Жаҳон | 13:48 / 03.12.2025
6687
5 дақиқада ўқилади

Путин «Украинани денгиздан узиб қўйиш» билан таҳдид қилди

У Россиянинг «яширин флоти»га мансуб танкерларга ҳужумни қароқчилик деб атади ҳамда бунга жавобан Киевнинг иттифоқчилари кемаларига ҳужум қилиниши мумкинлигини истисно этмади.

Фото: Евгений Биятов / ТАСС

РФ президенти Владимир Путин Қора денгизда Россия «яширин флоти» танкерлари украинлар ҳужумига учраганига Москванинг эҳтимолий жавоби юзасидан изоҳ бериб, Киевга янги зарбалар билан таҳдид қилди. У ҳужумларни «қароқчилик» деб атаб, Украинани денгиздан «узиб қўйиш» билан таҳдид қилган.

«Ҳозир Украина қуролли кучлари қилаётган иш – қароқчиликдир», – деди Путин сешанба куни ОАВ вакиллари билан учрашувда.

Унинг сўзларига кўра, Россия жавоб чоралари сифатида биринчи навбатда Украина портлари ва бу портларга кирадиган кемаларга «зарбалар номенклатурасини кенгайтиради».

«Иккинчиси: агар бу давом этса, биз имкониятни кўриб чиқамиз – мен буни қиламиз демаяпман, лекин имкониятни кўриб чиқамиз – Украинага ушбу қароқчилик ҳаракатларини амалга оширишга ёрдам бераётган мамлакатлар кемаларига нисбатан жавоб чораларини кўриш», – дея таъкидлади Путин ҳужумлар Туркиянинг махсус иқтисодий зонасида амалга оширилганини таъкидлаб.

«Энг радикал йўл –  Украинани денгиздан узиб қўйиш, шунда умуман қароқчилик билан шуғулланиб бўлмайди», – дея қўшимча қилган у.

Путин булар «пишиб етилаётган» чоралар эканини таъкидлаган. «Умид қиламанки, Украина ҳарбий раҳбарияти, сиёсий раҳбарияти, шунингдек, уларнинг ортида турганлар бундай амалиётни давом эттириш қанчалик тўғри бўлишини ўйлаб кўришади», – деган Россия президенти.

Ноябр ойи охирида Гамбия байроғи остида сузувчи «Кайрос» ва «Вират» номли танкерлар бир вақтнинг ўзида украинларнинг пилотсиз сувости дронлари томонидан ҳужумга учраганди. Ҳужум Туркия соҳиллари яқинида амалга оширилган.

Ушбу танкерлар ғарб санкцияларини четлаб ўтган ҳолда Россия нефтини ташувчи «яширин флот»га мансуб кемалар экани маълум бўлган.

Ҳодиса учун жавобгарликни Украина Хавфсизлик хизмати норасмий тарзда ўз зиммасига олган. Украина нашрларининг УХХдаги манбаси таъкидлашича, ҳужумга учраган танкерлар «деярли 70 миллион долларлик нефтни таший олган ва Кремлга халқаро санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берган».

Кремл расмийси Дмитрий Песков танкерларга ҳужумни «даҳшатли воқеа» ва «Туркия суверенитетига тажовуз» деб атаган. Туркия ҳукумати эса танкерларга ҳужумлар «минтақадаги кемачилик, ҳаёт, мулк ва экологик хавфсизликка жиддий таҳдид туғдиргани»ни маълум қилган.

«Ҳозироқ урушга тайёрмиз»

Россия президенти Владимир Путин 2 декабр куни АҚШ махсус элчиси Стив Уиткофф ҳамда Трампнинг куёви билан учрашувидан олдин,  «Россия зовёт!» инвестиция форумида журналистлардан бирининг Европа билан уруш эҳтимоли ҳақидаги саволига кулиб жавоб қайтарди.

«Биз Европа билан урушмоқчи эмасмиз. Мен буни олдин ҳам айтганман.

Аммо агар Европа бирдан биз билан уруш қилишни хоҳлаб қолса ва уруш бошласа, биз ҳозирнинг ўзида тайёрмиз. Бу ерда ҳеч қандай шубҳа бўлиши керак эмас.

Гап фақат Европа бирдан биз билан уруш бошлашни хоҳлаш-хоҳламаслигида. Менимча, у ҳолда барчаси тез бўлиб кетади.

Бу ахир Украина эмас... Биз Украинада жарроҳлик йўли билан, эҳтиёткорлик билан ҳаракат қиляпмиз. Тушунарлидир?

Бу тўғридан тўғри, замонавий маънодаги уруш эмас.

Агар Европа тўсатдан уруш бошламоқчи бўлса ва уни б
ошласа, барчаси тезлашиб кетиб, келишиш керак бўлган одамнинг ўзи қолмайдиган вазият юзага келиши мумкин», деган у ядровий қурол қўлланиши мумкинлигига ишора қилиб.

Тезда НАТО томонидан жавоб қайтарилди. НАТОга аъзо мамлакатларнинг ташқи ишлар вазирларининг Брюсселдаги учрашуви олдидан алянс расмийлари аноним тарзда ҳозирда Россия армияси Европага ҳужум қила олмаслигини айтди.

«Владимир Путин охир-оқибат нотўғри бўлиб чиқадиган гапларни кўп айтади», деган у.

Юқори мартабали мулозим НАТО ўз аъзоларини ҳимоя қилишга содиқлигини, шунингдек, айни вақтда Россияда кенг кўламли ҳужум амалиёти ўтказиш учун етарли қўшинлар йўқлигини таъкидлаган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид