хавфсизлиги учун кафолатлар, унинг ЕИга аъзо бўлиши ва Европа санкциялари каби масалалар фақат европаликлар билан биргаликдаги музокаралар орқали келишиб олиниши мумкинлигини қўшимча қилди.

У, шунингдек, ЕИ Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланиш бўйича келишувга келади, дея ишонч билдирди. Бироқ бу маблағлар Белгия ҳудудида сақланаётгани сабабли, Белгия томонининг эътирозларини ҳам тушунишини айтди.

Франция президентининг сўзларига кўра, мақсад — келаси Европа кенгаш йиғилишигача, Рождестводан олдин бўлиб ўтадиган саммитга қадар мазкур масала юзасидан келишувга эришишдир.

Италия бош вазири Жоржа Мелони ҳам Макрон ва Зеленский билан музокараларда қатнашиб, Украинада тинчликка эришиш йўли бўйича АҚШ ва Европанинг позицияларини яқинлаштириш зарурлигини қайд этди.

У, шунингдек, Володимир Зеленскийнинг урушга чек қўйиш бўйича музокараларда «изчил ва конструктив ёндашувини» мақтаб, Россия зарур келишувларга эришиш йўлида аниқ амалий қадамлар ташлашига умид билдирди.

Франция ва Украина президентлари 1 декабр куни Елисей саройида бир неча соат давом этган музокаралар ўтказиб, Киев ва Москва ўртасидаги эҳтимолий тинчлик келишуви шартларини муҳокама қилди. Улар, айниқса, АҚШ тинчлик режасига ва бир кун олдин Флоридада Украина ва АҚШ делегациялари ўртасидаги музокаралар натижаларига алоҳида эътибор қаратди.

Учрашув чоғида улар бир қатор Европа етакчилари ва НАТО бош котиби Марк Рютте билан телефон орқали мулоқот олиб борди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид