Жамият | 09:34 / 04.12.2025
1754
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда йўлларни ифлослаган юк машиналари бўйича рейдлар кучайтирилди

Юк ташиш қоидалари бўйича олиб борилаётган тарғибот ишларига қарамасдан, ортилган юкни тўғри ёпмасдан ҳаракатланиб йўл қопламасини ифлослаётган ҳайдовчиларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари асосида жарималар қўлланилмоқда.

Фото: ИИББ ЙҲХБ

Маълум қилинишича, юк ташиш фаолияти билан шуғулланувчи ҳайдовчилар билан юк ташиш қоидалари, ортилган юкнинг устки қисми қай тарзда ёпилиши шартлари юзасидан тарғибот ва ташвиқот ишлари мунтазам равишда олиб борилмоқда.

Шунга қарамай, айрим юк ташиш транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан белгиланган талабларга риоя этилмаслиги натижасида пойтахт кўчаларининг ифлосланиши, йўл қопламасининг лой ва чиқиндилар билан қопланиши ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборотига кўра, юк ташиш қоидаларини бузган, ортилган юк устини тўғри ёпмасдан ҳаракатланган ҳайдовчиларга нисбатан МЖтКнинг 125¹-моддаси ва 147-моддаларига мувофиқ маъмурий баённомалар расмийлаштирилмоқда.

Қонунчиликка кўра, МЖтКнинг 147-моддасида йўл қопламасини ифлослантириш, шунингдек йўлларни сақлаш қоидаларини бузиш фуқароларга – базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари, мансабдор шахсларга – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати юк ташувчилардан белгиланган меъёр ва қоидаларга қатъий риоя қилишни, юкни тўғри мустаҳкамлаш ва устини ёпиш орқали йўллар ҳамда шаҳар муҳитига зарар етказмасликни сўрамоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид