Жамият | 14:15 / 04.12.2025
8212
2 дақиқада ўқилади

Президент Гулистондаги газ портлашида жабрланганлар ҳолидан хабар олди

Шавкат Мирзиёев 4 декабр куни Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида Гулистондаги кафеда газбаллони портлаши оқибатида жабрланганлар даволанаётган шифохонада бўлди. Шифокорларнинг сўзларига кўра, улардан беш нафарининг аҳволи оғир, бирининг аҳволи ўта оғир.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Президент Шавкат Мирзиёев Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Сирдарё вилоят филиалига борди.

Бу ерда икки кун олдин Гулистон шаҳридаги умумий овқатланиш шохобчаларидан бирида газбаллони портлаши оқибатида жароҳат олганлар даволанмоқда.

Марказ раҳбарияти ва шифокорлар президентга беморларнинг аҳволи ва даволаш жараёнларининг бориши ҳақида ахборот берди. Давлат раҳбари бахтсиз воқеада турли даражада тан жароҳати олган фуқаролар даволанаётган палаталарга кириб, улардан хабар олди, оила аъзолари билан суҳбатлашди.

Президент мутасаддиларга жабрланганларга зарур барча тиббий ёрдам кўрсатилишини қатъий назоратга олиш бўйича топшириқ берди. Бахтсиз ҳодиса оқибатида қурбон бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, уларга моддий ёрдам кўрсатиш зарурлигини қайд этди.

Масъуллар олдига содир бўлган воқеанинг сабабларини пухта ўрганиш, қонун устуворлигини таъминлаш, келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлиги устидан назорат ишларини кучайтириш вазифаси қўйилди.

2 декабр куни содир бўлган портлаш оқибатида 29 киши куйиш ва турли даражадаги тан жароҳатлари олганди, улардан уч нафари шифохонада вафот этди. Айни вақтда бир бемор ўта оғир аҳволда қолмоқда (у сунъий нафас олдириш аппаратига уланган), яна беш нафари жонлантириш бўлимига ётқизилган. Жароҳатланганлар орасида икки ҳомиладор аёл ҳам бор. Ҳолат юзасидан жиноий иш очилган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид