Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
НАТО давлатлари Киев учун 4 млрд долларлик қурол сотиб олади
НАТОга аъзо давлатларнинг учдан икки қисми АҚШ қуролларини Украина учун сотиб олиш мақсадида йил охирига қадар миллиардлаб доллар ажратишга ваъда берди. НАТО бош котиби Марк Рюттегa кўра, 2026 йилда бу мақсадлар учун ҳар ой камида 1 млрд доллар йўналтириб бориш лозим.
Россия-Украина уруши бўйича эҳтимолий тинчлик келишуви ҳақидаги узоққа чўзилган музокаралар фонида қатор НАТО давлатлари Киев учун қўшимча АҚШ қурол-яроғ пакетларини харид қилишини эълон қилди. НАТО бош котиби Марк Рютте чоршанба куни, 3 декабрда, Брюсселда ташқи ишлар вазирлари учрашувидан кейин айтишича, алянсга аъзо давлатларнинг учдан икки қисми бу мақсадда жами 4 млрд доллардан ортиқ маблағ йўналтиради.
Ушбу маблағлар 2025 йил ёзидан бери НАТО ва АҚШ президенти Доналд Трамп ўртасидаги келишув асосида амал қилаётган PURL дастури (Prioritised Ukraine Requirements List — «Украина учун устувор эҳтиёжлар рўйхати») доирасида ажратилади. Бу харидларда илк бор НАТО шерик-давлатлари — Австралия ва Янги Зеландия ҳам иштирок этади. Жумладан, тахминан 1 млрд доллар Украина ҳаво мудофаа тизимлари учун Patriot бошқарилувчи ракеталар ва бошқа қурол-яроғларни сотиб олишга йўналтирилиши кўзда тутилган.
Хусусан, Германия йил охиригача Украина учун АҚШ қуролларини харид қилишга қўшимча равишда 200 млн доллар (тахминан 172 млн евро) ажратади, деб маълум қилди ГФР ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул. Норвегия, Полша, Нидерландия ва Канада ҳам PURL доирасида миллионлаб доллар ажратишга ваъда берди.
PURL механизми ишга туширилгандан бери Германия октябр ойида 500 млн долларлик қурол-яроғ пакетини молиялаштирган эди. Янги 200 млн долларлик пакетдан ташқари, Германия НАТО жамғармасига яна 25 млн евро ўтказади, шунда «украин ҳарбийлари айнан ҳозир, фронтда муз ва қор шароитида, зарур қишки экипировка ва етарли тиббий ёрдамга эга бўлиши» таъминланади, деди Вадефул.
НАТО бош котиби Украинани ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича янги кафолатларни «жуда яхши янгилик» деб атади. У НАТОга аъзо шериклар жорий йил охирига қадар PURL механизми доирасида 5 млрд доллар ажрата олишига «эҳтиёткор оптимизм» билан умид билдирди. У 2026 йил учун эса тахминан 15 млрд доллар, «эҳтимол, бундан бироз кўпроқ» маблағ талаб этилиши мумкинлигини қайд этди.
Рюттенинг сўзларига кўра, келаси йил НАТО давлатлари ҳар ой Америка қурол-яроғи ва ўқ-дориларига камида 1 млрд доллар (тахминан 0,9 млрд евро) сарфлаши керак. Гап, жумладан, ҳаво мудофаа тизимлари учун тутиб олувчи ракеталар ва ҳужумкор тизимларни ўзига қамраб олган критик жиҳатдан муҳим ускуналар хариди ҳақида кетмоқда.
Шу билан бирга, НАТО бош котиби АҚШнинг Россия-Украина урушига чек қўйиш бўйича янги дипломатик уринишлари ҳозирча натижа бермаётганини эслатди. Унинг таъкидлашича, НАТО давлатлари томонидан кўрсатилаётган ёрдам Украинанинг Россия билан бўладиган эҳтимолий музокараларга ҳарбий жиҳатдан имкони борича кучли позициядан боришини таъминлашга қаратилган.
Украинага кўрсатилаётган кейинги ҳарбий ёрдамдан ташқари, НАТО мамлакатлари Брюсселдаги учрашувда АҚШнинг Украинадаги урушга чек қўйиш бўйича келишувга эришишга қаратилган саъй-ҳаракатларини ҳам муҳокама қилди.
3 декабр куни НАТОга аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари йиғилишида Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибиха ҳам иштирок этиши кутилганди.
Учрашувда АҚШ давлат котиби Марко Рубио қатнашмади — у аввалроқ аниқ сабабларни кўрсатмаган ҳолда ташрифини бекор қилган. АҚШ Давлат департаменти вакили фақат шундай изоҳ бердики, Рубионинг ҳар бир учрашувда шахсан ҳозир бўлишини кутиш «умуман реалистик эмас». Dpa агентлиги эса НАТО давлатлари ташқи ишлар вазирларининг бундай расмий учрашувида АҚШ ташқи сиёсат идораси раҳбарининг қатнашмаслигини ниҳоятда ғайриоддий ҳолат деб баҳолади.