Жаҳон | 11:08 / 06.12.2025
1567
3 дақиқада ўқилади

Литва Беларусдан келаётган метеозондлар туфайли фавқулодда ҳолат жорий қилади

Литвада фавқулодда ҳолат келаси ҳафта жорий этилади, деб маълум қилди ҳокимият вакиллари. Бу қарор Беларус тарафидан келаётган, контрабанда юклаш учун ишлатиладиган метеозондлар оқими ва уларнинг Вилнюс аэропорти ишига халал бериши муносабати билан қабул қилинган.

Фото: Uncredited/AP Photo/picture alliance

Литва ҳукумати келаси ҳафта Беларусдан контрабанда юклари билан учирилаётган шарлар мамлакат фуқаролик хавфсизлиги учун туғдираётган хавф сабаб фавқулодда ҳолат эълон қилади. Бу ҳақда 5 декабр, жума куни, журналистларга Литва бош вазири Инга Ругинене метеозондлар туфайли фуқаролик авиацияси ишининг издан чиқишининг олдини олиш чоралари юзасидан Сейм фракциялари раҳбарлари билан ўтказилган учрашувдан сўнг маълум қилди.

“Мутахассислар шу хулосага келдики, айнан фавқулодда ҳолат шакли ҳозирги кунда энг мақбул ечим ҳисобланади. Мен уларнинг фикрига қулоқ тутаман, шунинг учун келаси ҳафта фавқулодда ҳолатни эълон қиламиз”, — дея Ругинененинг сўзларини келтиради Delfi Литва янгиликлар портали. Бош вазирнинг айтишича, ҳозирда бу режимни жорий этиш учун “ҳуқуқий база ва ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда”. Агар вазият ўзгармаса, ҳукумат “келгусида яна қўшимча чоралар кўришни ҳам истисно этмаяпти”.

Бундан олдин, Вилнюс аэропорти ишига халал бераётган метеозондлар оқими тўхтамагани боис, Литва ҳукумати фавқулодда ҳолат эълон қилиш ниятида экани ҳақида бош вазир маслаҳатчиси Игнас Доброволскас ва ташқи ишлар вазири Владислав Кондратович маълум қилгани тўғрисида LRT портали хабар берган эди. Шунингдек, Литвада фавқулодда ҳолат режимига хос бўлган айрим чора-тадбирлар аллақачон амалга оширилаётгани қайд этилган.

Литва Давлат чегарасини қўриқлаш хизмати маълумотларига кўра, 2025 йил бошидан бери Беларус ҳудудидан Литва ҳаво ҳудудига “метеозондлар” деб аталувчи шарлар кириб келишига оид юзлаб ҳолатлар қайд этилган. Контрабандачилар сигареталарни чегарадан яширинча ўтказиш учун айнан шу усулдан фойдаланмоқда. Куз фаслидан бошлаб метеозондлар Вилнюс ва Каунас халқаро аэропортларига бевосита яқинлашишни бошлаган, шу сабаб улар бир неча бор парвозларга чекловлар жорий этишга мажбур бўлган.

Ушбу ҳолатлар ортидан Литва ҳокимияти октябр ойи охирида Беларус билан чегарани вақтинча ёпиб қўйди. Шундан сўнг Беларус Европа иттифоқи ҳудудига йўналган, Литва рақамларига эга юк машиналарининг чиқиб кетишини ёпиб қўйди. Ноябр ойида чегара яна очилди.

Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен декабр бошида Литвага нисбатан амалга оширилаётган гибрид ҳужумларга жавобан Беларусга қарши янги санкциялар тайёрланаётганини маълум қилди. У Беларусдан келаётган ҳаво шарларининг Литва ҳудудига киришини “бутунлай қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат” деб атади ва Литва билан “бирдамлик”ни изҳор этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид