Ўзбекистон | 09:36 / 05.12.2025
2009
2 дақиқада ўқилади

Венгриянинг “смарт қишлоқ” тажрибаси Сирдарёда синаб кўрилади

Венгрия давлат бошқаруви ва ҳудудий ривожланиш вазири Тибор Наврачич иштирокидаги учрашувда Венгриянинг “Смарт қишлоқлар” моделини Сирдарё вилояти Ховос туманида пилот лойиҳа сифатида жорий этиш, шунингдек давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.

Учрашувда Тибор Наврачич, Сирдарё вилояти ҳокими Эркин Турдимов ҳамда президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги директори вазифасини бажарувчи Улуғбек Ҳусаинов иштирок этди. Мулоқотда икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ва дўстона муносабатлар изчил ривожланиб, янги босқичга кўтарилаётгани таъкидланди. Бу воқелик мамлакатлар етакчиларининг ўзаро ишончга асосланган сиёсати ва изчил дипломатик саъй-ҳаракатлари самараси экани қайд этилди.

Суҳбат чоғида Венгриянинг “Смарт қишлоқлар” моделини Сирдарё вилояти Ховос туманида пилот тарзда амалга ошириш, давлат бошқарувини модернизация қилиш, рақамлаштириш ва бошқарув самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар Ховос туманида 50 гектар ер майдонида Ўзбекистон–Венгрия технопаркини ташкил этиш, Венгриянинг Будапешт шаҳрида тадбиркорлар иштирокида бизнес-форум ўтказиш, Гулистон давлат университетида Венгриянинг МАТE университети балиқчилик факултети фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда бир қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришди.

Учрашув давомида Бошқарув самарадорлиги агентлиги ва Венгрия Давлат бошқаруви ва ҳудудий ривожлантириш вазирлиги ўртасида давлат бошқаруви ва давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Меморандум доирасида давлат хизмати, инсон ресурсларини бошқариш ва давлат бошқаруви соҳаларида қўшма тадбирлар, лойиҳалар ва ўқув дастурларини амалга ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, инновацион бошқарув усулларини жорий этиш, инсон капитали самарадорлигини ошириш ҳамда ҳудудларни барқарор ривожлантириш йўналишларида ҳамкорликни янада кенгайтириш режалаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид