Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда саноат фаолиятини тартибга солувчи янги қонун қабул қилинади
Ўзбекистонда саноат фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, саноат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш, саноат субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаш ҳамда саноатни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини шакллантиришга қаратилган янги «Саноат тўғрисида»ги қонун қабул қилинади. Ҳужжатда саноатни рақамлаштириш, «яшил» технологияларни жорий этиш ва экспортбоп саноатни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Қонунда саноат фаолиятининг мақсади ва амал қилиш соҳаси белгилаб берилиб, у Ўзбекистон ҳудудида саноат фаолиятини амалга ошираётган барча субъектларга — корхоналар, юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар, шу жумладан хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарга татбиқ этилиши кўзда тутилган. Саноат, саноат инфратузилмаси, саноат кластери, «яшил» саноат, рақамли трансформация, экспортга йўналтирилганлик каби асосий тушунчаларга ҳуқуқий таъриф берилади.
Ҳужжатга кўра, саноат фаолияти тадбиркорлик ва инновацион фаолият сифатида иқтисодиёт тармоқлари учун хомашё, бутловчи қисмлар, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган фаолият деб эътироф этилади. Шу билан бирга, қонун санитария, экологик, саноат хавфсизлиги, миллий хавфсизлик ва халқаро мажбуриятларга зид бўлган қатор фаолият турларини — оммавий қирғин қуроллари ишлаб чиқариш, контрабанда ва контрафакт маҳсулотлар, ноқонуний қазиб олинган ресурслардан фойдаланиш каби йўналишларни қатъий тақиқлайди.
Саноат субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари алоҳида моддаларда белгилаб қўйилган. Жумладан, улар саноат фаолияти турини эркин танлаш, шартномалар тузиш, миллий ва хорижий валютада олинган даромаддан солиқлар тўланганидан сўнг эркин фойдаланиш, давлат инфратузилмасидан белгиланган тартибда фойдаланиш, қонунга хилоф қарорлар натижасида етказилган зарар учун товон олиш ҳуқуқига эга. Шу билан бирга, солиқ ва мажбурий тўловларни тўлаш, меҳнат ва техника хавфсизлиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, коррупцияга қарши курашиш ва рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиш вазифалари юкланади.
Қонун саноат сиёсатининг асосий йўналишларини ҳам белгилайди: экспортга йўналтирилган саноатни ривожлантириш, саноат инфратузилмасини яхшилаш, кадрлар салоҳиятини ошириш, инновация ва илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш, «яшил» саноат ва барқарор ривожланиш тамойилларини жорий этиш, ҳудудий саноатни ривожлантириш ва саноатда рақамли трансформацияни рағбатлантириш шулар жумласидан.
Саноат субъектларини рағбатлантириш доирасида молиявий қўллаб-қувватлаш, субсидиялар, солиқ ва божхона имтиёзлари, саноатни ривожлантириш давлат ва нодавлат жамғармалари орқали кредит ва грантлар ажратиш, саноат ҳудудларини муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш каби механизмлар назарда тутилган. Шунингдек, ички бозорда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва ташқи бозорларга чиқишда экспорт фаолиятини рағбатлантириш чоралари ҳам белгиланади.
Қонунда саноат фаолиятида рақамли технологиялар — Саноат 4.0 элементлари, «ақлли фабрикалар», интернет-буюмлар, сенсорли мониторинг ва сунъий интеллектдан фойдаланишни рағбатлантириш, «яшил» технологиялар ва ESG (экологик, ижтимоий, бошқарув) кўрсаткичлари бўйича ҳисобот юритиш тартибини жорий этиш ҳам назарда тутилган.
Янги «Саноат тўғрисида»ги қонун расмий эълон қилинганидан сўнг уч ой ўтгач кучга киради ва унга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда давлат органлари ўз меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини янги қонун талабларига мослаштириши лозим бўлади.
Мавзуга оид
13:52 / 02.06.2026
«Навоийазот» ҳузурида 1 млрд долларлик янги кимё лойиҳалари амалга оширилади
19:05 / 26.04.2026
Солиқ ва тадбиркорлик соҳасидаги қонунбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилди
08:53 / 22.04.2026
МЧЖ фаолиятига оид янги таҳрирдаги қонун кучга киради
09:19 / 08.04.2026