Жамият | 09:50
6581
2 дақиқада ўқилади

Гулистондаги портлашдан сўнг 3 киши қамоққа олинди

Жорий йил 2 декабр куни соат 10:50 ларда Гулистон шаҳри Тараққиёт маҳалласидан жой олган Bek Family Cafe МЧЖга қарашли умумий овқатланиш шохобчаси ошхонасида суюлтирилган газбаллони портлаши оқибатида юз берган фожиадан сўнг корхона масъул шахсларига нисбатан жиноий иш қўзғатилди ва улар қамоққа олинди.

Терговга қадар тўпланган маълумотларга кўра, ошхонада мавжуд бўлган ўчоққа ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда уланган 50 литр ҳажмдаги суюлтирилган пропан газбаллонидан углеводород газининг сизиб чиқиши натижасида ҳаво билан аралашма ҳосил бўлган. Ушбу аралашманинг чақнаши оқибатида кучли портлаш содир бўлган.

Оқибатда, жами 29 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалига етказилган. Олинган тан жароҳатлари туфайли 3 нафар фуқаро вафот этган.

Жабрланувчилардан 5 нафарига зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, аҳволи қониқарли деб баҳолангандан сўнг уйига жавоб берилган. Қолган беморларга стационар шароитида малакали тиббий хизмат кўрсатиш давом эттирилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 192¹¹-моддаси 1-қисми, 257-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари ва 259-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Bek Family Cafe МЧЖнинг 3 нафар мансабдор шахси процессуал тартибда қамоққа олинган.

Ҳозирда Ички ишлар вазирининг ўринбосари – ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашропов бошчилигида ҳамкор идоралар мутахассисларидан иборат тергов гуруҳи томонидан барча зарур тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.

Тергов жараёни назоратга олинган бўлиб, унинг якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши ва жамоатчиликка қўшимча ахборот берилиши маълум қилинган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид