Спорт | 12:09 / 04.12.2025
6835
10 дақиқада ўқилади

«Реал» таъқибни давом эттирди, «Ливерпул» яна очко йўқотди. Кун ўйинлари

«Челси» аутсайдерга ютқазиб қўйди, «Арсенал»да ишончли ғалаба. Чоршанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: «Арсенал» пешқадамликда давом этмоқда

«Арсенал» – «Брентфорд» 2:0
Голлар:
Мерино, 11 (1:0). Сака, 90+1 (2:0)
«Арсенал»: Райя, Москера (Тимбер, 44), Инкапие, Калафиори, Уайт, Субименди, Райс (Йокереш, 83), Эдегор, Мартинелли (Эзе, 61), Мадуэке (Сака, 61), Мерино
«Брентфорд»: Келлеҳер, ван дер Берг, Пиннок (Коллинз, 74), Айер, Йенсен (Ҳендерсон, 61), Ярмолюк, Янелт (Дамсгор, 61), Ҳенри (Люис-Поттер, 74), Кайоде, Шаде (Тиаго, 60), Уаттара
Огоҳлантириш: Ярмолюк, 65

«Арсенал» кутилган ғалабага эришди, аммо яна бир марказий ҳимоячисидан айрилди. Биринчи бўлимни охиригача етказа олмаган Москера ҳам Габриэл Магалянс ва Салиба ортидан лазаретга йўл олди. Натижада Микел Артета марказда ҳам ўйнай олувчи қанот ҳимоячиси Тимберни унинг ўрнига туширишга мажбур бўлди – бу мавсумда ротациясиз ўйнаб келган нидерландиялик ҳимоячига шу куни дам берилганди, аммо у тўлиқ дам ололмади.

Ўйин тўлиқ мезбонлар устунлигида кечди ва шу куни Тимбер ўрнида илк дақиқалардан майдонда ҳаракатланган Уайт 11-дақиқада қанотдан дарвозабон ҳудудига узатма берди, Мерино эса барчадан илдамроқ ҳаракат қилиб ҳисобни очди. Таркибдаги жароҳатлар туфайли марказий ҳужумчи позициясида ўйнаётган испаниялик яримҳимоячи ишончни оқлашда давом этмоқда – у 2025 йил бошидан буён ҳисоблаганда «Арсенал»нинг энг кўп гол урган футболчиси бўлиб турибди (9). Ўтган мавсум бошидан ҳисобланганда, бу унинг бош билан урган саккизинчи голи бўлди ва бу борада унга тенг келадиган бошқа футболчи йўқ. Худди АПЛда «Арсенал»га тенг келадиган рақиб топилмаётгани каби. Мезбонлар ҳисобни очиб олганидан сўнг прагматик ўйин услубига ўтишди ва рақибга вазият яратишга ҳам имкон беришмади. Иккинчи бўлимда захирадан ўйинга қўшилган Сака эса ўйин охирида ҳисобдаги фарқни оширди. «Канонирлар» иккинчи ўриндаги «Сити» билан фарқни яна 5 очкога етказиб олди.

«Брайтон» – «Астон Вилла» 3:4
Голлар:
ван Ҳекке, 9 (1:0). Пау Торрес, 29 – автогол (2:0). Уоткинс, 37 (2:1). Уоткинс, 45+7 (2:2). Онана, 60 (2:3). Мален, 78 (2:4). ван Ҳекке, 83 (3:4)
«Брайтон»: Вербрюгген, Данк, ван Ҳекке, Ферди Кадиўғли (Уэлбек, 67), Виффер, Балеба (Велтман, 78), Гомес, Груда (Костулас, 77), Де Кейпер, Минте, Цимас (Ҳиншелвуд, 24)
«Астон Вилла»: Бизот, Конса, Пау Торрес, Матсен (Дин, 70), Кэш, Онана, Камара (Тилеманс, 70), Макгинн (Мален, 77), Роджерс, Гессан (Богард, 86), Уоткинс (Буэндия, 86)
Огоҳлантиришлар: Вербрюгген, 45. Гомес, 85 – Макгинн, 75. Бизот, 90

Кейинги турда ўз уйида «Арсенал»ни қабул қиладиган «Астон Вилла» эса бу оқшом қийин сафар ўйинини ўтказди. «Брайтон» биринчи бўлим ўрталаридан ўтганда икки тўп фарқи билан олдинга чиқиб олганди, аммо шу куни Олли Уоткинс ўтган мавсумдаги ўйинларини эслаб қолди ва бўлим охиригача иккита гол уриб мувозанатни тиклади. Ҳолбуки ўтган мавсумда 21 та гол урган ҳужумчининг ўйинида пасайиш юз бериб, АПЛнинг жорий мавсумида 13 турда атиги битта гол урганди.

Иккинчи бўлимда жамоалар яна учта гол уришди, шундан иккитаси Унаи Эмери шогирдлари ҳисобига ёзилди. Ўйин охирида Уэлбек мезбонларни мағлубиятдан қутқариб қолиши мумкин эди, аммо унинг зарбасидан кейин дарвозабон Бизот қутқарди. Эмилиано Мартинес чигалёзди машғулотлари вақтида жароҳат олгани туфайли ўйинга тушган захира дарвозабон Унаи Эмерига «Вилла» бош мураббийи сифатида қўлга киритилган ғалабалар бўйича рекорд ўрнатишга (62), жамоага эса кучли тўртликдаги ўрнини сақлаб қолишга ёрдам берди.

«Ливерпул» – «Сандерленд» 1:1
Голлар:
Талби, 67 (0:1). Мукиеле, 81 – автогол (1:1)
«Ливерпул»: Алиссон, ван Дейк, Конате, Робертсон (Керкез, 86), Гомес (Жонс, 65), Макаллистер (Экитике, 74), Гравенберҳ, Вирц, Гакпо (Салоҳ, 46), Собослаи, Исак (Киеза, 86)
«Сандерленд»: Руфс, Баллард, Алдерете, Мукиеле, Мандава, Ҳюм, Содиқий, Жака, Ле Фе (Гертрейда, 79), Талби (О`Найен, 90+1), Бробби (Изидор, 62)
Огоҳлантиришлар: Гомес, 55 – Ле Фе, 54

Салоҳ қаторасига иккинчи турда захира ўриндиғида қолдирилди. Аммо шанба куни «Вест Ҳэм» майдонида кечган ўйинда у барибир майдонга тушмаган бўлса, «Энфилд»да Арне Слот мисрлик ҳужумчини танаффусдан кейин жангга ташлашига тўғри келди – мерсисайдликлар қаторасига тўртинчи ўйинда дастлабки 45 дақиқада гол уролмаганидан кейин. Ўйиннинг иккинчи бўлимида мезбонлар мудофаасида парокандалик юзага келди ва 67-дақиқада ван Дейкнинг хатосидан фойдаланган Талби олис бурчакни аниқ нишонга олди.

Фақат ўйин охирларида Вирцнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳисоб тенглаштирилди. Жамоанинг ёздаги энг қимматбаҳо трансферларидан бўлган германиялик футболчи рақиб жарима майдонида икки ҳимоячидан ўтди, унинг зарбаси кутилганидек чиқмади, аммо тўп меҳмонлар ҳимоячиси Мукиеле орқали дарвоза тўрига бориб тушди. Қўшимча дақиқаларда эса мерсисайдликлар дурангдан ҳам қуруқ қолиши мумкин эди. Бу вақтда жамоа тўлиқ куч билан ҳужумга ўтганди ва меҳмонларнинг хавфли қарши ҳужуми ўтказиб юборилди, аммо «Сандерленд» ҳужумчиси Изидорнинг дарвозабондан ўтган зарбасини ҳимояга ёрдамга етиб келган Киеза дарвоза чизиғи устида тўхтатиб қолди. Шу билан бирга, «Ливерпул» 2004 йилдан буён илк бор қаторасига уч уй ўйинида ғалаба қозона олмади ва турнир жадвалида ҳозирча саккизинчи ўринда қолди.

«Лидс» – «Челси» 3:1
Голлар:
Бийол, 6 (1:0). Танака, 43 (2:0). Педру Нету, 50 (2:1). Калверт-Люин, 72 (3:1)
«Лидс»: Перри, Бийол, Стрейк, Родон, Ампаду, Штаҳ, Танака (Груев, 67), Гудмундссон (Борнау, 90+4), Богл (Жастин, 87), Калверт-Люин (Пиру, 86), Нмеча (Окафор, 67)
«Челси»: Санчес, Адарабиойо, Бадиашиле (Гюсто, 46), Кукуреля, Чалоба, Фернандес, Сантос (Гиу, 77), Жоао Педро, Гиттенс (Палмер, 61), Эстеван (Педру Нету, 46), Делап (Гарначо, 61)
Огоҳлантиришлар: Штаҳ, 35 – Эстевао, 39

Ўтган ҳафтада ЕЧЛда «Барса»ни йирик ҳисобда мағлуб этган, АПЛда «Арсенал»га қарши бир киши кам бўлиб ўйнаб, дурангга эришган «Челси» бор куч ва ҳиссиётларини шу ўйинларга сарфлаб юборгани маълум бўлди. Лидсдаги ўйин меҳмонлар учун тезкор гол ўтказиш билан бошланди, бурчак зарбасидан кейин Бийол ҳисобни очди. Бўлим охирида эса Маресканинг ротацияси панд берди ва ҳимоячиларнинг хатоси туфайли иккинчи гол ўтказилди. Иккинчи бўлим бошида Нету ҳисобни қисқартиришга эришди, аммо мезбонлар яна бир бор меҳмонлар ҳимоясидаги хатодан фойдаланиб, ўйин тақдирини ҳал қилишди: 72-дақиқада Тосин Адарабиойо Окафорнинг босими остида тўп йўқотди ва Калверт-Люин бўш дарвозани ишғол этиш имкониятига эга бўлди. Мағлубият туфайли лондонликлар иккинчи ўринга қайтиш имкониятидан маҳрум бўлишди ва энди тўртинчи ўринга тушган жамоа пешқадам «Арсенал»дан 9 очкога ортда қолмоқда.

Испания: «Барселона» билан пойга 

«Атлетик» – «Реал» 0:3
Голлар:
Мбаппе, 7 (0:1). Камавинга, 42 (0:2). Мбаппе, 59 (0:3)
«Атлетик»: Симон, Вивиан, Ляпорт, Бойро, Лекуэ (Аресо, 46), Руис де Галаррета (Гомес, 46), Рего, Хаурегисар (Весга, 69), Уилямс (Санчес, 78), Беренгер (Серрано, 69), Гурусета
«Реал»: Куртуа, Эдер Милитау (Диас, 78), Рюдигер, Каррерас, Александр-Арнолд (Раул Асенсио, 55), Тшуамени, Беллингҳэм, Камавинга (Арда Гулер, 69), Винисиус Жуниор (Родригу, 78), Валверде, Мбаппе (Гарсия, 78)
Огоҳлантиришлар: Беренгер, 66. Рего, 76

Испания Суперкубоги ўйинлари иштирокчиларининг Ла Лиганинг 19-тури доирасидаги ўйинлари декабрга кўчирилганди. Бир кун олдин «Барселона» «Атлетико»ни мағлуб этди (3:1), энди эса «Реал» қаторасига уч дурангдан кейин ўз майдонида ҳар қандай рақибга муаммо туғдирадиган «Атлетик» қаршилигини енгиши талаб этилди.

Лекин бу ўйин Мбаппе омили туфайли меҳмонлар учун анча осон кечди. Француз ҳужумчиси ўйин стартидаёқ ҳимоячидан енгил ҳаракат билан ўтиб кетди ва тўпни олис бурчакка аниқ йўллади. Биринчи бўлим охирида эса узоқ чўзилган комбинация Александер-Арнолднинг олис устун томон узатмаси ва у ерда ёлғиз турган Камавинга дарвозани ишғол этиши билан якунланди. «Атлетик» эса ўз имкониятларидан фойдалана олмади, шу билан бирга, Унаи Симон Винисиус Жуниорга ҳисобни йириклаштиришга йўл қўймади.

Лекин иккинчи бўлимда барибир ҳисоб йириклашди, Мбаппе жарима майдони ташқарисидан қайтариб бўлмас зарба йўллади. Бу унинг жорий йил бошидан буён урган 62-голига айланди. Бу эса XXI асрдаги энг яхши бешинчи кўрсаткич. Унда Мессидан кейинги иккинчи ўринга чиқиб олиш учун имконият бор (2012 йилда 91 гол урган). Бунинг учун декабр охиригача қолган ўйинларда яна етти гол уриш керак бўлади: шунда у Криштиану (2013) ва Левандовски (2021) билан тенглашиб олиши мумкин.

Бундан ташқари, Килиан бу мавсумда барча турнирлар доирасида 25 гол ва тўрт голли узатма билан энг сермаҳсул футболчи бўлиб турибди. Аммо асосийси – дуранглар сериясидан кейин ғалабага эришилди ва «Барселона» олдинга чиқиб кетишига йўл қўйилмади.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид