Ўзбекистон | 22:57 / 03.12.2025
4015
7 дақиқада ўқилади

Экология – ниҳоят сиёсий муаммога айланяптими?

Ўзбекистонда экология масаласига давлатнинг муносабати ваниҳоят кескин ўзгаргандек кўринмоқда. Сўнгги ҳафталарда ҳаво сифати муаммоси сиёсий кун тартибидаги энг устувор масалалардан бирига айланди. Бундай уйғоқлик ва қатъиятлилик асло сусаймаслиги, илмий асосланган тарзда ва ҳуқуқий доирада давом этиши – алалоқибат фарзандларимиз ва невараларимизнинг ҳаёт сифатини белгиловчи бош омил бўлади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Халқаро ташкилотлар ҳисоботларига кўра, 2022 йилда экология сабабли 32 миллион одам ўз уй-жойларини ташлаб, экологик қулайроқ жойларга кўчиб ўтишга мажбур бўлган.

Баъзи халқаро институтларга кўра, 25 йилдан кейин – 2050 йилга бориб, 1,2 миллиардга яқин инсон экологик қочқинга айланиши мумкин экан. Яъни айнан экологик омиллар сабаб ё ўз мамлакати ичида яшаш жойини ўзгартиради, ёки хорижга кўчиб кетишга мажбур бўлади. Назаримда, 1,2 млрд – бу жуда катта рақам, лекин энг камида юзлаб миллион инсон экстремал экологик вазият сабабли бошқа жойларга кўчишга мажбур бўлиши – турган гап.

Экология – бир қарашда сиёсий, геосиёсий мавзу эмасдек. Ўтмишда экология у қадар ўткир сиёсий мавзу эмасди. Лекин келажакда экология – энг ўткир сиёсий ва геосиёсий мавзу, муаммо бўлиб бораверади.

Дунё давлатларида “барқарор ривожланиш” номли концепция бор. Бу концепцияга кўра, иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий фаровонлик ҳамда табиатни асраб-авайлаш ўртасида мувозанат бўлиши керак. Агар иқтисодий ўсиш ва одамларнинг турмуш тарзи яхшиланиши табиатга катта зарар етказса ва мувозанат бузилса, инсонларнинг, жамиятларнинг яхши яшаши иллюзия бўлиб қолади. Экология – бу нафақат тоза ҳаводан нафас олиш, тоза сув ичиш, балки экологик тоза маҳсулотлар истеъмол қилиш ҳамдир. Агар одамлар истеъмол қилаётган маҳсулотлар сунъий кимёвий таркибга тўла бўлса, сувда хлор ва бошқа кимёвий моддалар миқдори кўп бўлса, ҳаво чанг ва ғуборларга тўлиб тошган бўлса – одамларнинг фаровонлиги мутлақ татимайди.

Ўтган жума куни Ўзбекистон масжидларида одамлар ёмғир сўраб жамоат намозини ўқишди. Бу – ўзбекистонлик мусулмонлар хотирасида олдин кузатилмаган тажриба бўлди. Бу амалиёт ҳам Ўзбекистондаги экологик вазият таранглашаётганини яққол кўрсатади.

Ўзбекистонда беш йўналиш бўйича экологик муаммолар кузатилади.

Биринчиси – Орол денгизининг қуриши. Аждодларимиз Оролни “денгиз” деб билишган, аслида Орол – бу дунёдаги энг катта кўллардан эди. Бироқ техноген, яъни инсон омили сабаб, бу катта кўл қуриб битди. Кейинги ярим асрда Орол денгизи 16 бараварга торайди. Орол қуригач, унинг майдонидан қум аралаш туз ҳам кўчмоқда.

Иккинчиси – тупроқнинг шўрланиши ва чўллашув муаммоси. Ўзбекистон умумий майдонининг 70 фоизини чўл ҳудудлари ташкил қилади. Бу қадар катта чўл худудлари Ўзбекистон иқтисодиётига, қишлоқ хўжалиги ва аҳоли турмуш тарзига жиддий чекловлар киритади. Яқин ўтмишдаги пахта монополияси – ерлар яроқсизланиши сабабларидан бири эди.

Учинчиси – ҳавонинг ифлосланиши. Ўзбекистонда иқтисодий динамика сабабли аҳолида автомобиллар сони шиддат билан кўпаймоқда. 2024 йилги ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимизда 4 миллиондан ортиқ автомобил бор. Шунингдек, ҳавога чиқинди чиқарувчи 800 га яқин йирик ва ўрта корхоналар ҳам бор. Автомобиллардан йилига 1 миллион 300 минг тонна чиқинди чиқса, корхоналардан 900 минг тонна чиқинди чиқади.

Тўртинчиси – сув ресурслари тақчиллиги. Ўзбекистон мустақил бўлган 1991 йилда аҳолимиз 20 миллион атрофида эди, ўша вақтда Амударё ва Сирдарёда сув миқдори ҳозиргига нисбатан анча кўп эди. Бугун эса аҳолимиз 38 миллиондан ошди, лекин дарёлардан Оролга сув деярли етиб бормаяпти. Дарёлардаги сувларнинг 80 фоизи қўшни давлатларда шаклланади. Сув тақчиллиги бугуннинг ўзида жуда катта муаммога айланиб бўлган. Келажакда эса бу муаммо фақат ўткирлашиб боради.

Бешинчиси – маиший ва саноат чиқиндилари, дарахтлар ва ўрмонлар кесилиши муаммоси. Афсуски, ҳалига қадар чиқиндиларни қайта ишлаш учун замонавий корхоналар етишмайди. Шаҳарларда дарахтлар кесилиши ачинарли муаммолигича қолмоқда.

Расмийларга кўра, Ўзбекистоннинг 26 та шаҳрида ҳавони муттасил ўлчаб турувчи 66 та станция мавжуд. Шу сабаб ёзга нисбатан қишда Тошкент ҳавоси ифлосланиб кетишини аниқ статистик маълумотлар асосида биламиз. Чунки қишда иситиш тизимлари сабаб, ҳавога янада кўпроқ чиқиндилар чиқади.

Дунё давлатлари, айниқса ривожланган давлатлар ўзлари учун экологик сиёсий маданиятни ривожлантириб боришмоқда. Йирик демократияларда яшиллар партиялари, экологик партиялар – энг қудратли еки таъсири юқори бўлган сиёсий куч сифатида кўрилади. Чунки улар тушунишдики, бундан кейин экология ҳаммани борган сари кучлироқ безовта қилиб боради. Ўзбекистонда эса ҳозирча Экология партиясининг роли сезилаётгани йўқ.

Ўзбекистонда экологик муаммолар бутун жамиятни, аввало давлат институтларини чуқур ташвишга солиши керак. Охирги икки ҳафтада экологик вазият бўйича кескин чоралар кўриш бўйича бир нечта президент фармонлари имзоланди, Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева йиғилишлар ўтказиб, фармонлар ижроси бўйича махсус комиссия тузди.

Масъулларга кўра, экологик инфратузилмани ривожлантириш (кўкаламлаштириш, ариқлар қазиш ва сувлаштириш); техноген манбалар фаолиятини оптималлаштириш (иссиқхоналар, истиш тизимлари, саноат корхоналари фаолиятини қайта кўриб чиқиш) ҳамда жавобгарликни тақсимлаш нуқтаи назаридан ташкилий қарорлар ижроси устидан қатъий назорат ўрнатилган.

Бир вақтлар кўпчилик “беҳуда ваҳима” деб ўйлаган экология масалалари бугунга келиб реал ва ҳаммани ташвишга солаётган муаммога айланиб улгурди. Давлат институтлари ташаббусни қўлга олаётгандек. Ва бу ташаббускорлик бардавом бўлиши, сўниб қолмаслиги, янада кенгайиши ва энди бутун бир жамиятда ҳам экологик сиёсий зеҳният, маданият шаклланиши керак.

Бу – келажакда фарзандларимиз, авлодларимиз қандай ҳаводан нафас олиб, қандай сув ичишини, улар қанчалик соғлом ва бахтли бўлишини белгилаб беради.

Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи

Мавзуга оид