Жаҳон | 13:20 / 03.12.2025
1000
3 дақиқада ўқилади

ЕИ 2027 йилгача Россия газидан тўлиқ воз кечиш режасини келишиб олди

2025 йил 17 июнгача тузилган қисқа муддатли шартномалар учун Россиядан ЕИга газ импорт қилиш тақиқи 2026 йил апрелидан СТГ, 2026 йил июнидан эса қувур газига нисбатан кучга киради, деб хабар берилади ЕИ Кенгаши пресс-релизида.

Фото: Юрий Смитюк / ТАСС

Европа Иттифоқи Кенгаши ва Европа Парламенти 2027 йилгача Россия табиий гази импортидан босқичма-босқич воз кечиш тўғрисидаги регламент бўйича олдиндан келишувга эришди. Бу REPowerEU режаси доирасида амалга оширилмоқда. Бу ҳақдаги хабар чоршанба куни, 3 декабр куни ЕИ Кенгашининг расмий сайтида эълон қилинди.

«Бу биз учун ва бутун Европа учун катта ютуқ. Биз ЕИнинг Россия газига боғлиқлигини тугатишимиз керак, ва уни ЕИ ҳудудида доимий равишда тақиқлаш — тўғри йўналишдаги муҳим қадам», — деди Даниянинг иқлим, энергетика ва коммунал хизматлар вазири Ларс Огард, у шу билан бирга Европа Иттифоқи Кенгаши раиси бўлган мамлакат вазиридир.

Режага кўра, амалдаги шартномалар учун ўтиш даври сақланади. Жумладан, 2025 йил 17 июнгача тузилган қисқа муддатли шартномалар бўйича импортга қўйиладиган тақиқ суюлтирилган табиий газ (СТГ) учун 2026 йил 25 апрелидан, қувур гази учун эса 2026 йил 17 июнидан кучга киради.

Узоқ муддатли СТГ етказиб бериш шартномалари учун тақиқ 2027 йил 1 январдан амал қила бошлайди — ЕИнинг 19-пакет санкциялари доирасида. Қувур орқали газ етказиб бериш бўйича узоқ муддатли шартномалар эса 2027 йил 30 сентябрдан бошлаб, газ захиралари бўйича белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришилган тақдирда, босқичма-босқич тўхтатилади, лекин 2027 йил 1 ноябрга қадар тўлиқ бекор қилинади, дейилади пресс-релизда.

Тақиққа риоя этилишини таъминлаш учун ЕИ газ импорт қилиш бўйича олдиндан рухсат бериш тизимини жорий этади. Россия гази бўйича маълумотни етказиб беришдан камида бир ой олдин тақдим этиш талаб қилинади.

Олдиндан рухсат бериш тартиби 2024 йилда ЕИга 5 млрд куб метрдан ортиқ табиий газ экспорт қилган ишлаб чиқарувчи давлатлардан импортга, Россия газини импорт қилишни тақиқлаган ёки чеклаган давлатлардан импортга, шунингдек импорт инфратузилмасига эга бўлмаган мамлакатлардан газ олишга нисбатан қўлланмайди.

Россия Украинага кенг кўламли ҳужумни бошлаганидан кейин ЕИ давлатлари Россия гази импортидан қисқа муддатларда воз кечиш зарурлигига келишиб олган эди, аммо амалда буни тезда бажара олмади. 2025 йил октябр ойи ҳолатига кўра, Россия гaзи ЕИ умумий газ импортининг ҳали ҳам 12 фоизини ташкил этмоқда. 2022 йилда эса ЕИда Россия гази импорти улуши 45 фоизни ташкил этган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид